Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топширилади;
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан мукофотлаш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори буйруғи асосида амалга оширилади;
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
4. «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг буюртмасига асосан «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Х. Саидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 3 ноябрь,
685-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш ҳамда соҳани ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.
3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби
4. Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига (кейинги ўринларда — Марказ) ҳар йили 1 октябрга қадар тақдим этади.
Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.
5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Марказ директори томонидан ҳар йили 10 октябрга қадар комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.
Комиссия таркибига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари киритилади.
6. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 10 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби
7. Комиссия хулосаси асосида Марказ директорининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади.
8. Кўкрак нишони ҳар йили 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида Марказ директори (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.
9. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.
10. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Марказнинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
11. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.
12. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
13. Марказ ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш
СХЕМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари ҳамда тепадан пастга қалинлашиб борувчи радиусга эга бўлган кўк ва яшил ранглардаги ярим айлана фонида инсонлар, озодлик ва эркинлик рамзи сифатида осмонга кўтарилаётган кабутар тасвири акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган доира ичида «INSON HUQUQLARI HIMOYASI UCHUN» сўзлари ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2,3 миллиметр, ёзувлар зарҳалланган. Унинг пастки қисми марказида фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи дафна япроқлари тасвирланган.
Кўкрак нишонининг орқа томони марказида олти қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «Inson huquqlari himoyasiga qoʻshgan munosib hissasi uchun» сўзлари ёзилган.
Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр. Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.
Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.
Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.
Қадағичнинг эни — 26 миллиметр, бўйи — 17 миллиметрдан иборат.
Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг марказидан эни 8 миллиметрли оч кўк йўл ўтган. Унинг ҳар икки тарафидан эни 7 миллиметрли яшил рангдаги йўллар туширилган.
Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ яшил рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «INSON НUQUQLARI», иккинчи сатрда «HIMOYASI UCHUN» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.
Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч яшил рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.
«GUVOHNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 2 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Inson huquqlari boʻyicha», иккинчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», учинчи сатрда «Milliy markazi direktorining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «__» _________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи cатрда «INSON НUQUQLARI», иккинчи сатрда «HIMOYASI UCHUN» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда «Direktor» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2020 й., 09/20/685/1449-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)