Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг
Қарори
Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 18 апрелда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 75]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги 75-сон «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси қарор қилади:
1. Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2018 йил 17 августдаги 16/МТХ-1-сон буйруғи (Адлия вазирлигининг 2018 йил 30 августдаги 6-21/3-14294/6-сон хулосаси билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат деб топилган) билан тасдиқланган Боғ аттракционларидан фойдаланишда хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитария қоидалари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2018 йил 25 сентябрдаги 16/МТХ-6-сон буйруғи (Адлия вазирлигининг 2018 йил 29 сентябрдаги 6-21/3-16121/6-сон хулосаси билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат деб топилган) билан тасдиқланган Аттракционларни мавсумга тайёрлаш ва уларни фойдаланишга топшириш бўйича йўриқнома ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раиси Б. ГУЛЯМОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 16 март,
22/мтҳ-02-сон
Келишилди:
Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А. КУЛДАШЕВ
2022 йил 15 март
Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А. КУЛДАШЕВ
2021 йил 9 декабрь
Маданият вазири О. НАЗАРБЕКОВ
2021 йил 13 декабрь
Энергетика вазири А. СУЛТАНОВ
2021 йил 16 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 2022 йил 16 мартдаги 22/мтҳ-02-сон қарорига
ИЛОВА
Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар аттракционлар учун техник талабларни қўллаш ва амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда ушбу талаблар билан боғлиқ лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, сақлаш, фойдаланиш, ташиш ва утилизация жараёнлари тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аттракцион — жамоат жойларида ташриф буюрувчиларнинг кўнгил очиши учун вақтинча ёки доимий ўрнатилган қурилма.
биомеханик таъсир — аттракцион ҳаракати билан боғлиқ кучларнинг йўловчиларга таъсири;
механизациялашган аттракцион — инсонларнинг мушак энергиясидан ташқари бошқа турдаги энергиядан фойдаланган ҳолда илгариланма ёки айланма ҳаракат билан йўловчиларни маълум бир траектория ёки чекланган майдон бўйлаб ҳаракатланадиган аттракцион;
механизациялашган илгариланма ҳаракатли аттракционлар — йўловчи модулларини йўналишли илгариланма ҳаракатлантирадиган аттракционлар;
механизациялашган айланма ҳаракатли аттракционлар — асосан айланма (айланиш ва (ёки) чайқалиш), шу жумладан мураккаб ҳаракатланадиган йўловчи модуллик аттракционлар (арғимчоқлар, каруселлар, чархпалак);
механизациялашган мураккаб ҳаракатли аттракционлар — йўловчилар модулларини мураккаб траектория бўйлаб ёки йўловчиларга кўрсатилаётган тасвир билан биргаликда ҳаракатга келтирувчи аттракцион (илгариланма-айланма ҳаракатли аттракционлар, механизациялашган кинотеатр ўриндиқлари, симуляторлар, саноат роботларига асосланган аттракционлар);
автодром ва картинг аттракционлари — йўловчи модулларининг катта тезлик билан чегараланган майдонда йўналишли ҳаракатдан ташқари эркин ҳаракатланиши мумкин бўлган аттракционлар (тўқнашувчи автомобиллар, боғ йўлакларидаги саёҳат автопоездлари, картинглар, шу жумладан эстакадалар, мини-автомобил тезюрар йўллари);
дам бериб шиширилган аттракционлар — тузилиши бир нечта бўлимлардан иборат, бир-бирига боғланган ва ҳаво насоси ёрдамида бериладиган ортиқча босим билан шаклга кирувчи аттракцион;
механизациялашмаган сув аттракционлари — сув парклари, сузиш ҳавзалари ва сув омборлари учун мўлжалланган аттракционлар (сув оқимлари, сузувчи платформалар, сувга ботган қурилмалар, трамплинлар);
фойдаланишга топшириш — монтаж қилиш (ўрнатиш) ва капитал таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг аттракционнинг ишга туширилиши;
ёрдамчи воситалар — аттракционлар билан биргаликда ишлатиладиган безаклар, дизайн элементлари, тўсиқлар, ёритгичлар, чодирлар, айвонлар, ҳимоя экранлари ва павильонлар;
бирламчи ишга тушириш — аттракционни йўловчиларсиз фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ йўловчиларнинг тўлиқ вазнини юклаш билан синовдан ўтказиш;
критик компонент — аттракционнинг бирон бир тузилиши, детали ёки ёрдамчи қурилмасининг ишламай қолиши натижасида ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қисми;
критик параметр — бузилиши натижасида ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган аттракцион таркибий қисмининг муҳим хусусияти;
йўловчи модули — йўловчиларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган аттракционнинг бир қисми (арава, кабина, ўриндиқ);
аттракцион паспорти — аттракционни идентификациялайдиган ва у ҳақида керакли маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат;
сузиш учун ёрдамчи воситалар — лат ейиш ва фойдаланувчи соғлиғига зарар етказиш хавфини камайтириш ҳамда сув аттракционларида ҳаракатланиш қулайлигини ошириш учун ишлатиладиган гиламча, рафтлар ва ҳ.к.
