Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида пулли хизматлар ташкил этилишини тартибга солиш, ҳаракатланаётган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг туризм жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 17 декабрь,
795-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 декабрдаги 795-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар
1. 6-банддаги «назарда тутилган ҳолатлар» сўзларидан кейин «ҳамда мазкур Низомга иловада белгиланган автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар (кейинги ўринларда — пулли хизматлар)» сўзлари қўшилсин.
2. Қуйидаги мазмундаги 61-банд қўшилсин:
«61. Пулли хизматлар автомобиль ўтказиш пунктининг нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолда, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мулкини ижарага бериш орқали белгиланган тартибда фақат тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилишига йўл қўйилади.
Пулли хизматлар кўрсатилиши учун автомобиль ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пулли хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган майдон, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади».
3. Қуйидаги мазмундаги илова қўшилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган мобил алоқа операторлари хизматлари.
2. Овқатланиш ҳамда санитар-гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият.
3. Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси.
4. Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш.
5. Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати.
6. Ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларини майда таъмирлаш ишлари ҳамда уларни эвакуация қилиш.
7. Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш.
8. Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш).
9. Таржимонлик хизмати.
10. Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкаларини тўлдириб бериш, турли компьютер хизматлари, факс, Интернет) хоналари.
11. Такси чақириш хизмати».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2020 й., 09/20/795/1638-сон)