Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ АҲОЛИСИГА САВДО ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ МАСАЛАЛАРИДА ЎЗБЕКБИРЛАШУВ ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси матлубот кооперацияси тизимидаги корхоналар томонидан аҳолига савдо хизмати кўрсатишнинг аҳволини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ ўтказилган текширишлар натижасида республика қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатишда жиддий камчиликлар ва нуқсонлар аниқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликлари, Ўзбекбирлашув ва Давлат мулки қўмитаси, уларнинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари Ҳукуматнинг кооператив мулкни хусусий мулкка ва хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига айлантириш тўғрисида илгари қабул қилинган қарорлари сифатли ва самарали бажарилишини таъминламадилар. Матлубот кооперациясининг савдо ва бошқа корхоналарининг кўпчилик қисми мулкдорларга уларнинг молиявий имкониятлари етарлича ўрганилмасдан сотилган.
Мулкчилик шаклини ўзгартирган дўконларнинг фаолияти икки томонлама шартномалар асосида етарли даражада назорат қилинмайди, кўпчилик ҳолларда улар товарларнинг оз миқдорда бўлишига кўникиб қолишган, кўп ҳолларда уларнинг пештахталари бўшлигича қолмоқда.
Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва республика қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатишни яхшилаш, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, қишлоқ савдо корхоналари ва ташкилотларини бозор шароитларига мослаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекбирлашув ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг савдо корхоналарини акциядорлаштириш ва уларнинг мулкчилик шаклини ўзгартириш юзасидан Ҳукуматнинг илгари қабул қилинган қарорлари бажарилишини ташкил этиш, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатишда уларни ислоҳотларга тайёрлашга доир ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.
Бошқарув фаолиятига раҳбарлик қилишни ва қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш бўйича ўзига қарашли акциядорлик жамиятлари ишини мувофиқлаштиришни сусайтирганлиги, тизимда иқтисодий ислоҳотлар қониқарсиз амалга оширилганлиги, кооператив мулкни мулкчиликнинг бошқа турларига айлантириш самарадорлигини етарлича назорат қилмаганлиги учун Ўзбекистон матлубот кооперацияси акциядорлик жамиятлари марказий уюшмаси раиси Ф.Ж. Бурхоновга ҳайфсан эълон қилинсин.
Бош вазирнинг ўринбосари М.З. Усмоновга ўзи бошчилик қилаётган халқ истеъмол товарлари, савдо ва пулли хизмат кўрсатиш комплексининг Ўзбекбирлашув тизимида ислоҳотларга кўмаклашиш ва қишлоқда савдо хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича фаолиятига етарлича раҳбарлик қилмаганлиги ва назоратни сусайтирганлиги кўрсатиб ўтилсин.
Матлубот кооперацияси акциядорлик жамиятлари марказий уюшмаси (Бурхонов)га жойлардаги бўлинмалар раҳбариятини бозор ўзгартиришларини ўтказишга мойил бўлган мутахассислар орасидан малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш топширилсин, жойлардаги акциядорлик жамиятларининг ишлаб турган раҳбарлари аниқланган камчиликларни бир ой муддатда бартараф этиш учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин, акс ҳолда уларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ энг қаттиқ чоралар кўрилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят ҳокимларининг эътибори қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатишни ташкил этишда жиддий камчилик ва нуқсонлар мавжудлигига, қишлоқ аҳолисини кундалик зарур моллар билан ўз вақтида таъминлашга қаратилсин ҳамда улар ушбу ишларнинг аҳволи учун шахсан жавобгар эканликлари ҳақида огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекбирлашув томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва кундалик энг зарур озиқ-овқат ва ноозиқовқат товарлари захиралари ташкил этиш масалаларида Ўзбекбирлашув фаолиятини яхшилаш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Ўзсавдогарбанк» ва «Пахта-банк»ка «Ўзагросуғурта» давлат-акциядорлик суғурта компанияси иштирокида матлубот кооперацияси корхоналарига мулкни ёки сотиб олинган товарларни гаровга қўйган ҳолда, улар сотилиши давомида кредитлар қайтарилиши шарти билан, энг зарур озиқ-овқат товарлари харид қилиш учун кредитлар бериш амалиётини қўллаш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекбирлашувга матлубот кооперацияси корхоналари айланма маблағларини тўлдириш учун 2 йил муддатга 300 млн. сўм кредит ресурслари ажратсин ҳамда 1996 йилда берилган 500 млн. сўм миқдоридаги кредит ресурслари қайтарилишини 1 йил муддатга кечиктирсин.
