Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма Қарори
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифларни олиш, умумлаштириш ҳамда уларга жавоб қайтариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифларни олиш, умумлаштириш ҳамда уларга жавоб қайтариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу Қўшма қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия раиси А. Саидов зиммасига юклатилсин.
3. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 23 май,
2128-IV-сон;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 23 май,
КҚ-352-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 23 майдаги 2128-IV/КҚ-352-IV-сонли Қўшма қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифларни олиш, умумлаштириш ҳамда уларга жавоб қайтариш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия (бундан буён матнда Конституциявий комиссия деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш, умумлаштириш ҳамда уларга жавоб қайтариш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши:
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ташкил этишга;
жисмоний ва юридик шахсларнинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда берилган мурожаатларини кўриб чиқишга нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифларни (бундан буён матнда таклифлар деб юритилади) йиғиш ҳамда умумлаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида барча фуқароларнинг, кенг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фикр ва мулоҳазаларини олиш, умумлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилиши лозим бўлган таклифларни шакллантириш мақсадида ташкил этилади.
3. Фуқаролар, манфаатдор давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, илмий-тадқиқот муассасаларининг, ўзга ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек олимлар ҳамда мутахассислар (бундан буён матнда ташаббускорлар деб юритилади) таклифлар бериш жараёнининг иштирокчиларидир.
Чет давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари таклифлар олиш ҳамда умумлаштириш жараёнига қонунчиликка мувофиқ жалб этилиши мумкин.
4. Ташаббускорлар ўз фикрларини эркин ифода этишга, шунингдек таклиф ва мулоҳазаларини давлат тилида ёки бошқа тилда тайёрлашга ҳамда юборишга ҳақли.
Ташаббускорлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Фуқароларнинг таклифлар бериш жараёнида иштирок этишга бўлган ҳуқуқларини жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб чеклаш тақиқланади.
2-боб. Таклифларни қабул қилиш жараёнини ташкил этиш тартиби
5. Таклифларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Конституциявий комиссия томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилади.
6. Ташаббускорлар ўз таклифларини Конституциявий комиссияга:
«Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси;
маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари;
халқ депутатлари Кенгашлари;
қисқа рақамли колл-маркази;
почта алоқаси;
«Telegram» мессенжеридаги махсус бот орқали юбориши мумкин.
7. Келиб тушган таклифларни рўйхатга олиш, бу тўғрисида аҳолини хабардор қилиш, таклифларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш мақсадида Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи ҳамда Таклифлар билан ишлаш гуруҳи тузилади.
8. Ташаббускорлар ўз таклифларини «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси ҳамда «Telegram» мессенжеридаги махсус бот орқали электрон шаклда бериши мумкин.
9. Ташаббускорлар маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари орқали ўз таклифларини билдириши мумкин.
Ташаббускорларнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали билдирган таклифларини маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ёки тўғридан-тўғри Конституциявий комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳига почта, шу жумладан электрон почта орқали юбориши мумкин.
Ташаббускорларнинг таклифларини маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали олиш жараёни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан мувофиқлаштириб борилади.
10. Ташаббускорлар қисқа рақамли колл-маркази орқали ўз таклифларини оғзаки равишда билдириши мумкин.
Ушбу таклифлар колл-марказ операторлари томонидан ёзиб олинади ҳамда электрон почта орқали Конституциявий комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳига юборилади.
11. Ташаббускорлардан келиб тушган барча таклифлар Комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилади, сараланади, Конституциянинг боблари йўналишлари бўйича таснифланади.
Конституциявий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ деб топилган таклифлар Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳига кўриб чиқиш учун юборилади.
3-боб. Таклифларни кўриб чиқиш тартиби
12. Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи келиб тушган таклифларни умумлаштириб боради.
Бунда таклифларнинг келиб тушиш жараёни тўғрисидаги, шу жумладан ташаббускорлардан келиб тушган таклифларнинг умумий мазмуни ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган маълумотнома тузилади. Тузилган маълумотнома Конституциявий комиссияга ҳар куни киритиб борилади.
13. Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи таклифларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги бўйича хулоса тайёрлайди ва ҳар ҳафтада камида бир маротаба Конституциявий комиссия аъзоларига тақдим этади.
14. Конституциявий комиссия ўз мажлисларида таклифларни кўриб чиқади ва муҳокама қилади.
Муҳокама натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши мумкин бўлган таклифлар сараланиб, улар маромига етказилади ва тегишли лойиҳа шакллантирилади.
15. Ташаббускорлар томонидан билдирилган таклифлар тавсия хусусиятига эга бўлади ҳамда кўриб чиқилиши лозим.
16. Ташаббускорларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган таклифлари кўриб чиқилмайди.
17. Конституциявий комиссиянинг фаолияти, шу жумладан келиб тушган таклифлар ва уларни кўриб чиқиш натижалари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида, оммавий ахборот воситаларида ҳамда «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси орқали ёритилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18. Келиб тушган таклифларнинг ташаббускорларига таклифлар кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида уларнинг шаклига мувофиқ хабар юборилади.
19. Келиб тушган таклифлардан қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.
20. Таклифларни қабул қилиш, умумлаштириш ҳамда кўриб чиқиш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.