Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69, 78-моддаларига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 8-моддасига ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифи қабул қилиниб:
Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегаралари ўзгартирилсин;
Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг ўзгартирилаётган чегаралари ҳисобидан Тошкент вилояти ҳудудидан 2 288,4 гектар ер майдони, шу жумладан Зангиота тумани «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди (492,0 гектар), Қуйичирчиқ тумани «Сурум» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди (128,7 гектар), Янгийўл тумани «Чортоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди (264,4 гектар) ва Ўртачирчиқ тумани Алишер Навоий, «Бектемир», «Жалоир», «Нурафшон», «Хўжа-Учқун» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари ҳамда «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудининг бир қисми (1 403,3 гектар) Тошкент шаҳри таркибига ўтказилсин;
Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган ер майдони, шунингдек Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Ал-Фарғоний, «Виқор», «Чорбоғ», «Ёрқин ҳаёт», «Йўлдош», «Чароғон», «Дўстлик», «Навқирон», «Олчазор», «Ташаббус», «Янги умид», «Янги Чоштепа», «Ҳумо» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари ҳамда «Дарё бўйи», «Қипчоқ», «Софдил», «Паст дархон», «Жўнариқ», «Чоштепа» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бир қисми (1 864,2 гектар) ва Бектемир тумани «Бинокор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди (267,0 гектар) ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида умумий ер майдони 4 419,6 гектардан иборат бўлган Янгиҳаёт тумани ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таклиф этилган:
Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели ва Бектемир туманлари чегараларининг картографик чизмаси ҳамда чегаралари чизиғининг тавсифи тегишинча 3 — 14-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
3. Белгилаб қўйилсинки, чегараси ўзгартирилаётган Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги сайлов округларидан (21-Ўзгариш, 22-Хонобод), Ўртачирчиқ туманидаги сайлов округларидан (1-Қумовул, 2-Қумовул), Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги сайлов округларидан (9-Ўзар, 11-Хабибий, 18-Файзли, 19-Обиҳаёт, 21-Иттифоқ, 22-Навқирон, 23-Софдил, 24-Лутфикор, 25-Қўрғонтепа), Бектемир туманидаги сайлов округларидан (25-Бинокор, 26-Шоликор, 27-Сангзор) сайланган халқ депутатлари Зангиота, Ўртачирчиқ, Сергели ва Бектемир туманлари Кенгашлари депутатлари халқ депутатлари Янгиҳаёт туман Кенгаши депутатлари ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 8 сентябрь,
443-IV-сон