Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Элчихонасини жойлаштириш учун ер участкасини такдим этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда — Ўзбекистон томони) ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати (кейинги ўринларда — Амирликлар томони), кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида,
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Элчихонаси учун қулай иш ва яшаш шароитларини яратиш мақсадида,
1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алокалар тўғрисидаги Вена конвенциясини инобатга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Амирликлар томони Ўзбекистон Республикасининг Элчихонаси биносини қуриш учун Ўзбекистон Республикасига қуйидаги ер участкасини бепул тақдим этади: Ғарбий Ҳавзадаги 9-сонли ер участкаси: Абу-Даби шаҳри, дипломатик тумани, W 59/2; майдони: 5575 квадрат метр (беш минг беш юз етмиш беш квадрат метр).
2-модда
1. Амирликлар томони мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган, Ўзбекистон томонига тақдим этиладиган ер участкасини ҳар қандай қарзлардан ёки учинчи томонларнинг ҳуқуқларидан ҳоли, гаровга қуйилмаган ҳамда ундан мазкур Битим мақсадларида фойдаланишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бирор бошқача тарзда мажбурият юкламайдиган ҳолда тақдим этилишини кафолатлайди.
2. Мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган ер участкаси қабул қилувчи давлат томонидан ўрнатилган барча солиқлардан озод этилади.
3-модда
Ўзбекистон томони:
a) Амирликлар томонининг ёзма розилигисиз мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган ер участкасини кенгайтирмаслик, сотмаслик, мажбуриятлар билан боғламаслик, учинчи томонга мулк қилиб топширмаслик, ижарага ёки иккиламчи ижарага бермаслик мажбуриятини олади;
b) Биноларни эксплуатация қилиш, қуриш, чегараларини ажратиш ва сақлаш, шу жумладан, коммунал хизматлар (газ, электр, сув таъминоти ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар турлари), барча турдаги алоқа хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди.
4-модда
Мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган ер участкасида Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси учун бинолар ва иншоотлар қуриш қабул қилувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
5-модда
Амирликлар томони Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг биносини қуриш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон томони Бирлашган Араб Амирликларига олиб кирадиган материаллар, жиҳозлар ва техникани барча турдаги божхона тўловларидан озод қилинишига кўмаклашади.
Ўзбекистон томони олиб киришдан олдин Бирлашган Араб Амирликларининг Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигидан зарур рухсатни олиши лозим.
6-модда
Амирликлар томони мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган ер участкасида қуриладиган Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси биносига бўлган эгалик ҳуқуқига оид ҳуқуқий ҳужжатларни Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига мувофиқ расмийлаштиришга кўмаклашади.
7-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги асосида мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашдан келиб чиқадиган барча низолар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисидаги сўнгги хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан кучга киради ва қирқ тўққиз (49) йил давомида амалда бўлади.
2. Мазкур Битим башарти Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали уни тугатиш нияти тўғрисида бундай тугатишдан камида бир (1) йил олдин бошка Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги шундай муддатларга узаяверади.
3. Мазкур Битим тугатилган тақдирда, Томонлар мазкур Битимнинг 1-моддасида қайд этилган ер участкасида жойлашган бино масалалари бўйича алоҳида музокаралар ўтказадилар.
Бунинг тасдиғи сифатида, ўзларининг тегишли ҳукуматлари томонидан ўрнатилган тартибда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Абу-Даби шаҳрида 2019 йил 25 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битимни талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)