Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 27 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3291]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони, 2013 йил 24 декабрдаги ПҚ-2095-сон «Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон «Вазирликлар. давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ташқи ишлар вазири А. КАМИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 25 февраль,
61-сон
Молия вазири Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 16 февраль,
10-сон
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил 25 февралдаги 61-сон ва Молия вазирлигининг 2021 йил 16 февралдаги 10-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлик ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш хамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
консуллик йиғимлари тарифи — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 24 декабрдаги ПҚ-2095-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифига мувофиқ ўрнатилган йиғимлар миқдори;
ҳақиқий харажатлар — консуллик ҳаракатларини амалга ошириш вақтида консуллик йиғимларига қўшимча равишда тўланадиган йиғим миқдоридан қопланувчи Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бажариладиган моддий харажатлар;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари — Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари.
2. Консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун консуллик йиғимлари, шунингдек кўрсатилган ҳаракатлар амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади.
3. Ҳақиқий харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
почта, телеграф, телефон, телекс, факсимил ва модем орқали амалга оширилган алоқалар:
канцелярия молларини харид қилиш;
транспорт харажатлари;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари ходимларининг консуллик ҳаракати бажариладиган жойга хизмат сафарига юборилиши;
шошилинч консуллик ҳаракатларини амалга ошириш;
бланкалар сотиб олиш ва тайёрлаш, шу жумладан виза бланкаси;
бошқа харажатлар (сақлаш, мулкни қидириш, сотиш ва б.).
2-боб. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундириш
4. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар консуллик ҳаракатлари бажарилганда ундирилади. Бунда, йиғимлар қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги лозим:
Ўзбекистон Республикаси визасини расмийлаштириш учун — 45 АҚШ доллари;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун — 20 АКШ доллари;
фуқаролик масалалари билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш учун — 30 АҚШ доллари;
фуқароларни рўйхатга олиш учун — 25 АҚШ доллари;
ҳужжатларни легаллаштириш ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун — 15 АҚШ доллари;
бошқа консуллик хизматлари учун — 20 АҚШ доллари.
5. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим миқдорини ҳисоблаш ҳар бир Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси учун икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, хорижий давлатдаги товарлар ва хизматларнинг қиймати ва бошқа ҳолатларни (тенглик принципи ва б.) ҳисобга олган ҳолда, бироқ мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган миқдорлардан кўп бўлмаган тарзда амалга оширилади.
Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимнинг аниқ миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Агар ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларида белгиланган тартибдаги йиғим миқдоридан ошиб кетган тақдирда (масалан, консуллик мансабдор шахсининг транспорт, кунлик, уй-жой ижараси ва бошқа харажатлари), Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси раҳбари аризачи билан келишган ҳолда ҳақиқий харажатлар ўрни тўлиқ қоплангунига қадар йиғим миқдорини ошириш ҳуқуқига эга.
6. Ариза берувчиларнинг (консуллик ҳаракатидан манфаатдор шахслар) консуллик йиғимларидан озод қилинганлиги ёки унга нисбатан камайтирилган тариф белгиланганидан қатъи назар, улардан ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим тўла ҳажмда ундирилади.
7. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим, консуллик йиғими билан бир вақтда АҚШ долларида, бошқа эркин алмаштириладиган валютада ёки Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси жойлашган хорижий давлатнинг миллий валютасида (миллий валюта эркин алмаштириладиган валюта бўлмаган жойларда) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик тамойилига риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан тушган йиғим маблағларининг ҳисоб-китоби консуллик йиғими сифатида тушган маблағлардан алоҳида амалга оширилади.
Ариза берувчилардан (консуллик ҳаракатидан манфаатдор шахслар) ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим сифатида келиб тушган барча маблағлар касса кирим ордерлари ёки банк ҳужжатлари орқали расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси хорижий муассасаларининг тегишли ҳисоботларида акс эттирилади.
3-боб. Қабул қилинган маблағлардан фойдаланиш
8. Консуллик ҳаракатлари амалга оширилгани учун келиб тушган ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимнинг 70 фоизи Давлат бюджетига, 30 фоизи эса Ўзбекистон Республикасининг Дипломатик хизмат органларини ривожлантириш жамғармасига (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) йўналтирилади.
