Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти» фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари учун истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 11 сентябрь,
759-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги 759-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 13-бандга қуйидаги мазмундаги охирги хатбоши қўшилсин:
«Институтга ўқишга тавсия этишда номзодларнинг ўзига ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан қўйилган талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги бўйича масъулият тавсия этаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юкланади».
2. 19-бандда:
а) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳар бир фан бўйича 20 тадан савол тузилади. Бунда, ҳар бир саволнинг тўғри жавоби учун Ўзбекистон тарихи фанидан — 1,5 балл, иқтисодиёт назарияси фанидан — 1,6 балл ва ҳуқуқшунослик фанидан — 1,5 балл этиб белгиланади»;
б) тўртинчи хатбошидаги «67,5 баллдан (75 фоиз)» сўзлари «49,5 (55 фоиз) балл ва ундан» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Тест синовидан ўтганлар сони квота бўйича ажратилган тингловчилар сонига тенг ёки ундан кам бўлганда суҳбат ўтказилмайди».
3. 23-бандда:
а) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суҳбат икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисмда номзоднинг вазиятлар таҳлили, муаммонинг қўйилиши, муаммонинг ечими, ҳаётийлиги, ижро механизми ва назорати, иккинчи қисмда ватанпарварлиги, етакчилиги, раҳбарлик касбий маҳорати, тизимли фикрлаши, креативлиги ва инновациялар билан самарали ишлаши баҳоланади»;
б) учинчи хатбошидаги «60 балл» сўзлари «110 балл» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
г) бешинчи ва олтинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.09.2019 й., 09/19/759/3730-сон)