2. Мазкур Қоидалар қуйидаги аттракционларга татбиқ этилади:
а) механизациялашган илгариланма ҳаракатли (шу жумладан сувдан фойдаланиладиган) аттракционлар;
б) механизациялашган айланма ҳаракатли аттракционлар;
в) механизациялашган мураккаб ҳаракатли аттракционлар;
г) автодромлар, йўллар ва картинглар;
д) дам бериб шиширилган (батутлар) аттракционлар;
е) йўловчиларга I, II ва III даражали (даражалар Мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ белгиланади) биомеханик таъсир кўрсатувчи аттракционлар;
ё) биомеханик хавфлилиги IV даражали ва кучланиши 36 V дан юқори бўлган электр узатмали механизациялашган аттракционлар.
3. Мазкур Қоидалар қуйидаги аттракционларга татбиқ этилмайди:
а) ташриф буюрувчиларга минимал (IV даража) биомеханик таъсир кўрсатадиган кучланиши 36 V ва ундан паст бўлган электр узатмали механизациялашган аттракционлар;
б) аттракционлар билан конструктив равишда боғлиқ бўлмаган қурилиш объектлари, доимий минбарлар, ободонлаштириш объектлари ва муҳандислик коммуникациялари, шунингдек ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатмасдан кўргазмаларда намойиш этиладиган аттракционлар;
в) ҳайвонот боғлари, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, спорт иншооатлари, ўйин автоматлари, болалар майдончалари, океанариумлар, осма йўллар, фуникуляр ва транспорт кўтаргичлар, спорт тренажерлари ва ускуналар, велосипедлар, аккумуляторли болалар автомобиллари, ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган ускуналар, скейбордлар, қайиқлар ва моторли қайиқлар, скутерлар, дельтапланлар ва бошқа учиш мосламалари (ҳаво шарлари), авто, мото, авиа ва бошқа транспорт воситалари ҳамда боулинг учун ускуналар.
2-боб. Аттракцион паспорти ва аттракционларни идентификациялаш
4. Аттракцион паспорти аттракционни идентификациялайдиган ва у ҳақида керакли маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжат ҳисобланади.
5. Аттракционнинг паспорти аттракционнинг аниқ функцияларини белгилаши ва батафсил фойдаланиш тарихини, барча қилинган таъмирлаш, такомиллаштиришлар, синовлар ва текширишлар тўғрисидаги қайд этилган маълумотларни, шу жумладан аттракционни идентификациялаш ва текшириш учун зарур бўлган маълумотларни, лойиҳа ҳужжатларидан намуналарни ўз ичига олади. Мувофиқликни баҳолаш ва техник ҳолатини назорат қилиш бўйича тадбирларни ўтказиш учун ҳар бир аттракцион учун паспорт мавжуд бўлиши керак.
6. Аттракцион паспортида хавфсиз ишлаш ва фойдаланиш учун зарур бўлган қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
а) ишлаб чиқарувчининг номи;
б) биомеханик хавфлилик даражаси;
в) аттракцион ишлаши ва тузилишининг асосий қисмлари тавсифи;
г) йўловчиларга таъсир кўрсатишнинг асосий биомеханик параметрлари, шунингдек йўловчиларга таъсир қиладиган тезланишларнинг максимал рухсат этилган ва ўлчанган қийматлари ҳамда уларнинг ўсиш тезлиги;
е) йўловчи модулларининг ҳаракатланиш тезлигига чекловлар;
ё) чекланган ресурсга эга бўлган критик компонентлар ва критик параметрлар рўйхати ҳамда уларнинг асосий техник хусусиятлари;
ж) фойдаланувчилар учун ёши, бўйи ва вазни бўйича умумий маълумотлар;
з) аттракциондан фойдаланиш учун максимал шамол тезлиги;
и) пойдевор ёки майдон асосига қўйиладиган талаблар;
к) қор юкининг мумкин бўлган чекловлари;
л) иқлим шароитига қўйиладиган талаблар;
м) зилзила бардошлигига қўйиладиган талаблар;
н) аттракционнинг техник синовдан ўтказилган санаси, синовни қаерда ва қайси ташкилот томонидан ўтказилгани, синов натижаси ва навбатдаги синовдан ўтказиш санаси;
о) аттракционни соз ҳолатда сақлаш ва хавфсиз фойдаланиш қўлланмаси;
п) аттракционларда одамларнинг чўмилиши учун фойдаланиладиган сув сифатига қўйиладиган талаблар.
7. Паспорт I, II ва III даражадаги биомеханик хавфларнинг механизацияланган аттракционлари ва биомеханик хавфнинг IV даражаси кучланиши 36 Vдан юқори бўлган электр узатмали аттракционлар учун ишлаб чиқилади. Бошқа турдаги аттракционлар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган техник ҳужжатларга эга бўлади.
