ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ИҚТИСОДИЙ НОЧОР КОРХОНАЛАР ИШЛАРИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ИҚТИСОДИЙ НОЧОР КОРХОНАЛАР ИШЛАРИ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
ТУГАТИЛАЁТГАН ИҚТИСОДИЙ НОЧОР ҚУРИЛИШ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ҚУРИЛИШ ТЕХНИКАСИ, ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ВА КИЧИК МЕХАНИЗАЦИЯ ВОСИТАЛАРИ, ШУНИНГДЕК МОЛ-МУЛКИНИ РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ НАТИЖАСИДА КЕЛИБ ТУШГАН МАБЛАҒЛАРНИ УЛАРНИНГ БЮДЖЕТГА СОЛИҚ ТЎЛОВЛАРИ БЎЙИЧА ҚАРЗЛАРИНИ ҚОПЛАШ ҲИСОБИГА «ҚУРИЛИШ-ЛИЗИНГ» ЛИЗИНГ КОМПАНИЯСИГА БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 28 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1476]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 23 августдаги 360-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1476-1, 23.08.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 23 октябрдаги «Капитал қурилишда ижара ва лизинг хизматлари тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 462-сонли қарорининг 4 ва 5-бандлари ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламиз:
1. Тугатилаётган иқтисодий ночор қурилиш ташкилотларининг қурилиш техникаси, транспорт воситалари ва кичик механизация воситалари, шунингдек мол-мулкини реализация қилиш натижасида келиб тушган маблағларни уларнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзларини қоплаш ҳисобига «Қурилиш-лизинг» лизинг компаниясига бериш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин;
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан ўн кундан сўнг кучга киради.
Молия вазири С. РАҲИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 12 апрель,
39-сон
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 12 апрель,
2005-34-сон
Давлат мулки қўмитаси раиси М. АСҚАРОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 12 апрель,
01/06-15/01-сон
Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси раиси Г. САИДОВА
Тошкент ш.,
2005 йил 12 апрель,
ГС 05/02-84-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг 2005 йил 12 апрелдаги 39, 2005-34, 01/06-15/01 ва ГС-05/02-84-сон қарори билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Тугатилаётган иқтисодий ночор қурилиш ташкилотларининг қурилиш техникаси, транспорт воситалари ва кичик механизация воситалари, шунингдек мол-мулкини реализация қилиш натижасида келиб тушган маблағларни уларнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзларини қоплаш ҳисобига «Қурилиш-лизинг» лизинг компаниясига бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 23 октябрдаги «Капитал қурилишда ижара ва лизинг хизматлари тизимини жорий этиш тўғрисида» 462-сон қарорининг 4 ва 5-бандлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва тугатилаётган иқтисодий ночор пудрат қурилиш ташкилотларининг қурилиш техникаси, транспорт воситалари ва кичик механизация воситалари (бундан кейин — қурилиш техникаси), шунингдек мол-мулкини реализация қилиш натижасида келиб тушган маблағларни уларнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзларини қоплаш ҳисобига «Қурилиш-лизинг» компаниясига (бундан кейин — Компания) бериш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низом мулкчилик шаклидан қатъи назар, бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи бўлган барча тугатилаётган иқтисодий ночор пудрат қурилиш ташкилотларига, шу жумладан банкрот корхоналарга (бундан кейин — тугатилаётган корхоналар) татбиқ этилади.
2. Тугатиш ишини юритишни бошлаш билан банкрот деб эълон қилиш ва ташкилотни тугатиш чоғида тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулкини инвентаризация қилади ва баҳолайди. Унда бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарз, шунингдек навбатдан ташқари харажатларни ва биринчи навбатнинг барча талаблари бўйича кредиторлик қарзини сўндириш учун мол-мулк мавжуд бўлган тақдирда тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) кредиторлар йиғилишининг розилиги билан тугатилаётган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзини сўндириш ҳисобига Компанияга бериладиган қурилиш техникасининг рўйхати ва мол-мулкни реализация қилишдан олинган маблағлар суммасини белгилайди.
3. Қурилиш техникасини ва тугатилаётган ташкилот мол-мулкини реализация қилишдан олинган маблағларнинг берилишини ташкил этиш учун тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) Компанияга унга қурилиш техникасини бериш мумкинлиги тўғрисида таклиф юбориб, унинг батафсил рўйхати, техник ҳолати ва қийматини, шунингдек тугатилаётган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи доирасида мол-мулкни реализация қилишдан олган маблағлари суммасини кўрсатади.
4. Компания 5 кун мобайнида тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) таклиф этган қурилиш техникаси рўйхатини кўриб чиқади ва, лизинг ва ижарада талабгирлиги, шунингдек унинг фойдаланиш имкониятини ҳисобга олиб, тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи)га компанияга бериладиган қурилиш техникаси рўйхатини юборади.
Агар Компания балансига бериладиган қурилиш техникаси қийматининг суммаси тугатилаётган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи суммасидан юқори бўлса, тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) Компания билан биргаликда унга доир қарз доирасида бериладиган қурилиш техникаси рўйхатини белгилайди.
