Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент шаҳрида Замонавий санъат маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 августдаги ПҚ-3920-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, маданият ва санъатни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон маданий саҳнасида мамлакатнинг ижобий имиджини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Aдлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Hududiy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда — Жамият):
а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Замонавий санъат марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Aмир Темур тор кўчаси, 6а-уй манзилидаги биносини;
«Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Aмир Темур тор кўчаси, 6-уй манзилидаги биносининг «А» ва «Г» блокларини (кейинги ўринларда — Мажмуа) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Марказга бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
замонавий санъат соҳасида ижодкорлар билан оммавий мулоқотни йўлга қўйиш;
тасвирий ва амалий санъатнинг барча турлари вакилларини профессионал равишда бирлаштиришга йўналтирилган замонавий санъатни инновацион ва технологик ривожлантиришда узоқ муддатли ташаббусларнинг фанлараро ўзаро платформаси яратилишини таъминлаш;
Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган ёш санъат намояндалари ва педагоглар ҳамжамиятини ташкил этиш ва унинг фаолиятига кўмаклашиш;
Ўзбекистон санъати тарихи ва тадқиқот ташаббуслари бўйича ихтисослаштирилган кутубхоналар ҳамда босма, фото, видео ва аудио материаллар архивини яратиш ва бошқариш;
замонавий санъат соҳасида таълим ташаббусларини амалга ошириш бўйича қўшимча шароитлар;
замонавий маданият ва санъат соҳасида спектакллар, перфоманслар, кино намойишлари, аудиовизуал лойиҳаларни амалга ошириш лабораториясини ташкил этиш ва бошқариш.
3. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Замонавий санъат маркази бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 19 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Замонавий санъат марказининг устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ директорига Жамғарма билан келишган ҳолда Марказнинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» акциядорлик жамиятига баланс қиймати Мажмуа қийматидан паст бўлмаган қийматдаги бинонинг берилишини таъминласин.
Белгилансинки, бошқа бино берилгунга қадар «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» акциядорлик жамияти ўз фаолиятини Мажмуада давом эттиради.
5. Жамғарма юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари эвазига шакллантириладиган маблағлар ҳисобига ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ берилаётган биноларни маданият ва санъат объектларини меъморий лойиҳалаштириш соҳасидаги замонавий жаҳон тажрибаларига мос равишда реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширсин.
6. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма томонидан белгиланган миқдордаги Марказни сақлаш ва унга юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадлари учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағлар;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)
хўжалик фаолиятидан тушган тушумлар;
меценатлик кўмаги;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молиявий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 6 март,
131-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 мартдаги 131-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Замонавий санъат марказининг
ТУЗИЛМАСИ
(1-илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
Изоҳ. Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони — 19 нафар.
Хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сони белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 мартдаги 131-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Замонавий санъат маркази
УСТАВИ
(2-илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Замонавий санъат марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
3. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади.
2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
4. Марказ халқаро лойиҳалар — конференциялар, кўргазмалар, семинарлар ва нашрлар учун замонавий фан ва санъат ҳақидаги билимларни тўплаш ва тарқатиш, жамоатчилик мулоқоти ва янги асарлар яратиш учун фанлараро платформани яратиш мақсадида ташкил этилган.
5. Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
замонавий санъат соҳасида ижодкорлар билан оммавий мулоқотни йўлга қўйиш;
тасвирий ва амалий санъатнинг барча турлари вакилларини профессионал равишда бирлаштиришга йўналтирилган замонавий санъатни инновацион ва технологик ривожлантиришда узоқ муддатли ташаббусларнинг фанлараро ўзаро платформаси яратилишини таъминлаш;
Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг ривожини қўллаб-қувватлайдиган ёш санъат намояндалари ва педагоглари ҳамжамиятини ташкил этиш ва унинг фаолиятига кўмаклашиш;
Ўзбекистон санъати тарихи ва тадқиқот ташаббуслари бўйича ихтисослаштирилган кутубхоналар ҳамда босма, фото, видео ва аудио материаллар архивини яратиш ва бошқариш;
замонавий санъат соҳасида таълим ташаббусларини амалга ошириш бўйича платформани яратиш ва бошқариш;
замонавий маданият ва санъат соҳасида спектакллар, перфоманслар, кино намойишлари, аудио-визуал лойиҳаларни амалга ошириш лабораториясини ташкил этиш ва бошқариш.