8. Тақдим этилган аттракционнинг маркировкасида кўрсатилган муҳим хусусиятларга мувофиқлигини баҳолаш учун ўзига хослигини аниқлаш идентификация деб юритилади.
9. Аттракционларнинг турлари, потенциал биомеханик хавф даражаси, йўловчиларга биомеханик таъсир турлари ва қийматлари аттракционларни идентификация қилишнинг белгилари ҳисобланади.
3-боб. Аттракционларни монтаж қилиш, фойдаланишга қабул қилиш ва ишлаш муддатини узайтириш мақсадида техник диагностика ўтказиш шартлари
10. Аттракционларнинг асосий қисмларини (конструкциялари) алмаштириш билан боғлиқ монтаж ишлари аттракционнинг фойдаланиш ва таъмирлаш ҳужжатларига асосан аттракционларни монтаж қилиш билан шуғулланадиган ихтисослаштирилган монтаж ташкилотлари томонидан амалга оширилиши лозим.
11. Аттракцион эгаси монтаждан олдин аттракционнинг тузилиши ва жиҳозларини уларнинг ҳолати ва тўлиқлигини баҳолаш учун текшириши керак. Агар қабул қилиниши мумкин бўлмаган нуқсонлар ёки шикастланишлар аниқланса, аттракционнинг ушбу қисмлари ишлаб чиқарувчининг талабларига жавоб берадиган қисмларга алмаштирилиши керак. Аттракционнинг бутловчи қисмлари тўлиқ эмаслиги аниқланганда эса, эгаси томонидан уни тўлдириш чоралари кўрилиши керак.
12. Аттракционни ўрнатишда қуйидагиларга риоя қилиниши лозим:
а) лойиҳалаштириш ва фойдаланиш ҳужжатларида белгиланган жой, пойдевор, аттракцион жойлашган бошқа таглик ва тупроққа қўйиладиган талабларга мувофиқлигига;
б) аттракционга кириш ва чиқиш пайтида унда ҳамда унинг ёнида бўлган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини, шунингдек фавқулодда вазиятларда хавфсиз фойдаланишни таъминлайдиган тарзда жойлашганлигига;
в) аттракционлар орасидаги асосий йўлакларда махсус транспорт воситаларига (ёнғин-қутқарув, тез ёрдам ва бошқалар) киришни таъминлайдиган бўш жой яратилишига;
г) яқин атрофдаги ер ости (ер усти) муҳандислик коммуникациялари (кабел линиялари, электр узатиш линиялари, сув ва канализация тизимлари ва бошқалар) ҳисобга олинишига;
д) йўловчилар учун аттракцион хавфсизлик контурлари, ташриф буюрувчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун хавфсиз зоналар фойдаланиш ҳужжатлари талабларига жавоб беришига;
13. Аттракционни ўрнатиш жойига олиб бориш ва уни монтаж қилишда унинг тузилиши ва ускуналари шикастланиши хавфининг олди олиниши керак.
14. Аттракционнинг пойдевори лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлиши лозим.
15. Аттракционларни монтаж қилиш (қисмларга ажратиш) жараёнида монтаж қилинаётган жойга (устахоналар, бокслар ва бошқа) бегона шахсларнинг кириши тақиқланади.
16. Аттракционнинг тўлиқ ишлашини текшириш ва кўрикдан ўтказиш аттракционни ўрнатиш ва созлаш ишлари якунланганидан сўнг амалга оширилади.
17. Аттракционнинг ишлашини текшириш ва тўлиқ техник кўрикдан ўтказиш жараёнида қуйидагилар текширилиши лозим.
а) фойдаланиш ҳужжатларида кўрсатилган монтаж қилиш шартларига мувофиқлиги;
б) дастлабки текширишлар пайтида аниқланган зарарларни, носозликларни ва камчиликларни бартараф этилганлиги;
в) тўшамалар ҳолати, зичлагичлар ва тупроқнинг хусусиятлари, аттракционнинг пойдевори ва анкерли маҳкамлагичларни лойиҳа ва фойдаланиш ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;
г) барча асосий юк кўтарувчи элементларнинг монтажи мувофиқлиги, шу жумладан тортиб турувчи ва юк кўтарувчи элементлар кесимларининг шакли ҳамда ўлчамларини фойдаланиш ҳужжатлар талабларига мос келиши;
д) гидравлик ва пневматик қурилмалар, зинапоялар, платформалар, тўсиқлар, қопламалар, дизайн элементлари ҳамда бошқа ускуналарни тўғри йиғилганлиги ва ўрнатилганлиги;
е) ечиладиган қисмларни, шу жумладан дизайн таркибий қисмларини маҳкамлашнинг тўғрилиги ва ишончлилиги;
ё) электр таъминоти симлари ва босим остидаги қувурларнинг хавфсиз жойлашганлиги.