9. Давлат бюджетига тааллуқли (70 фоиз) маблағлар Ўзбекистон Республикаси хорижий муассасаларининг тасдиқланган смета харажатларини молиялаштириш учун юборилади.
10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3654-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат органларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.
4-боб. Бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни топшириш
11. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисоби йиғимидан келиб тушган 70 фоиз миқдоридаги Давлат бюджетига ўтказиладиган пул маблағлари бухгалтерия ҳисоботидаги «Қуйи идоралар жорий ҳисоби», «Қуйи идоралар ғазнаси» ҳисобларида дебит, «Консуллик йиғимлари бўйича тўловлар ҳисобида кредит тарзида кўринади.
12. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисоби йиғимидан келиб тушган 30 фоиз миқдоридаги Жамғарма пул маблағлари бухгалтерия ҳисоботида «Қуйи идоралар жорий ҳисоби», «Қуйи идоралар ғазнаси» ҳисобларида дебит ва «Консуллик йиғимлари бўйича тўловлар» ҳисобларида кредит тарзида кўринади.
13. Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларнинг алоҳида банк ҳисобварақасига (консуллик йиғимлари учун) келиб тушишини ҳисобга оладилар ва мунтазам равишда (бир ойда бир марта) хорижий муассасанинг асосий бюджет ҳисобидан Давлат бюджетига тегишли маблағлар ўтказилишини таъминлайди.
Жамғарма маблағлари харажатларини амалга оширишда консуллик йиғимлари ҳисоб рақамидан фойдаланилади.
14. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан тушган йиғимлар ва улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Молия-иқтисод бошқармасига чораклик ва йиллик бухгалтерия ҳисоботлар доирасида юборилади.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари томонидан консуллик йиғимлари тушиши бўйича ҳар ойлик тезкор ҳисоботлар тузилганда, алоҳида жадвалда ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан ундирилган йиғимлар кўрсатилади.
15. Ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ставкаларини тўғри қўлланилиши ва қабул қилинган маблағларнинг ишлатилиши учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари раҳбарлари ва бухгалтерлари зиммасига юклатилади.
5-боб. Консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш
16. Ўзбекистон Республикасининг консуллик йиғимлари тарифига мувофиқ консуллик йиғимлари куйидаги валюталарда тўланади:
а) АҚШ долларида;
б) бошқа эркин алмаштириладиган валютада;
в) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаро тенглик тамойилларига риоя қилиш асосида хорижий муассасалар жойлашган давлатларнинг миллий валютасида (миллий валюта эркин алмаштириладиган валюта бўлмаган жойларда).
17. Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси раҳбари томонидан консуллик йиғимлари тарифи учун тўланадиган валюта тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Консуллик йиғимлари тарифини маҳаллий валютадаги миқдорини ҳисоблаш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси раҳбари томонидан ҳисоб-китоб курси ўрнатилади.
Ўрнатилган ҳисоб-китоб курси миқдорини белгилашда бошқа мамлакатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган консуллик йиғимлари миқдори бўйича ўзаро тенглик тамойилларига риоя қилинганлиги ва миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курсининг ўзгариши натижасида консуллик йиғимларидан олинадиган даромадлар камайишининг олди олинганлиги каби омиллар инобатга олиниши лозим.
18. Консуллик йиғимлари тарифининг белгиланган курси Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаси раҳбари томонидан ҳар чоракда буйруқ билан тасдиқланади. Зарурият тугилганда белгиланган ҳисоб-китоб курси чорак мобайнида ўзгартирилиши мумкин.
19. Консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар тарифининг маҳаллий валютадаги миқдорини аниқлаш учун белгиланган ҳисоб-китоб курси хорижий муассасалар бухгалтерия операцияларини амалга оширишда қўлланилмайди.
20. Консуллик йиғимлари тарифини Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари жойлашган давлатларнинг миллий валюталарига нисбатан қайта ҳисоблашда ҳисоб-китоб курсининг тўғри қўлланиши учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасалари раҳбарлари ва бухгалтерлари зиммасига юклатилади.
6-боб. Якуний қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.03.2021 й., 10/21/3291/0247-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)