LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси санъатини ривожлантириш, миллий анъаналар ва қадриятларни бойитиш, ўзбек халқи маданиятини ҳамдўстлик ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб этиш, бадиий ансамблларнинг ижодий шарт-шароитларини, моддий-техникавий аҳволини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Баҳор» ансамблининг ижодий фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 1993 йилнинг биринчи чорагида Маданият ишлари вазирлигининг буюртмасига биноан:
— «Тошкентбошқурилиш» (ўртоқ Э. Рустамов) «Баҳор» концерт залини таъмирлашни, янги машғулот залини қуришни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Боқибоев), «Ўзшартномасавдо» (ўртоқ Т. Шарипов), Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси (ўртоқ В. Сааков) «Баҳор» концерт залини таъмирлаш ва қурилиш ишлари, зални ва саҳнани техник жиҳозлаш, янги асарларни саҳналаштириш мақсадида концерт либосларини тиктириш учун 1-иловага* мувофиқ тегишли молиявий ва моддий-техникавий ресурслар, шунингдек, транспорт воситалари ажратсинлар.
2. Ўзбек миллий рақс санъатининг шаклланишига ва ривожланишига улкан ҳисса қўшган халқ артисти, «Баҳор» ансамблининг асосчиси Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 80 йиллиги республикада 1993 йилда нишонлансин. Юбилей комиссиясининг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва комиссия қисқа муддат ичида юбилей тадбирларини ишлаб чиқиб, уни бажаришга киришсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигининг 1993 йилдан бошлаб йил мобайнида яратилган ва халқ эътиборига сазовор бўлган миллий рақс дастурлари учун М. Турғунбоева номидаги уч даражали мукофотни таъсис этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин ҳамда вазирлик мазкур мукофот ҳақидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Танловларни эълон қилиш ва натижалари бўйича мукофот совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш Маданият ишлари вазирлигига топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Боқибоев) 1993 йилдан бошлаб ҳар йили мукофот совриндорларини тақдирлаш учун 3-иловага* мувофиқ маблағ ажратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Боқибоев) ва «Ўзшартномасавдо» уюшмаси (ўртоқ Т. Шарипов) Маданият ишлари вазирлигининг буюртмасига асосан М. Қориёқубов номли ўзбек давлат филармонияси «Шодлик» ансамблининг ижодий, моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида 1993 йилнинг биринчи чорагида 4-иловага* мувофиқ маблағ ва моддий ресурслар ажратсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Боқибоев) ва «Ўзшартномасавдо» уюшмаси (ўртоқ Т. Шарипов) Ўзбекистон Давлат телерадиокомпанияси буюртмасига асосан телерадиокомпания қошидаги дуторчи қизлар ансамбли ижодий фаолиятини яхшилаш мақсадида 1993 йилнинг биринчи чорагида 5-иловага* мувофиқ зарур маблағ ва моддий ресурслар ажратсинлар.
6. Санъат ва маданият ходимларининг турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида уларнинг ижодий фаолияти учун мослаштирилган лойиҳа асосида шаҳарнинг марказий қисмида кўп қаватли, 96 квартирали турар жой биноси қуриш мақсадга мувофиқ деб топилсин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Боқибоев), Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси (ўртоқ В. Сааков) ушбу мақсад учун зарур маблағ ажратсинлар.
Маданият ишлари вазирлиги санъат ва маданият ходимлари учун мўлжалланган уй қурилишининг буюртмачиси, «Тошкентбошқурилиш» (ўртоқ Э. Рустамов) бош пудратчи қилиб белгилансин.
Тошкент шаҳар ҳокими ўртоқ А. Фозилбеков бир ой муддат ичида турар жой биноси учун ер майдони ажратиш масаласини ҳал этсин.
7. Маданият ишлари вазирлиги (ўртоқ З. Ҳакимов) ва Ўздавтелерадиокомпания (ўртоқ Э. Ҳайитбоев) бир ой муддат ичида бадиий жамоаларнинг санъат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган намояндаларини рағбатлантириш учун белгиланган тартибда таклиф киритсинлар.