18. Аттракционни мазкур Қоидаларга мувофиқ тўлиқ кўрикдан ўтказиш ва текшириш вақтида аниқланган номувофиқликлар бартараф этилгандан сўнг фойдаланиш ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, камида 15 та ишчи циклида йўловчиларсиз аттракцион синовлари ўтказилади.
19. Аттракционни синов тариқасида ишлатиш пайтида қуйидагилар текширилади:
а) аттракцион ҳаракат траекториясининг барча нуқталарида бошқа қисмларига нисбатан хавфсизлик контурининг ўлчамларига риоя қилиши;
б) дастурланадиган, аварияли ва блокировка қилувчи бошқарув тизимларининг тўғри ишлаши;
в) хавфсиз ишлашга таъсир қилувчи алоҳида қисмларнинг белгиланган тезлик чегаралари, тезланишлари ва массасига риоя қилиши;
г) гидравлик ёки пневматик тизимларда ишлайдиган ишчи босим кўрсаткичлари;
д) тугалловчи ўчиргичларни созлаш, аттракционнинг қиялик бурчакларини назорат қилиш воситалари, ортиқча юкдан ҳимоя қилувчи қурилмалар (масалан, босим тушириш клапанлари);
е) ҳимоя ва хавфсизлик воситалари;
ё) тормоз тизимининг иш қобилияти;
ж) ердан кўтарилиш ёки ағдарилишига қарши барқарорлиги.
20. Фавқулодда тўхтатиш қурилмаларини, қулфлаш ва бошқа ҳимоя воситаларини фавқулодда вазиятларда тўғри ишлашига аниқлик киритиш учун фавқулодда вазиятлар симуляция қилиниши керак.
21. Аттракционни ўрнатиш, шунингдек реконструкция қилиш ёки созлаш ишларини якунлаган ташкилот аттракцион эгаси билан биргаликда мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ аттракционнинг техник тайёрлиги далолатномасини тузади.
22. Аттракционнинг ишлаш муддатини узайтириш техник диагностикасининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) аттракционнинг техник ҳолатини текшириш;
б) номувофиқликлар, нуқсонлар, носозликларни излаш ва уларнинг сабабларини аниқлаш;
в) таъмирталаб аттракционларни таянч конструкцияларининг критик компонентлари ва элементларини аниқлаш;
г) таъмирлашдан кейинги қўшимча текшириш (агар таъмирлаш зарур бўлса);
д) путур етказмайдиган назорат усуллари ёрдамида тузилмаларни текшириш;
е) аттракционнинг қолдиқ ресурсини ва унинг хизмат муддатини узайтириш имкониятини аниқлаш;
ё) эксплуатация ҳужжатларида кўрсатилган аттракционнинг статик ва динамик синовлари;
ж) аттракционнинг эксплуатация ҳужжатларида кўрсатилган техник хусусиятларга мувофиқлигини аниқлаш;
23. Аттракционнинг белгиланган хизмат муддати тугаганлиги сабабли фойдаланишдан тўхтатилганда, шу жумладан, авария туфайли ва модификация ишларидан (капитал таъмирдан) сўнг аттракцион қайта фойдаланишга топширилганда, ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ назорат текшируви ўтказилиши керак.
4-боб. Аттракционларга техник хизмат кўрсатиш
24. Аттракционларга техник хизмат кўрсатиш кундалик, даврий ва мавсумий профилактика ишларини ўз ичига олиши керак.
25. Кундалик техник хизмат кўрсатиш аттракцион ишлари бошланишидан олдин олиб борилади. Натижалар бўйича аттракционлардан хавфсиз фойдаланишга жавобгар шахс (ушбу жавобгар шахс бўлмаганда ушбу вазифалар юклатилган шахс) аттракционни кундалик фойдаланишга рухсат беради.
26. Аттракционларга даврий техник хизмат кўрсатиш аттракцион эгаси ёки аттракционни ижарага олган шахс томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
27. Мавсумий техник хизмат кўрсатиш аттракционларни мавсумлараро узоқ муддатли сақлашга тайёргарлик кўриш ёки мавсумий фойдаланиш бошида амалга оширилади.
28. Мавсумий фойдаланиладиган аттракционларнинг тўлиқ техник шаҳодат синови аттракцион мавсумдан ташқари сақлангандан сўнг ишга тушишидан олдин бажарилади. Бунда қуйидагилар амалга оширилади:
а) созлаш ишлари;
б) статик ва динамик синовларни ўтказиш;
в) аттракцион электр жиҳозларини ерга заминлаш ва изоляцияси қаршилигини ўлчаш;
г) ишга тушириш ва созлаш ишларини олиб бориш;
д) аттракционларнинг металл конструкцияларини путур етказмай назоратдан ўтказиш;
е) аниқланган нуқсонларни бартараф этиш.
