Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарори)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 20 декабрь,
1022-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1022-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларига қуйидаги мазмундаги 221-банд қўшилсин:
«221. Ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири ёки уни васийликка ёхуд ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлса, куйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди:
Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаган, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жойни танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаган, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаган ҳолларда;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазо ижро этиб бўлинган ёки ўтаб бўлинганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ҳолларда».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2025 й., 09/25/578/0826-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомнинг 8-бандига қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Ота-она қаровисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги сабаблари билан бундай мурожатлари кўриб чиқилмаслигига йўл қўйилмайди».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.12.2019 й., 09/19/1022/4181-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2025 й., 09/25/578/0826-сон)