Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024 йил 24 декабрдаги 239-V-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Cаноқ комиссиясини тузиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида ўрнатилган чекловларни инобатга олган ҳолда, шунингдек коронавирус инфекциясининг депутатлар орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш бўйича вақтинчалик регламент 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни ташкил этиш учун 2-иловага мувофиқ таркибда саноқ комиссияси тузилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
4. Ушбу Қарор Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш бўйича карантин чоралари бекор қилингунига қадар амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 16 апрель,
224-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 16 апрелдаги № 224-IV-сонли Қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш бўйича вақтинчалик
РЕГЛАМЕНТ
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш бўйича вақтинчалик регламенти (бундан буён матнда Вақтинчалик регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, овоз бериш тартиб-таомилларини ҳамда унинг натижаларини ҳисобга олиш тартибини белгилайди.
2-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси Спикери томонидан қабул қилиниши мумкин.
Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимидаги мажлислари Қонунчилик палатаси биносидаги мажлислар залидан ўтказилади.
3-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлислари, агар мажлислар ишида палата депутатлари умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларини қабул қилишга, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.
4-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларининг кун тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентида белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан шакллантирилади.
Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш мумкин эмас.
5-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларида Қонунчилик палатаси депутатлари, Девони ходимлари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ва уларнинг вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 81-моддасининг еттинчи қисмида белгиланган шахслар иштирок этишга ҳақли.
Бундай мажлислар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.
6-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларида ҳозир бўлган депутатларни рўйхатдан ўтказиш, очиқ овоз бериш натижаларини санаб чиқиш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш саноқ комиссияси томонидан амалга оширилади.
Саноқ комиссиясининг қарори комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
7-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларининг кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари ва уларга доир материаллар масъул қўмитанинг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси Девони томонидан, қоида тариқасида, мажлис бошлангунига қадар уч кундан кечиктирмай депутатларга етказилади.
2-боб. Қонунчилик палатасининг мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби
8-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлиси бошланишидан аввал саноқ комиссияси Қонунчилик палатасининг мажлислар залига тўпланган депутатларни ҳамда видеоконференцалоқа режимида мажлисга уланган депутатларни рўйхатдан ўтказади.
Рўйхатдан ўтказиш мажлис бошланишидан 30 дақиқа олдин бошланади ва 10 дақиқа қолганда якунланади.
9-модда. Қонунчилик палатасининг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганда Қонунчилик палатасининг мажлислар залида қуйидаги шахсларнинг бўлиши шарт:
Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи;
кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан масъул этиб белгиланган маърузачилар;
саноқ комиссиясининг аъзолари;
ҳар бир сиёсий партия фракциясининг камида биттадан вакили.
Қонунчилик палатасининг бошқа депутатлари мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этиши мумкин.
10-модда. Қоида тариқасида, маъруза учун — 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун — 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 15 дақиқагача бўлган вақт белгиланади.
Мунозараларда сўзга чиқувчи депутатларга 10 дақиқагача вақт берилади. Мунозараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлисни олиб бориш тартиби, баёнотлар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун — 3 дақиқагача вақт берилади.
11-модда. Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентида белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.
3-боб. Овоз бериш ва қарорлар қабул қилиш тартиби
12-модда. Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларда Қонунчилик палатасининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
13-модда. Ҳар бир масала бўйича овоз беришда депутат битта овозга эга бўлади ва у қарор қабул қилинишини «ёқлаб» ёки унга «қарши» ёхуд қарор қабул қилинишига бетарафлик билдириб овоз беради.
Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.
Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган депутат овоз бериш учун ажратилган вақт ўтганидан кейин овоз беришга ҳақли эмас.
14-модда. Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларда овоз бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) мажлисда раислик қилувчи масала овозга қўйилганлигини эълон қилади;
2) мажлислар залида ҳозир бўлган депутатлар биринчи навбатда овоз беради. Овоз бериш электрон тизим орқали амалга оширилиши мумкин;
3) мажлисда видеоконференцалоқа режимида жамоавий уланиш нуқтасидан иштирок этаётган депутатлар иккинчи навбатда овоз беради. Бунда видеоконференцалоқа режимида жамоавий уланиш нуқтасидан иштирок этаётган депутатлар тасвири кетма кетликда экранга чиқарилади. Овоз бериш жараёнида овоз бераётган барча депутатлар кўриниб туриши шарт. Овоз бериш натижалари уларнинг орасидан тайинланган вакил томонидан ўқиб эшиттирилади («тарафдорлар», «қаршилар», «бетарафлар»);
4) мажлисда видеоконференцалоқа режимида якка тартибда уланиш нуқтасидан иштирок этаётган депутатлар учинчи навбатда овоз беради. Бунда барча депутатларнинг тасвири бир вақтнинг ўзида экранга чиқариб турилади. Раислик қилувчи томонидан «тарафдорлар», «қаршилар» ва «бетарафлар» борми деган саволлар билан мурожаат қилинади. Депутатлар бу саволларга қўлларини кўтариб жавоб берадилар;
5) овоз беришнинг ҳар бир навбатининг натижаси саноқ комиссияси томонидан қайд этиб борилади. Мажлисда иштирок этаётган барча депутатлар овоз бериб бўлганидан сўнг саноқ комиссиясининг раиси раислик қилувчига овоз бериш натижалари тўғрисида маълумот беради;
6) раислик қилувчи овоз бериш натижаларини эълон қилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15-модда. Қонунчилик палатасининг қарорлари, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва қонунида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
16-модда. Барча масалалар бўйича овоз бериш натижалари Қонунчилик палатасининг баённомаси ва стенограммасига киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 16 апрелдаги № 224-IV-сонли Қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни ташкил этувчи саноқ комиссиясининг
таркиби
|
Абдуллаев Илхом Зоирович |
— |
146-Астробод сайлов округидан сайланган депутат (ЎзМТДП), комиссия раиси |
|
Ганиев Дониер Авазович |
— |
110-Марғилон сайлов округидан сайланган депутат (ЎзЛиДеП) |
|
Джураев Қодир Асадович |
— |
31-Вобкент сайлов округидан сайланган депутат (Ўзбекистон «Адолат» СДП) |
|
Назаров Шарофиддин Хакимович |
— |
138-Кўкдала сайлов округидан сайланган депутат (Ўзбекистон ХДП) |
|
Хушвақтов Ислом Норташович |
— |
132-Чироқчи сайлов округидан сайланган депутат (Ўзбекистон Экологик партияси) |