Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТЕННИСНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистонда тенниснинг оммавийлиги ва машҳурлигини, саломатликни мустаҳкамлашда унинг муҳим ўрин тутишини, халқаро майдонда спорт алоқаларини кенгайтиришдаги кенг имкониятларини ҳисобга олиб ва уни янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси ёшларининг «Камолот» жамғармаси, республика Теннис федерацияси ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятларда ва Тошкент шаҳрида унинг бўлимларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Теннисни ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
корхоналарда, ўқув юртларида ва мактабларда, спорт жамиятларида, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида теннис билан шуғулланиш учун моддий-техника базани мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
ёшлар, ишчилар, хизматчилар, талабалар, мактаб ўқувчилари аҳолининг бошқа тоифаларини спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга жалб қилиш, саноат корхоналари, ўқув юртлари, спорт жамиятлари, ташкилотларда теннис билан шуғулланиш бўйича мусобақалар ташкил этиш, маҳаллий, минтақавий ва республика мусобақалари ўтказиш, етакчи ва истиқболли спортчиларни халқаро мусобақаларда фаол қатнаштириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
иқтидорли болаларни спорт мактабларининг теннис бўлимларига қабул қилиш учун аниқ мақсадни кўзлаб излаш ва танлаш ҳамда энг истиқболли болаларни энг яхши халқаро теннис мактабларига юбориш;
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
захира ва халқаро турнирлар учун юқори классли теннисчилар тайёрлаш мактаблари ташкил этиш.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Жамғарма юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган, ўз фаолиятини мустақил амалга оширадиган, барча юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий фуқаролар, ташкилотлар, фирмалар ва уюшмалар учун очиқ бўлган, уларнинг бадаллари ва бошқа пул тушумлари ҳисобига таъминланадиган, ўзини ўзи бошқарадиган, ўзини-ўзи маблағ билан таъминлайдиган, Ҳукуматга қарашли бўлмаган жамоат ташкилоти ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бошқарувининг юқори органи конференция ҳисобланади;
конференциялар орасидаги даврда Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқаришни конференция томонидан сайланадиган кенгаш амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тузилмасига иловага мувофиқ розилик берилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Ўзбекистон Республикаси Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 млн. сўм ажратилсин.
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, уюшмалари, концернлари, компаниялари, корхоналари, хўжаликлари ва ташкилотлари Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Уставда кўрсатилган ўз вазифаларини амалга оширишида унга молиявий ва амалий ёрдам кўрсатсинлар.
6. Адлия вазирлиги Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Уставини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига нотижорат ташкилотлар учун амалдаги қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари татбиқ этилсин.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Теннис клубларини бюджетга тўланадиган солиқларнинг барча турларидан 5 йил муддатга озод қилинсин. Ушбу маблағ теннисни ривожлантиришга йўналтирилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А. Азизхўжаев, М.З. Усмонов ва Ўзбекистон Теннис федерацияси раиси Р.Р. Иноятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 25 август,
414-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25 августдаги 414-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Теннисни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг
ТУЗИЛМАСИ
(Ижро этувчи аппарат штати — 15 нафар)