Даврий техник шаҳодат синови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
а) аттракционни фойдаланишга қабул қилишдан олдин монтаж ва ишга тушириш учун созлаш ишлари якунлангач;
б) аттракционни қайта тиклашда;
в) аттракционни модернизация қилишда;
г) аттракционни техник диагностика қилишда;
д) аттракционнинг критик таркибий қисмларини ва (ёки) таянч конструкциясини таъмирлашда;
е) 12 ойдан кўпроқ вақт давомида фойдаланилмаганда;
ё) қисмларга ажратилганда ва янги жойга монтаж қилишда.
29. Қисман техник шаҳодат синови аттракционнинг критик компонентларига ёки таянч конструкцияларига таъсир қилмайдиган таъмирлашдан кейин амалга оширилади.
30. Техник шаҳодат синовлари аттракциондан фойдаланиш қўлланмаси ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ аттракционларни соз ҳолатда сақлаш ва хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган мутахассис бошчилигида амалга оширилади.
31. Аттракционни тайёрлаш ва уни техник текширувдан ўтказиш учун тақдим этиш аттракционларнинг соз ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган мутахассис томонидан ташкил этилади.
32. Ташқи текширув вақтида аниқ бир нуқсон аниқланганда, нуқсон бартараф қилинади ва унинг бартараф этилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.
33. Ишга тушириш-созлаш ишлари аттракцион паспорти ва фойдаланиш қўлланмаси кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
34. Аттракционнинг тайёргарлик ишларидан сўнг, ҳар бир аттракцион учун аттракцион эгаси ва аттракционларнинг соз ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган мутахассис томонидан мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ аттракционларнинг мавсумга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома тузилади.
5-боб. Аттракционларни сақлаш ва утилизация қилиш
35. Аттракционларни сақлаш ушбу Қоидаларга ва аттракционларнинг фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ аниқ аттракцион учун амалга оширилиши керак.
36. Аттракционлар мавсумий иши тугалланган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай мавсумий сақлашга қўйилиши керак.
37. Сақлаш пайтида электр узатмага эга бўлган барча аттракционлар электр таъминоти манбаларидан узилиши керак.
38. Оператор кабиналари қувватсизлантирилиши, қулфланган ва муҳрланган бўлиши шарт.
39. Агар аттракционнинг олинадиган қисмлари (декоратив элементлар, ёритгичлар, ўриндиқлар, хавфсизлик камарлари, электр жиҳозлари, узатма камарлари ва бошқалар) бўлса, улар фойдаланиш ҳужжатлари талабларига мувофиқ демонтаж қилиниши ва сақланиши лозим.
40. Автодромлар кўринишидаги аттракционлар ёпиқ хоналарда ғилдираклари ер юзасидан тагликларда кўтарилган ҳолда (таянчсиз) сақланиши керак. Агар ғилдиракларда пневматик шиналар бўлса, унда улардаги босим одатдагидан 70% гача камайтирилиши лозим.
41. Тўсиқлар, электр шкафлар ва кабиналар эшиклари қулфланган бўлиши шарт.
42. Аттракционларни мавсумдан ташқари сақлаш учун жойлаштириш мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.
6-боб. Сув аттракционлари
1-§. Сув аттракционлари паспорти
43. Сув аттракционлари паспорти қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
а) ишлаб чиқариш санаси;
б) аттракционнинг умумий хусусиятлари;
в) асосий техник параметрлари, шу жумладан ўлчамлари ва оғирлиги (массаси) (умумий ва асосий таркибий қисмларининг оғирлиги);
г) аттракционнинг таркибий қисмларини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва ўрнатишда иштирок этган ташкилотларнинг номлари ва манзиллари, улар томонидан бажарилган ишларнинг турлари (пойдеворлар, металл конструкциялар, сув горкасининг пластик элементлари, бассейн, сув айланмаси ва сув тайёрлаш тизимлари ва бошқалар);
д) лойиҳа ҳужжатларидан кўчирмалар ва соғлиққа зарар етказиш хавфи даражасини тавсифловчи параметрларнинг қийматлари (фойдаланувчининг қулаши мумкин бўлган баландлиги, сув горкаси йўлида фойдаланувчининг максимал тезлиги, бассейн чуқурлиги);
е) хавфсизликка оид муҳим ўлчамлар кўрсатилган асосий чизмалар;
ё) ишлаб чиқарувчининг кафолатлари ва аттракционнинг у томонидан белгиланган хизмат муддати;
ж) аттракцион тўпламига қирувчи эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар рўйхати;
з) техник ҳолатнинг даврий текширувлари, техник хизмат кўрсатиш, модификациялаш ва таъмирлаш ишлари бўйича ҳисоботлар;
и) синов баённомалари;
к) аттракционнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (мувофиқлик сертификатлари, санитария-гигиена хулосалари ва ҳ.к.).
