Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 13 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3375]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги ПҚ-90-сон «Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонлар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
3. Мазкур буйруқ 2023 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.
Вазир Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 4 июнь,
13-сон
Келишилди:
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2022 йил 6 май
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
2022 йил 23 май
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2022 йил 4 июндаги 13-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф
МЕЗОНЛАР
Мазкур Мезонлар Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф талабларни белгилайди.
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонлар ҳисобланади:
имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни амалга ошириш чоғида ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ёки ҳудудда (оффшор ҳудудда) рўйхатдан ўтмаган бўлиши;
Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотига (IOSCO) аъзо бўлган ҳамда андеррайтерлик фаолиятини амалга ошириш учун Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотининг (IOSCO) маслаҳатлашув, ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича кўп томонлама Англашув меморандумини тўлиқ имзолаган давлатнинг капитал бозорини тартибга солувчи ваколатли органи томонидан лицензияланган бўлиши;
Ўзбекистон Республикасида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш истагини билдирган ўз мижозларини «Ўз мижозингни бил» (KYC) ва «Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш» (AML) тизимларига мувофиқ тўлиқ текшириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;
«Euroclear» ва «Clearstream» халқаро қимматли қоғозлар депозитарийларига интеграция қилинган бўлиши;
ўз маблағларининг минимал миқдори чет эл банки учун 100 000 000 АҚШ доллари ва инвестиция воситачилари учун 1 000 000 АҚШ долларини ташкил этиши;
охирги уч йилда амалга оширилган акцияларни бирламчи оммавий таклиф (IPO) ёки бошқа усуллар орқали жойлаштиришга оид битимларининг умумий ҳажми 100 000 000 АҚШ долларидан кам бўлмаслиги;
чет эл банки ва инвестиция воситачилари энг камида «S&P Global Ratings» ёки «Fitch Ratings» рейтинг агентликлари томонидан мос равишда «BBB-» ва «BB-» ёки «Moody`s» рейтинг агентлиги томонидан мос равишда «Baa3» ва «Ba3» даражасидаги кредит рейтинги билан баҳоланган бўлиши.
2. Мазкур Мезонлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2022 й., 10/22/3375/0636-сон)