6. Марказ юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Марказ томонидан амалга ошириладиган тадбирлар календарь режасини шакллантириш ва тасдиқлаш;
аҳолига кўрсатилган пуллик хизматларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш, шунингдек, уларнинг ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
таълим хизматлари кўрсатиш;
маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш ва таҳлил қилиш;
Марказнинг даромадлари ва харажатларини прогноз қилиш;
ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши мониторингини олиб бориш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ учун харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) тасдиқлаш учун киритиш;
(6-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини шакллантириш;
тадбирлар ўтказиш учун Марказ биносини ижарага бериш;
хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш;
маданият ва санъат соҳасида, шу жумладан, халқаро миқёсда ташкилий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш.
3-боб. Марказнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ушбу Уставнинг 12-бандида белгиланган манбалардан тушган маблағларни ўзининг банк ҳисобварақларида жамлаш;
Марказга юкланган вазифалар ижросини таъминлаш учун, шу жумладан, хорижий шериклар билан шартномалар тузиш;
тижорат фаолиятининг барча турларини амалга ошириш;
маданият ва санъатни ривожлантиришнинг турли масалалари бўйича белгиланган тартибда ташаббус билан чиқиш;
ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситаларида материалларни жойлаштириш;
Марказнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорлик қилиш.
8. Марказ:
ушбу Уставда белгиланган асосий вазифалар бажарилишини таъминлашга;
Марказ даромадларининг истиқболли кўрсаткичлари ижроси натижадорлигини таҳлил қилишга ва маблағлар тушумига салбий таъсир кўрсатаётган аниқланган камчиликларни бартараф этишга мажбурдир.
Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва мажбуриятларни олиши мумкин.
4-боб. Марказни ташкил этиш
9. Марказ ўз фаолиятини ушбу Уставга мувофиқ амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Марказга Жамғарма раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)
11. Марказ директори:
Марказга юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Марказ фаолиятини ташкил этади, Марказ номидан хўжалик ва меҳнат шартномаларини, бошқа шартномалар ва ҳужжатларни имзолайди;
Марказнинг харажатлар сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Жамғармага тақдим этади;
ушбу Уставга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
5-боб. Марказни молиялаштириш манбалари
12. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма томонидан белгиланган ҳажмдаги Марказни сақлаш ва унга юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадлари учун Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағлар;
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)
хўжалик фаолиятидан тушган тушумлар;
меценатлик кўмаги маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6-боб. Марказ ходимларини моддий рағбатлантириш
13. Марказ ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
Марказ ходимларининг лавозим маошларига рағбатлантирувчи тусдаги ойлик устамалар ва қўшимча ҳақлар директор томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ тўланади.
14. Марказ директори Марказнинг ўз даромадлари ҳисобига:
хизмат вазифаларини бажаришда ташаббус кўрсатган ва виждонан ишлаган ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида лавозим маошининг 100 фоизгача миқдорда ойлик устамалар белгилаш;
ўз вазифаларини виждонан бажарадиган Марказ ходимларини лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда ҳар чоракда мукофотлаш;
Марказ ходимларига бир йилда бир марта лавозим маоши миқдорида бир йўла моддий ёрдам бериш;
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган байрам кунлари муносабати билан Марказ ходимларини ҳар бир байрам учун бир лавозим маоши миқдорида мукофотлаш;
ҳар ойда иш ҳақининг энг кам миқдорида овқатланиш ва йўлкира учун тўловлар тўлаш ҳуқуқига эга.
7-боб. Ҳисобот бериш
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Марказ директори ҳар йили 1 февралгача Ўзбекистон Республикаси Жамғармага олдинги йил учун Марказнинг фаолияти тўғрисида ҳисобот, шу жумладан, молиявий ҳисобот тақдим этади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 436-сонли қарори таҳририда)
16. Марказнинг ҳисобот бериши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
17. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
18. Ушбу Устав талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.03.2020 й., 09/20/131/0268-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)