Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, халқ депутатлари Кенгашлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, секторлар раҳбарлари томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилган.
Ўрганишлар давомида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан вилоятда қатор чоралар кўрилаётганлиги маълум бўлди.
Жойларда бюджет тушумлари, республика бюджетидан ажратилаётган трансферлар ва бошқа маблағлар биринчи навбатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига, жумладан дори воситалари, тиббиёт буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга, шунингдек иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларнинг ўрнини қоплашга йўналтирилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳамда бошқа ходимларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун махсус рағбатлантирувчи тўловлар, бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонига мувофиқ тадбиркорлар, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган имтиёзлар асосида пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган жами 105 та микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорга кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни фоизсиз кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тақдим этилган.
Вилоятда 15 456 нафар якка тартибдаги тадбиркор учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилиб, жами 10,6 млрд. сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган.
Пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятдаги тижорат банклари томонидан 6 636 та тадбиркорлик субъектининг 631,3 млрд. сўмлик кредит муддатлари узайтириб берилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳудуддаги жами 157 та меҳмонхонага 2020 йил 1 апрелдан 2021 йил 1 январгагача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилгани сабабли жами 2,5 млрд. сўмга яқин маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган.
Вилоятдаги банклар томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 15 мартидан 1 июнга қадар бўлган даврда 2 561 та хўжалик юритувчи субъектнинг турли лойиҳаларини молиялаштириш учун 725,3 млрд. сўм ҳамда жисмоний шахсларнинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш учун 7 314 та қарз олувчига 56,0 млрд. сўмлик микроқарз ва бошқа кредитлар берилган.
Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар билан мулоқот қиладиган, улар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган 223 нафар тиббиёт ходимга ҳар 14 кунлик даври учун махсус қўшимча тўлов, инфекция тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган 1 556 нафар тиббиёт ва бошқа ходимнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдоридаги қўшимча тўловларнинг тўланиши учун жами 12,5 млрд. сўм маблағлар йўналтирилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар давомида вилоятда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган масалаларни ҳал этиш борасида ўз ечимини кутиб турган қатор муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотлар чоғида уларга пандемияга қарши курашиш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган мамлакатимиз Президентининг фармон ва қарорларида назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар лозим даражада етказилмаганлиги, хусусан, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг кредит ажратиш юзасидан мурожаатларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги маълум бўлди.
Масалан, «Ҳазорасп Карвоншоҳ» фермер хўжалигининг чорвачилик фаолияти учун «Агробанк» туман филиалига кредит бўйича қилган мурожаатига ресурс йўқлиги рўкач қилиниб, кредит ажратиш ортга суриб келинган.
Пандемия даврида ўз фаолиятини тўхтатмаган Урганч туманидаги «Milliy bottlers» хусусий корхонасига нисбатан 165,2 млн. сўмлик солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича имтиёз нотўғри қўлланилган.
Урганч ва Қўшкўпир туманларида камбағал оила сифатида рўйхатга олинган оилаларда қўшимча даромад манбаларининг йўқлиги инобатга олинмаган, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлиги таъминланмаган. Хива шаҳрида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларни 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда узилиш ҳолатлари кузатилди.
Республика бўйича кичик саноат зоналари ташкил этиш учун 400 млрд. сўм ажратилиши белгиланган бўлиб, Янгибозор туманида 24,1 га майдонда ташкил этиш режалаштирилган янги кичик саноат зонасида лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ушбу маблағдан тегишлича фойдаланиш юзасидан етарли даражада чоралар кўрилмаган.
Шунингдек, ўрганишларда Гурлан туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тажриба ўтказишга мўлжалланган 97,6 га ердан мақсадсиз фойдаланилаётганлиги, Шовот туманида «Юсуф Ҳамадоний» мажмуаси мисолида мавжуд туризм салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётганлиги, Урганч марказий деҳқон бозори ҳудудида шаҳарсозлик қоидаларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди.
Вилоятда камбағаллик даражасини аниқлашнинг аниқ мезонлари йўқлиги сабабли, бу борадаги ишлар ҳатто секторлар кесимида ҳам турли ёндашувлар асосида олиб борилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жойларда мураккабликларни келтириб чиқармоқда.
Вилоятда олиб борилган ўрганишлар ҳудудларда юзага келган муаммолар, аниқланган камчиликлар айрим секторларда ишларнинг аниқ режа асосида, қониқарли ташкил этилмаганини, масалага масъулият билан ёндашилмаётганини кўрсатмоқда.
Ўрганишлар давомида аниқланган, аҳоли ва тадбиркорларни ташвишлантираётган бошқа қатор муаммоларни депутат ва парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал қилиш чораларини кўришга келишилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳининг «Хоразм вилоятида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида»ги ахбороти ҳамда мазкур масала юзасидан Хоразм вилояти ҳокими Ф. Эрмановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Хоразм вилояти, туман ва шаҳарлар Кенгашларига аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги масалаларни мунтазам равишда Кенгашлар йиғилишларида кенг жамоатчилик, тадбиркорлик субъектлари, ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилишни давом эттириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриб бориш, бунда депутатлар назоратини янада кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Хоразм вилояти ҳокими (Ф. Эрманов) ва туман (шаҳар) ҳокимларига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган фармон ва қарорларида назарда тутилган имтиёзлар ва енгилликлар жойларда қандай татбиқ этилаётганлиги, жумладан, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ишларнинг бориши юзасидан брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш, бунда секторлар раҳбарлари, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
4. Урганч шаҳар 1-сектор раҳбари Ш. Абдуллаев, Гурлан тумани 2-сектор раҳбари Ш. Исмоилов, Урганч тумани 3-сектор раҳбари Н. Худайбергенов, Қўшкўпир туманининг 3-сектор раҳбари Ж. Мадаминов, Ҳазорасп туманининг 4-сектор раҳбари Ж. Рўзимов, Хива шаҳар 3-сектор раҳбари Ғ. Шариповларга секторлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарурлиги, бунда ҳудудда яшовчи аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасидаги ишлари етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
5. Хоразм вилояти ҳокими (Ф. Эрманов)га:
вилоятда вақтинча фаолият кўрсатмаётган 2 104 та корхона муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш;
жорий йил инвестиция дастури доирасида 67,2 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тўлиқ ўзлаштириш;
ҳозирги кунда иш билан таъминланмаган 17 минг нафар ишсиз ҳамда жорий йилда меҳнат бозорига кириб келган битирувчи ёшларни доимий иш билан таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Янгибозор туманида ташкил этилаётган 24,1 га майдондаги янги кичик саноат зонасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун маблағ ажратилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда вазирлик ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг Гурлан туманидаги илмий тажриба станцияси фаолиятини самарали йўлга қўйиш, жиҳозлаш ва илмий салоҳиятини ошириш юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси (В. Мураткабилов)га Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига камбағаллик даражасини аниқлаш мезонларини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (Э. Захидов)га вилоятда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этиш мақсадида ҳужжат топширган 72 та мактабгача таълим муассасаси қурилишини молиялаштиришнинг кечикаётганлиги сабаблари ҳамда бундай муаммо бошқа вилоятларда ҳам мавжудлигини инобатга олиб, молия вазирига ҳамда мактабгача таълим вазирига парламент сўровини юбориш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Республика «Ҳунармандлар» уюшмасига вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги «2017 — 2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ реставрация қилишга киритилган «Юсуф Ҳамадоний» мажмуасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, «Ҳунармандлар расталари»ни ташкил этиш, сайёҳлар учун барча шароитларни яратиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
9. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклансин.
10. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 29 июнь,
371-IV-сон