Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2021 йил 17 декабрь куни Сеул шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши жавоб чораларини кўришда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Корея томонига тегишли билдиришномани юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 октябрь,
ПҚ-406-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2022 й., 07/22/406/0948-сон)