5. Компания жавоби олинганидан кейин тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи):
бир ҳафта ичида тугатувчи бошқарувчи ва Компания вакилларидан қабул қилиш-топшириш комиссиясини тузади ҳамда Компанияга топшириладиган қурилиш техникасининг қийматини тугатилаётган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи суммаси билан солиштиради, унинг белгиланган тартибда аниқланган баҳолаш қийматини кўрсатган ҳолда қурилиш техникаси рўйхати илова қилинган қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузади ва уни Компанияга топширишни ташкил қилади. Қурилиш техникасини қабул қилиш-топшириш далолатномасига юқорида кўрсатилган органларнинг вакиллари имзо чекади ва уларнинг муҳри билан тасдиқланади;
далолатнома имзоланиб, қурилиш техникаси топширилганидан кейин икки кун ичида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармасига (манзили: Тошкент шаҳри, ГСП 700000, Мовароуннаҳр кўчаси, 3-уй) илова қилинган хат билан бирга қурилиш техникасини қабул қилиш-топшириш далолатномасининг бир нусхасини юборади.
6. Компания қурилиш техникаси олингач бир ҳафта ичида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси билан шартнома тузиб, унда муддатларни ва қурилиш техникаси қайтарилаётган қийматининг суммасини кўрсатади.
7. Қолган қурилиш техникаси ва бошқа мол-мулкни тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилади.
8. Агар Компанияга берилган қурилиш техникаси қийматининг суммаси тугатилаётган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи суммасидан кам бўлса, қолган қурилиш техникаси ва бошқа мол-мулкни реализация қилишдан олинган маблағлар қолган қарз доирасида Компанияга Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси очадиган махсус мақсадли ҳисобрақамидан берилади.
9. Тугатувчи бошқарувчи мол-мулк, шу жумладан тугатилаётган ташкилотнинг Компания талаб қилмаган қурилиш техникаси реализация қилинганидан кейин икки кун ичида бюджетга солиқ тўловлари бўйича қолган қарз доирасидаги маблағларни Тошкент шаҳри ҳокимлиги Молия бош бошқармасининг махсус мақсадли ҳисобрақамига ўтказиб, айни вақтда Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси ва Компанияни бундан хабардор қилади.
10. Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси ва Компания тугатувчи бошқарувчининг Молия бош бошқармаси махсус мақсадли ҳисобрақамига тугатилган ташкилотнинг сотилган мол-мулкидан олинган маблағларни унинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзини сўндириш ҳисобига ўтказилгани тўғрисида билдирувномасини олгандан кейин бир ҳафта ичида узил-кесил шартнома тузиб, унда муддатлар ва қурилиш техникаси қайтарилаётган қийматининг суммалари ва тугатилаётган ташкилотлар мол-мулкини реализация қилишдан олинган маблағларни кўрсатади.
Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси юқорида кўрсатилган шартнома имзоланганидан кейин икки кун ичида Компанияга тугатилаётган ташкилот мол-мулкини реализация қилишдан махсус мақсадли ҳисобрақамга келиб тушган маблағларни ўтказади.
11. Тугатилаётган ташкилотларнинг Компанияга уларнинг бюджет олдидаги қарзини сўндириш ҳисобига берилаётган асосий воситалари қиймати даромад ва мол-мулк солиқлари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
12. Олинган маблағлар Компания томонидан фақат кейинчалик уни пудрат қурилиш ташкилотларига лизинг ва ижарага бериш учунгина қурилиш техникасини сотиб олишга сарфланиши мумкин. Маблағлардан мақсадли фойдаланилмаган ёки улар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси ушбу маблағларни белгиланган тартибда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг даромадига олиб қўяди.
13. Тугатувчи бошқарувчи (тугатувчи) тугатиш ишини юритиш якунланганидан сўнг икки кун ичида:
тугатилаётган ташкилот рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига тугатиш балансини, Компанияга қурилиш техникаси ва тугатилаётган ташкилот мол-мулкини реализация қилишдан тушган маблағлар унинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи доирасида берилганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг бутун пакетини тақдим этади;
солиқ органи билан тугатилган ташкилотнинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзи сўндирилганини тасдиқлайдиган солиштириш далолатномасини тузиб, унинг нусхасини икки кун ичида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармасига юборади.
14. Компания томонидан қурилиш техникаси қиймати ва ҳар бир тугатилган ташкилот мол-мулкини сотишдан олинган маблағлар қайтарилиши Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетига мазкур тугатилган ташкилот бўйича тузилган шартномага мувофиқ белгиланган муддатлар ва суммаларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилади.
Юқорида кўрсатилган маблағларни ўз вақтида ўтказмаганлик учун Компания ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,07 фоизи миқдорида пеня тўлайди.
15. Компанияга қурилиш техникасининг берилиши ва тугатувчи бошқарувчи томонидан мол-мулк реализациясидан олинган маблағларни бюджетга тўловлар бўйича тегишли қарз доирасида ўтказилиши, шунингдек Компания томонидан қурилиш техникаси қиймати ҳамда тугатилаётган ташкилот мол-мулкини реализация қилишдан олинган маблағларни унинг бюджетга солиқ тўловлари бўйича қарзини сўндириш ҳисобига тўлиқ ва ўз вақтида қайтарилиши устидан назоратни Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси ва тегишли солиқ органлари амалга оширади.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 22-сон, 161-модда)