Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарори
2022 йил март ойининг 7 куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати:
раислик қилувчи — судья Д. Тожибоев,
ҳайъат аъзолари — судьялар Д. Каримов ва О. Баракабаевдан иборат таркибда, С. Авазовнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Х. Латипов, аризачи Ш. Ибрагимов, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вакили Д. Амирқулов, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари С. Носиров, У. Абдурахмонов, мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги вакили Ш. Шароповнинг иштирокида аризачи Ш. Ибрагимовнинг аризаси бўйича қўзғатилган маъмурий иш ҳужжатларини Олий суд биносида очиқ суд мажлисида текшириб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Аризачи Ибрагимов Шерзод Алишерович жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига нисбатан ариза билан судга мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 22 апрелда 3156-сон билан рўйхатга олинган) 24-бандини ҳақиқий эмас деб топишни ва жавобгар зиммасига мазкур бандни юқори юридик кучга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш мажбуриятини юклашни сўраган.
Аризачи Ш. Ибрагимов суд мажлисидаги тушунтиришида, аризасини тўлиқ қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида берилган ҳуқуқдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-бандини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида мурожаат қилганлигини, Низомнинг ушбу банди Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни принципларига зид қабул қилинганлиги, чунки фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризаларини ва шикоятларини кўриб чиқиш вақтида иштирок этишлари лозимлигини билдирди.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вакили Д. Амирқулов аризани тан олмасдан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-банди қонун талабларига зид эмаслиги, чунки фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари дастлаб кўриб чиқилиши, мурожаат кўриб чиқилиши натижасидан норози бўлган манфаатдор шахс ушбу қарор устидан ушбу Низом асосида ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиши, мурожаатларни комиссия томонидан кўриб чиқилиши давомида манфаатдор шахсларнинг иштирок этиши шарт эмаслигини билдириб, аризани рад этишни сўради.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили С. Носиров аризани тан олмасдан, Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, давлат рўйхатига олинганлигини, аризачининг талаблари асоссиз эканлигини, ушбу низом «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни асосида тартибга солинмаслигини, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида ҳаракатлар амалга оширилишини, Низомнинг 24-бандига асосан мурожаатлар комиссия томонидан манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилиши қонунга зид эмаслигини билдириб, аризани рад этишни сўради.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили У. Абдурахмонов ҳам аризани тан олмасдан вакил С. Носиров билан бир хил мазмунда тушунтириш берди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришини, прокурорнинг аризани рад этиш ҳақидаги фикрини тинглаб, аризада келтирилган важларни муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, куйидаги хулосага келади.
Ишдаги ҳужжатлар ва суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1060-сонли қарорининг тўртинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари қошида комиссиялар ташкил этиш йўли билан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишнинг мустақил механизмини жорий этиш, еттинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига икки ой муддатда комиссия томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиши белгиланган.
Ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Мазкур Низомнинг 4-бобида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган бўлиб, ушбу бобнинг 24-бандида мурожаатлар комиссия томонидан манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилиши ҳақида қоида киритилган.
Бундан норози бўлган аризачи судга мурожаат қилган.
Конституциявийлик, қонунийлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги, ошкоралик, илмийлик, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплектлилиги, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг асосий принциплари ҳисобланади.
Мазкур Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устиворлиги тан олиниши, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида ушбу қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларига, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши кўрсатилган.
Ушбу Қонуннинг асосий принциплари этиб қонунийлик, тинглаш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланган.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби юзасидан аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш учун комиссия тузилиши белгиланган.
Комиссия мажлисида мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия аъзолари мурожаатда назарда тутилган масаланинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш лозимлиги тўғрисида; рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ва кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш лозимлиги тўғрисида; рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисида; рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилиши назарда тутилган.
Судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 4-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-бандида кўрсатилган мурожаатлар комиссия томонидан манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилиши ҳақида қоида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни принципларига ҳамда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига зид деб ҳисоблайди.
Чунки, ҳар бир шахс мулкий ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиши, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқи мавжуд.
Низомнинг ушбу банди билан қонунийлик, тинглаш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ҳақидаги принципи бузилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Низомнинг 24-банди Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни принципларига, шунингдек мамлакатда олиб борилаётган очиқлик ислоҳотларининг мақсад ва вазифаларига зид бўлганлигига эътибор қаратмасдан давлат рўйхатидан ўтказган.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлигини текширишни амалга ошириши белгилаб берилган.
Судда жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари ўз эътирозларини исботлаб бермади.
Жавобгар вакилларининг суддаги Низом билан фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланмаслиги, Низомнинг ушбу банди қонун талабларига зид эмаслиги, Низомга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни татбиқ қилинмаслиги ҳақидаги важлари билан келишмайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида мазкур қонуннинг қўлланилиш соҳаси маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларига, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати аризачи Ш. Ибрагимовнинг аризасини асосли деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига асосан фуқаролардан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши, шунга асосан Ш. Ибрагимовга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ортиқча тўланган 4 050 000 сўм давлат божини қайтаришни, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигидан ариза топширишда тўланган 1 350 000 сўм давлат божи, 21 600 сўм почта харажатлари, жами 1 371 600 сўмни аризачи Ш. Ибрагимов фойдасига ундиришни лозим топади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 154, 158, 182-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Аризачи Ибрагимов Шерзод Алишеровичнинг аризаси қаноатлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 22 апрелда 3156-сон билан рўйхатга олинган) 24-банди ҳақиқий эмас деб топилсин.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига ушбу низомнинг 24-бандини Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш мажбурияти юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан аризачи Ш. Ибрагимовга 4 050 000 сўм давлат божи қайтарилсин.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигидан 1 371 600 сўм суд харажатлари аризачи Ш. Ибрагимов фойдасига ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори устидан бир ой ичила Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Д. ТОЖИБОЕВ
ҳайъат аъзолари Д. КАРИМОВ
О. БАРАКАБАЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 март,
5-28-2204/2-сон