2-§. Сув аттракционларининг қабул синовлари
44. Қабул синовлари давомида қуйидаги талабларга мувофиқ текширувлар амалга оширилиши лозим:
а) аттракцион қурилмасининг тўлалигича чизмалар ва бошқа техник ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш;
б) аттракционнинг эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнида хавфсизлик талаблари тўлиқлигини аниқлаш мақсадида фойдаланиш ҳужжатларини бутлигини текшириш ва таҳлил қилиш.
в) фойдаланувчи учун муайян аттракционда хавфсиз хатти-ҳаракатлар қоидалари бўйича матнли ва график ахборот материалларининг мавжудлиги ва тўлиқлигини текшириш;
г) аттракцион пойдевори қурилиш ишлари лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича далолатномаларнинг мавжудлигини текшириш;
д) аттракционнинг пўлат конструкцияларининг лойиҳа ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текшириш;
е) аттракционларга кириш ва улардан чиқиш зоналарининг зинапоялар, тушиш жойлари, қия юзалар, аттракционга киришни таъминлайдиган майдончалар, тўсиқлар ва панжаралар билан жиҳозланганини текшириш (ушбу зоналарнинг ускуналари одамларнинг эҳтимолли йиғилиб қолишларини ҳисобга олган ҳолда, юк кўтариш қобилияти ва ишончлилигини таъминлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари талабларига, шунингдек йиқилиш, қоқилиш, тойиб кетиш, тиқилиб қолиш туфайли жароҳатларнинг олдини олиш бўйича хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак);
ё) пластик тушириш трассаси юзасини ёриқлар, синиқлар, қатламга ажрашлар ва бошқа шикастланишлар, шунингдек тугунлар туташган жойларда фойдаланувчи учун хавфли нотекисликлар мавжудлиги жиҳатдан текшириш;
ж) тушириш трассаси бўғинлари туташган жойларда фланецли ва болтли уланиш соҳаларида ёриқлар ва бошқа шикастланишлар мавжудлигини текшириш.
з) сув горкасидан тушиш давомида, шу жумладан, финиш қисмида хавфсизлик контурларининг ўлчамига риоя этилишини текшириш;
и) мураккаб конфигурацияга эга бўлган сув горкаси йўли бўйлаб фойдаланувчиларнинг ҳаракатини кузатиш имкониятини текшириш;
к) сув горкасининг сирпаниш йўлига сув узатиб бериш ускунасини узатилаётган сув миқдорини фойдаланиш ҳужжатларида кўрсатилган сув миқдори нормасидан ошириш режимида текшириш;
л) сирпаниш йўли бўйлаб ҳаракатланиш жараёнида фойдаланувчи танаси ҳолатининг барқарорлигини баҳолаш имконини берувчи синов тушишларни амалга ошириш.
45. Агар аттракционда тушиш ва сузиш учун ёрдамчи воситалардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, улар хавфсизлик талабларига мувофиқлиги синовларидан ўтказилиши керак.
46. Қабул синовлари натижалари сув парки маъмурияти томонидан тасдиқланган далолатнома билан расмийлаштирилади. Далолатномага синов баённомалари илова қилинади.
3-§. Сув паркида сув аттракционларини жойлаштириш ва фойдаланишга қабул қилиш
47. Сув аттракционларини жойлаштиришда қуйидагиларга амал қилиниши лозим:
а) хавфсиз кириш/чиқиш ва фойдаланувчиларни эвакуация қилиш шароитларини мавжудлигига;
б) фавқулодда вазиятларда шошилинч хизмат автомобилларини ўтишига шароитнинг мавжудлигига;
в) турли сув тепаликлари хавфсизлик контурлари ўзаро кесишмаслигига;
г) болалар учун мўлжалланган сув аттракционларининг катталар учун мўлжалланган кўнгилочар зоналардан алоҳида ажратилганлигига.
48. Қурилиши тугалланган ва фойдаланишга топширилиши керак бўлган сув аттракционлари тасдиқланган лойиҳага асосан амалга оширилиши керак.
4-§. Сув аттракционларидан фойдаланишга рухсат бериш
49. Хар бир сув аттракционидан фойдаланишга рухсат беришда сув аттракционининг ўзи ҳамда сув паркининг муҳандислик ускуналари, муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини ишга яроқли техник ҳолати текширилиши лозим.
Мавсумий эксплуатация режимида ишлайдиган сув паркларида текширувлар мавсум бошланишидан олдин, йил давомида ишлайдиган сув паркларида эса маъмурият томонидан белгиланган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
5-§. Сув аттракционларига техник хизмат кўрсатиш, баҳолаш, таъмирлаш ва модификация қилишга нисбатан талаблар
50. Муайян сув аттракционини техник ҳолатини текшириш ва шартли техник хизмат кўрсатиш бўйича ишлар бундай аттракционларга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан амалга оширилиши керак.