5. Ўзбекбирлашув «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Хорижий инвестициялар бўйича агентлик, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда тармоққа чет эл инвестицияларини жалб қилиш дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин, унда қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ташкил этилишига алоҳида эътибор берсин.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси матлубот кооперацияси акциядорлик жамиятлари учун саноат корхоналарини қайта жиҳозлаш, кичик, ўрта корхоналарни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, хом ашё ва бутловчи материаллар харид қилиш билан боғлиқ маблағларни конвертация қилиш масалаларида Ўзбекбирлашувга зарур ёрдам кўрсатсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекбирлашув тизими корхоналари томонидан Ҳукуматнинг қишлоқ дўконларида энг зарур асосий озиқ-овқат ва ноозиқовқат товарларининг мажбурий равишда мавжуд бўлиши, улар томонидан касса аппаратлари қўлланилишига доир қарорлари ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни кучайтирсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 6 январдаги Ф-689-сон фармойиши билан ташкил этилган ишчи комиссиялар Ўзбекбирлашув ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг шу йил 9 ойдаги иш якунлари бўйича мазкур қарорнинг бажарилишини текширсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига зарур таклифлар киритсинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М. 3. Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 23 апрель,
208-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 23 апрелдаги 208-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатиш масалаларида Ўзбекбирлашув фаолиятини яхшилаш
ДАСТУРИ
КИРИШ
Аҳолига савдо хизмати кўрсатиш масалаларида фаолиятни яхшилаш дастури матлубот кооперацияси тизимида савдо, умумий овқатланиш ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти таҳлилидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.
Ўтказилган текшириш шуни кўрсатдики, қишлоқ аҳолисига савдо хизмати кўрсатишда бир қанча камчиликлар ва нуқсонлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 14 декабрдаги 604-сон қарори билан белгиланган энг зарур асосий товарларнинг чакана савдо тармоғида мавжуд эмаслиги, шунингдек, ажратилган фондларнинг бир текисда олинмаслиги айрим ҳоллари мавжуд.
Бир қанча чекка туманларда назорат-касса машиналари иши устидан етарли назорат ўрнатилмаган.
Бозор муносабатларига ўтиш даврида тушунтириш ишлари суст олиб борилмоқда, бу айрим раҳбарларнинг ушбу шароитларда ишлашга тайёр эмаслигига олиб келди.
Айланма маблағларга эҳтиёж бўлган ҳолда объектларни кимошди савдолари орқали сотиш суст борди.
Икки томонлама шартномаларга риоя қилиш масаласида хусусийлаштирилган дўконлар иши устидан назорат сусайтириб юборилган. Қимматли қоғозларни сотишда мўлжалланган суръатга эришилмади.
Матлубот кооперацияси тизимида йўл қўйилган камчиликларни ҳисобга олиб ва уларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекбирлашув томонидан 2000 йилгача бўлган даврга узоқ муддатли дастур ишлаб чиқилган. Дастур қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади.
