Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) томонидан юридик ва жисмоний шахслар номига йўлланувчи хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни почта алоқаси объектлари тармоғи орқали етказиб бериш жараёнини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими (кейинги ўринларда — Ягона миллий тизим) яратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими бўйича умумий қоидалар;
ягона миллий тизим орқали почта жўнатмаларини юбориш тартиби;
ягона миллий тизим орқали почта жўнатмаларини етказиш тартиби;
ахборот хавфсизлигини таъминлаш тартиби.
3. «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Ягона миллий тизим оператори этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
бир ой муддатда Ягона миллий тизимдан фойдаланилган ҳолда почта жўнатмаларини етказиб бериш назорат муддатларини тасдиқласин;
доимий равишда почта жўнатмаларининг хавфсизлиги ва ёзишмалар сири таъминланган ҳолда қабул қилувчиларга белгиланган муддатларида етказиб берилишини назоратга олсин.
5. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда идоравий ахборот тизимларини Ягона миллий тизим билан интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар номига почта жўнатмаларини ушбу тизимдан фойдаланилган ҳолда юборишни жорий этсин;
ҳар йили келгуси йил учун харажатлар сметасини шакллантиришда почта жўнатмаларини Ягона миллий тизимдан фойдаланган ҳолда юбориш учун маблағлар назарда тутилишини таъминласин;
юридик ва жисмоний шахслар номига йўлланувчи ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятли бўлмаган хат-хабарларни етказиб бериш жараёнини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 9 октябрь,
637-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги 637-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) томонидан жисмоний ва юридик шахслар номига йўлланувчи хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни (кейинги ўринларда — почта жўнатмалари) Ягона миллий тизимдан фойдаланилган ҳолда почта алоқаси объектлари тармоғи орқали етказиб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўзаро алмашинувчи, шу жумладан, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали электрон алмашинувчи хат-хабарлар ва ҳужжатларга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноят, маъмурий, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар, терговга қадар текширув, хизмат текшируви ва шу каби тўпланган ҳужжатларига ҳамда давлат сирлари ёки тарқатилиши қонун билан чекланувчи бошқа маълумотларга эга ҳужжатларга, шунингдек, хорижий давлатларга йўлланадиган почта жўнатмаларига, бундан ташқари юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз хоҳишларига кўра жавоб хатларини уларнинг электрон почта манзилига юборилишини сўраб қилган мурожаатларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
почта алоқаси боғламалари — почта йўналишларининг кесишган ёки туташган пунктида жойлашган, бириктирилган ҳудудда почта жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш), почтага ишлов бериш ва унинг алмашинуви бўйича ўзаро боғлиқ вазифалар бажарилишини таъминловчи почта алоқаси объекти;
почта алоқаси объектлари — почта алоқаси операторларининг алоҳида бўлинмалари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари, бўлимлари, пунктлари, шунингдек, бошқа бўлинмалар);
Ягона миллий тизим — хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларнинг электрон тарзда қабул қилиниши ҳамда тегишли почта алоқаси боғламаси томонидан қоғоз кўринишида чоп этилиб, кўрсатилган манзиллар бўйича почта алоқаси объектлари тармоғи орқали етказиб берилишини, етказилганлигини тасдиқлашни, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишни таъминловчи ахборот тизими;
қабул қилувчи — хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатлар юборилган юридик ёки жисмоний шахс.
4. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйидаги почта жўнатмалари Ягона миллий тизим орқали йўлланади:
юридик ва жисмоний шахслар номига юборилувчи хат-хабарлар, шу жумладан, улар томонидан йўлланган мурожаатларга ёзилган жавоб хатлари;
тўлов хабарномалари ва билдиришномалар;
чақирув қоғозлари, суд хабарномалари ва процессуал ҳужжатлар;
давлат хизматларини кўрсатишнинг натижалари;
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жаримага тортиш тўғрисидаги қарорлар.
5. Ягона миллий тизимдан фойдаланилган ҳолда почта жўнатмаларини етказиб бериш ва тизим орқали кўрсатилувчи қўшимча хизматлар Ягона миллий тизим оператори томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
2-боб. Ягона миллий тизим орқали почта жўнатмаларини юбориш тартиби
6. Почта жўнатмаларини Ягона миллий тизим орқали етказиб бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
7. Давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд ахборот тизимларини, шу жумладан, электрон ҳужжат айланиши тизимларини Ягона миллий тизимга интеграция қилиш орқали почта жўнатмаларини юбориш амалга оширилади.