51. Шартли техник хизмат кўрсатиш ишларининг мазмуни ва ўтказилиш муддатлари бўйича фарқланадиган қуйидаги турлардан иборат:
а) кундалик текшириш жараёнида хизмат кўрсатиш;
б) даврий техник хизмат кўрсатиш;
в) техник ҳолатни тўлиқ текшириш жараёнида хизмат кўрсатиш.
52. Сув аттракционларининг кундалик текширувларида аттракционнинг таркибий қисмларининг техник ҳолатига асосий эътибор қаратилиши ва бунда қуйидагилар текширилиши лозим:
а) тўшамалар, йўлаклар, кириш ва чиқиш жойлари ҳамда шикаст етказувчи сиртларнинг мавжудлиги ва маҳкам ўрнатилганлиги;
б) сув тепалигининг фойдаланувчи сирпанадиган сирпаниш трассаси;
в) сув тепалигининг сирпаниш трасса қурилмасининг қисмлари туташган жойлари;
г) аттракцион қурилмасининг фойдаланувчига тегиб турадиган ҳимоя қопламаси;
д) сирпаниш/сузиш учун ёрдамчи воситалар (рафтлар, гиламчалар ва ҳ.к.лар);
е) бассейнларнинг сув қуйиш ва тушириш қурилмалари қопқоқларининг маҳкам ўрнатилганлиги;
ё) фойдаланувчиларни аттракционга киришини бошқариш тизимининг ишга яроқлилиги.
53. Сув тепалигини кундалик текширувида инструктор синов тарзда уч марта тепаликдан тушиши лозим.
54. Муҳандислик-техник асбоб-ускуналари, электр жиҳозлари, сув тозалаш ускуналари ва бошқаларни ҳар куни текшириш ушбу тизимлардан фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
55. Кундалик текшириш натижасида аниқланган барча ўзгаришлар ва тузатишлар якунлангандан сўнг фойдаланувчиларнинг аттракционга киришига рухсат берилади.
56. Сув аттракционларига даврий техник хизмат кўрсатиш ва текшириш ушбу Қоидалар талаблари ва муайян сув аттракционидан фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
57. Аттракционга даврий техник хизмат кўрсатиш механик, электр устаси ва сув тайёрлаш ускуналари бўйича мутахассислардан иборат хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан амалга оширилади.
58. Металл конструкцияларнинг техник ҳолатида ёриқлар, деформациялар ва механик емирилишлар мавжуд бўлганда, текшириш ҳар ойда амалга оширилиши лозим.
59. Сув тепаликлари трассасининг устки қопламасининг техник ҳолати максимал даражада текширилиши лозим.
60. Тушиш трассасининг фойдаланувчи ҳаракатининг траекторияси бўйлаб икки туташган қисмлари уланган жойда «поғона»нинг баландлиги пастга қараб 3,0 mm дан ошмаслиги керак.
61. Ҳар бир ишлатилаётган сув аттракционининг техник ҳолати ҳар йили тўлиқ текширувдан ўтказилиши керак.
62. Мавсумий фойдаланиш режимида ишлайдиган сув паркларида тўлиқ текширувлар мавсум бошланишидан олдин, йил давомида ишлайдиган сув паркларида эса маъмурият томонидан белгиланган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
63. Тўлиқ текширувнинг асосий объектлари қуйидагилар ҳисобланади:
а) сув аттракционининг металл конструкциялари (таянч устунлар, брахетлар, кронштейнлар, бирикмалар ва бошқалар);
б) тўсиқлар, ўтиш жойлари, тўшамалар, кириш ва чиқиш жойлари;
в) қурилма элементларининг бурама кертикли ва бошқа ажралувчи бирикмалари;
г) фойдаланувчиларни ҳўл юзада йиқилишдан ҳимоя қилувчи тутқичлар ва бошқа ёрдамчи қурилмалари ва сирпанишга қарши қопламалари;
д) аттракцион қурилмаларининг фойдаланувчи билан алоқада бўлган жойлари ва ҳимоя қопламалари;
е) сув тепалигининг фойдаланувчи сирпанадиган тушиш трассаси юзаси ва тушиш йўли қурилмаси элементлари уланган жойлари;
ё) бассейнлар учун ускуналар (сув қуйиш ва тўкиш қурилмалари қопқоқлари, тошқин лотоклари);
ж) сузиш ва тушиш учун ёрдамчи қурилмалари;
з) электр жиҳозлари;
и) сув тайёрлаш тизимининг ускуналари;
к) хизмат кўрсатувчи ходимларнинг алоқа воситалари, сув паркига ташриф буюрувчилар ва аттракцион фойдаланувчиларининг хулқ-атворини назорат қилиш ва огоҳлантириш воситалари;
л) фойдаланувчилар учун сув аттракционида хавфсизликни таъминлаш бўйича ахборотнинг мавжудлиги ва тўлиқлиги.