I. КООПЕРАТИВ МУЛКНИ ХУСУСИЙ МУЛККА, МУЛКЧИЛИКНИНГ БОШҚА ШАКЛЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ ИШЛАРИНИ ТУГАЛЛАШ ВА МУЛКДОРЛАР СИНФИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ
Кооператив мулкни мулкчиликнинг бошқа шаклларига босқичма-босқич айлантириш бўйича Ҳукумат қарорларини бажара бориб барча фаолият тармоқларининг 14,3 минг объекти сотилди. Айрим ҳолатларга кўра янги мулкдорни шакллантиришга етарлича эътибор берилмади. Айрим ҳолларда икки томонлама тузилган шартномаларга риоя қилинмади.
Хусусий мулк эгалари томонидан иш ихтисосини ўзгартириш ҳолларига йўл қўйилди, хусусийлаштирилган дўконлар пештахталарига эса товарлар энг кам ҳажмда тушди.
Ишлаб чиқилган дастурда хусусийлаштирилган корхоналар ишини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда дўконларнинг фаолияти ихтисослиги сақланиб қолиши шарти билан қишлоқ аҳолисини энг зарур озиқ-овқат товарлари билан изчил таъминлаш бўйича икки томонлама шартномалардан келиб чиқувчи ўзаро мажбуриятларга риоя қилишга доир мавжуд қоидаларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. Шартномалар бажарилишига риоя этилмаган ҳолларда қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш. 1997 йилнинг биринчи октябригача қурилиши тугалланмаган объектларни, шунингдек, савдо корхоналарини, ижтимоий соҳа объектларини кейинчалик кимошди савдоси ва биржа савдоларида сотган ҳолда улардан самарали фойдаланиш мақсадида мавжуд асосий фондларни қайта рўйхатдан ўтказишни тугаллаш. Икки томонлама шартномаларни 2000 йилгача узайтириш назарда тутилмоқда.
II. ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ ВА ИСТЕЬМОЛ БОЗОРИНИ ХАЛҚ ИСТЕЬМОЛ ТОВАРЛАРИ БИЛАН ТЎЛДИРИШ
Қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун диққат-эътибор савдо тизими раҳбарлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга, ҳар бир вилоятда 72 та «Супермаркет» типидаги дўконлар тармоғини ташкил этиш, эски савдо нуқталарини реконструкция қилиш ва тузатиш, янги замонавий дўконлар қуриш, 464 та «Хўжалик моллари», «Маданий моллар», «Мебель», «Деҳқончилик маҳсулотлари» каби ихтисослаштирилган дўконларни тиклашга қаратилади.
Ўзбекбирлашув, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ жойлардаги хусусий ва жамоа савдо корхоналари эгаларига тизимнинг базалари ва йирик савдо ташкилотлари орқали истеъмол товарлари билан тўлдириш масалаларида амалий ёрдам кўрсатсинлар ва қўллаб-қувватласинлар. Хусусий ва жамоа корхоналарига истеъмол товарларини улгуржи сотиш бўйича йирик универмаглар ҳузурида ихтисослаштирилган дўконлар ва секцияларни қўшимча равишда ташкил этсинлар, уларга транспорт, қурилиш хизматлари кўрсатсинлар ва иқтисодий ўқишни ташкил этсинлар.
Бўлимда озиқ-овқат ва ноозиқовқат халқ истеъмол товарлари тушиши манбалари назарда тутилган.
1997—2000 йилларда республика саноат корхоналаридан 122 млрд. сўмлик озиқ-овқат товарлари тушишига, улар билан қишлоқ жойлардаги савдо ташкилотларининг тўлдирилишига алоҳида эътибор берилади. 1997—2000 йилларда товарларнинг 21,1 млрд. сўмлик бир қисмини матлубот кооперациясининг ўз корхоналарида ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.
III. ХАЛҚ ИСТЕЬМОЛ ТОВАРЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЎЗ БАЗАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Ишлаб чиқаришнинг ўз базасини ривожлантириш ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишни ва унинг ҳажмларини кўпайтиришни назарда тутади.
