Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 6 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3029-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сонли «Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.) асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/9-сон қарори (рўйхат рақами 3029, 2018 йил 29 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 26-сон, 532-модда) билан тасдиқланган Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 20 июль,
16/3-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 20 июлдаги 16/3-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 33-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«33. Валюта айирбошлаш операциялари икки нафар ходим — назоратчи ва кассир иштирокида амалга оширилади.
Валюта айирбошлаш шохобчасида иш ҳажмидан келиб чиқиб зарурият бўлганда банк раҳбарининг буйруғига асосан ходимлар сони кўпайтирилиши ёки битта (бир вақтнинг ўзида назоратчи ва кассир вазифасини бажарувчи сифатида) ходимгача камайтирилиши мумкин. Бунда ходимлар сонини биттагача қисқартиришга фақат банк ва банк хизматлари офисида жойлашган валюта айирбошлаш шохобчалари ҳамда чакана амалиёт кассаларида рухсат этилади.».
2. 44-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«44. Тақдим этилган чет эл валютасининг ҳақиқийлиги ва муомалага яроқлилиги техник воситалар ёрдамида текширилгандан сўнг валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилади.».
3. 50-банднинг биринчи хатбошисидан «воситачилик ҳақи ундирилган ҳолда» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
4. 56-бандда:
иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса (сийқаланиш банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган ҳолатлар бундан мустасно);»;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«майда доғлар, ёзувлар, штамп изи бўлганда (бунда ёзув ёки штамп изи икки донадан ортиқ бўлса, банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар бундан мустасно) ҳамда улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;
банкнотада диаметри 1 mm дан ошмаган ва иккитадан ортиқ тешиклар бўлса, бунда тешиклар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлиши керак.».
5. 58-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«58. Мазкур Низомнинг 56-бандида кўрсатилган меъёрлардан ортиқ бўлган ва қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.08.2019 й., 1/19/3029-2/3529-сон)