6-§. Сув аттракционининг техник ҳолатини баҳолаш, таъмирлаш ва модификациялаш
64. Тўлиқ техник текшируви натижалари бўйича сув аттракционининг ҳолати «фойдаланишга яроқли» ёки «фойдаланишга яроқсиз» деб баҳоланади.
65. Тўлиқ текшириш натижасида сув аттракционининг техник ҳолати фойдаланишга яроқсиз деб топилганда, таъмирлаш тўғрисида ёки сув аттракционини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиниши керак.
66. Техник ҳолатини тўлиқ текшириш натижалари далолатнома шаклида расмийлаштирилган бўлиши ва сув аттракционининг эксплуатация бўйича йўриқномаси билан бирга сақланиши керак.
67. Сув аттракционини таъмирлашда, таъмирланган маҳсулотнинг техник хусусиятларини дастлабки лойиҳадан чекинишга олиб келмаслигига алоҳида эътибор берилиши керак.
68. Капитал таъмирдан ўтган сув аттракциони учун унинг олдинги эксплуатацияси шартларини ҳисобга олган ҳолда хизмат муддати қайта белгиланади.
69. Таъмирлаш ишларидан сўнг сув аттракционининг фойдаланувчилар учун мўлжалланган юзаларини ювиш ва дезинфекция қилиш керак.
70. Капитал таъмирдан сўнг сув аттракциони синовдан ўтказилиши керак.
71. Таъмирлаш ҳақида маълумот сув аттракциони техник паспортига киритилиши лозим.
72. Аттракционнинг таркибий қисмларига (конструкция ва механизмларига) киритиладиган ўзгаришлар модификациялар деб ҳисобланади.
73. Модификациядан кейин ишга туширишдан олдин, аттракцион техник ҳолатини тўлиқ текшириш керак.
74. Модификация ҳисоботи сув аттракциони паспорти билан бирга сақланиши керак.
7-боб. Дам бериб шиширилган аттракционлар
75. Дам бериб шиширилган аттракционлар маҳкамлаш тугунларига эга бўлиши керак.
76. Дам бериб шиширилган аттракционлар ерга қаттиқ (анкерли) ёки балластли маҳкамлаш тизими ёрдамида ўрнатилиши лозим.
77. Ҳар бир дам бериб шиширилган аттракционлар камида 6 та маҳкамлаш тугунига эга бўлиши керак.
78. Арқонлаш элементлари маҳкамлаш тугунларига ўз-ўзидан ажралиб кетишни истисно қиладиган усуллар билан уланиши керак.
79. Электр кабеллари ташриф буюрувчиларга тегиб кетиш эҳтимолидан ҳимояланган бўлиши керак.
80. Вентилятор электр таъминоти кучланиши, частотаси, оборотлар сони, ишлатадиган қуввати, вентилятор модели, завод рақами, ишлаб чиқариш йили ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилган маркировкага эга бўлиши керак.
81. Вентилятор тузилиши тана, кийим қисмлари ёки бегона нарсаларни вентиляторнинг ҳаракатланувчи элементларига тушиши хавфи билан боғлиқ хатарларни истисно этадиган ҳимоя элементларга эга бўлиши керак.
82. Вентилятор қурилмаси девор томонидан камида 1,2 m масофада ва очиқ томондан камида 2,5 m масофада жойлашган бўлиши керак.
83. Ҳар бир дам бериб шиширилган аттракционларда қурилманинг номи ва завод рақами, ташриф буюрувчининг максимал бўйи (ёки массаси) (m, kg), ташриф буюрувчиларнинг максимал сони (киши), максимал эксплуатация юкламаси, эксплуатация вақтидаги чекловлари каби маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ахборот ёзуви жойлаштирилиши керак.
Дамлама аттракционларининг очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилган максимал шамол тезлиги 38 km/соатдан ошмаслиги керак (Мазкур Қоидаларнинг 5-иловаси (Бофорт шкаласи бўйича шамол кучи).
8-боб. Дам бериб шиширилган аттракционларнинг чидамлилигини текшириш синовлари
84. Синов объектида фойдаланиш ҳужжатларида кўрсатилган минимал босимдан 20 — 25 фоиздан юқори босим ҳосил қилиниши керак. Босим назорати манометр ёрдамида амалга оширилиши керак.
85. Синов объекти ташқи юклама бўлмаганида 10 дақиқа давомида белгиланган босимга бардош бериши керак.
86. Синов объектида синовдан сўнг ҳеч қандай бузилиш, шикастланиш ва йиғма бирикмаларнинг ажралиб кетиши ҳамда қолдиқ деформациялар бўлмаслиги керак.
87. Статик чидамлилик бўйича синовдан ўтказишда тақлидчилар сони синов объекти учун максимал ташриф буюрувчилар сонига ва уларнинг максимал массасига мос келиши керак.
88. Синов объекти 10 дақиқа давомида қўлланилган юкламани ерга теккизмасдан ушлаб туриши керак.