Озиқ-овқат товарларининг янги турларини ишлаб чиқаришга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга, ихчам, чиройли идишларда рақобатга бардошли маҳсулот ишлаб чиқаришга катта эътибор берилади. Бунинг учун Ўзбекистон, Самарқанд, Хоразм, Бухоро консерва заводларини технологик қайта жиҳозлаш назарда тутилган. 1997—2000 йилларда янги маҳсулотларнинг 15 турини ўзлаштириш мўлжалланган.
IV. ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ ВА ҚЎШМА КОРХОНАЛАР
Ташқи иқтисодий фаолиятни чуқурлаштириш маҳаллий хом ашё ресурсларини сотиш бозорларини кенгайтиришга, ўзаро фойдали шериклик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган, Импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Хорижий инвестициялар бўйича агентлик билан биргаликда тармоққа камида 10 млн. АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияларини жалб этиш масаласини ҳал этиш мўлжалланган. 1997—2000 йилларда 22 та қўшма корхона ташкил этилади.
V. ТАЙЁРЛОВ ФАОЛИЯТИ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ
Тайёрлов фаолияти етиштирилган маҳсулотни кафолатли сотиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари тайёрлаш ва сотишнинг улгуржи тизимини шакллантириш масаласида шахсий томорқа эгалари, фермер(деҳқон) хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. 1997—2000 йилларда 2750 минг тонна, шу жумладан, фьючерс контрактлари бўйича 40 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари тайёрлаш, 425 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини республика ташқарисига жўнатиш мўлжалланган.
Умумий овқатланиш корхоналари ва колбаса ишлаб чиқаришнинг гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш назарда тутилган, 4 йил ичида 29,5 минг тонна гўшт етиштирилади.
VI. МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Инвестиция дастурида 1997—2000 йилларда ўз маблағлари ҳисобидан 1939,8 млн. сўм капитал қўйилмаларни қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантиришга, бўшаб қолган қишлоқ аҳолисини хизматлар ва ишлаб чиқариш соҳасига жалб этиш назарда тутилган.
Дастурнинг бажарилиши хизмат кўрсатиш соҳасига 17 минг кишини жалб этиш имконини беради.
VII. САВДО ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШ
Савдо ташкилотларини молиявий барқарорлаштириш дастурнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, чунки аҳолини озиқ-овқат ва ноозиқовқат товарлари билан узлуксиз таъминлаш кўп жиҳатдан мана шу омилларга боғлиқдир.
Дастурда 1997—2000 йилларда жамоалар аъзоларининг 1300 млн. сўм ўз маблағларини жалб этиш, 1019 млн. сўм акциялар улушини эркин сотиш ва тижорат банкларининг кредит ресурсларини олиш ҳисобига савдо ташкилотларини айланма маблағлар билан тўлдириш мўлжалланган.
Шу йилнинг 9 ойи ичида эркин сотиш учун мўлжалланган 401 млн. сўмлик акциялар улушини фонд биржаси орқали сотиш, 1998 йилдан бошлаб ҳар йили 206 млн. сўмдан акциялар иккиламчи эмиссиясини чиқаришга киришиш, шунингдек, дебиторлик ва кредиторлик қарзларни энг кам даражага келтириш назарда тутилган.
VIII. КАДРЛАР СИЁСАТИ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ
Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитларида кадрларнинг сифат таркибини қайта кўриб чиқиш зарурияти пайдо бўлди. Шу муносабат билан ҳамма жойда моддий жавобгар шахслар ва раҳбар кадрларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш амалга оширилади. Кадрлар бозор ўзгартиришларини амалга оширишга иштиёқли мутахассислар орасидан танланади.
Тизимнинг ўқув юртларида бозор иқтисодиётига йўналтирилган кадрларни тайёрлаш мўлжалланган. Шу жумладан, 1997—2000 йилларда олий маълумотли 1200 мутахассис, ўрта маълумотли 8 минг мутахассис тайёрланади. Ишлаётган мутахассислар учун иқтисодий таълим мактаби ташкил этилади.