Ягона миллий тизим, шунингдек, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига интеграция қилинади, давлат органлари ва ташкилотларига ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда Ягона миллий тизим орқали почта жўнатмаларини юбориш имконияти яратилади.
8. Давлат органлари ва ташкилотларида почта жўнатмаларини электрон шаклда Ягона миллий тизим орқали юборишнинг имконияти бўлмаган ҳолларда ушбу давлат органлари ва ташкилотларининг хоҳишига кўра почта жўнатмалари Ягона миллий тизим операторининг почта алоқаси объектларида қоғоз кўринишда қабул қилиниши мумкин. Қоғоз кўринишида қабул қилинган почта жўнатмалари Ягона миллий тизим оператори томонидан қўшимча ҳақ эвазига электрон шаклга ўтказилиб Ягона миллий тизимга киритилади.
3-боб. Ягона миллий тизим орқали почта жўнатмаларини етказиш тартиби
9. Ягона миллий тизимга электрон тарзда тушган (ўзаро келишилган форматдаги) почта жўнатмаларини юклаш ва кейинги ишлов бериш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларига берилган штрих коддан фойдаланилади, шунингдек, почта жўнатмалари автоматик равишда тегишли манзиллар бўйича почта алоқаси боғламаларига тарқатилади.
10. Тегишли почта алоқаси боғламаларига электрон шаклда тушган почта жўнатмалари қоғоз кўринишида чоп этилиб, бошқа почта жўнатмаларидан фарқланиб турадиган махсус почта конвертига жойлаштирилади ёки конвертсиз кўрсатилган манзиллар бўйича жўнатилади ва қабул қилувчиларга назорат муддатларида етказиб берилади.
11. Почта жўнатмаларини қабул қилувчиларга топшириш қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.
12. Агар қабул қилувчи унинг номига келадиган почта жўнатмаларини электрон шаклда олиш тўғрисида почта алоқаси объектларига ёзма равишда мурожаат қилган бўлса, у ҳолда почта жўнатмаси электрон шаклда қабул қилувчи томонидан кўрсатилган электрон почта манзилига юборилиши мумкин.
13. Почта жўнатмалари етказиб берилганлиги ёки етказиб берилмаганлиги сабаблари ва бошқа маълумотлар тегишли почта алоқаси боғламаси томонидан Ягона миллий тизимга мунтазам равишда киритилиб борилади.
14. Ҳар бир почта жўнатмаси тўғрисидаги маълумот унга тақдим қилинган штрих код орқали Ягона миллий тизимдан онлайн кузатиб борилиши мумкин.
15. Қоғоз кўринишида чоп этилган почта жўнатмаларини қабул қилувчиларга етказиб беришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда ушбу почта жўнатмалари почта алоқаси боғламасида олти ой давомида сақланади.
Сақлаш муддати тугаганидан сўнг ҳужжатлар уларни жўнатган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг талабларига биноан қайтарилади, талаб қилиб олинмаган хат-хабарлар ва ҳужжатлар тегишли далолатнома тузилиб, йўқ қилинади.
16. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан электрон шаклда юборилган почта жўнатмалари қачон ва кимга топширилганлиги ёки топширилмаганлиги сабаблари ҳамда почта жўнатмаларининг электрон шаклдаги маълумотлари Ягона миллий тизимда бир йил давомида сақланади.
Тизимда сақлаш муддати тугаганидан сўнг ушбу почта жўнатмаларининг электрон шаклдаги маълумотлари дастурий равишда архивланиб, белгиланган муддатда сақлаш учун идоравий архивга топширилади.
4-боб. Ягона миллий тизимда ахборот хавфсизлигини таъминлаш тартиби
17. Ягона миллий тизим оператори тизим орқали почта алоқаси хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини, тизимда шахсга доир маълумотлар, шунингдек, почта жўнатмаларидаги маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Ягона миллий тизимда сақланадиган почта жўнатмаларидан фақат уларни юборган давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, қабул қилувчининг розилиги билан ушбу почта жўнатмаларига ишлов бериш, уларни юбориш ва олиш учун фойдаланилади, бундан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар мустасно.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
5-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Ушбу Низом билан тартибга солинган масалалар бўйича пайдо бўладиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни Ягона миллий тизим орқали етказиб бериш
СХЕМАСИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.10.2020 й., 09/20/637/1363-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)