Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида
Битим
Экстрадиция тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноят ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларига таянган ҳолда,
жиноятчиликка барҳам беришда янада самаралироқ ҳамкорликни таъминлаш ва шу мақсадда экстрадиция тўғрисида битим тузиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушлаб бериш мажбурияти
Ушлаб бериш мажбурияти
Ҳар бир Томон мазкур Битим қоидаларига мувофиқ ва бошқа Томоннинг сўровига биноан ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа Томон тарафидан қидирилаётган шахсларни бундай шахсларга нисбатан жиноят ишларини юритиш ёки чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун бир-бирларига ушлаб бериш (экстрадиция қилиш) мажбуриятини ўз зиммасига олади.
2-модда
Марказий органлар ва алоқа воситалари
Марказий органлар ва алоқа воситалари
1. Мазкур Битимга мувофиқ ушлаб бериш бўйича барча масалалар юзасидан қуйидагилар Марказий органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон томони учун: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси,
Туркия томони учун: Туркия Республикаси Адлия вазирлиги.
2. Томонлар ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган марказий органлар тўғрисидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3. Мазкур Битим мақсадлари учун Томонларнинг марказий органлари бир-бирлари билан дипломатик каналлар ёки Жиноят полицияси халқаро ташкилоти (ИНТЕРПОЛ) орқали алоқа қиладилар.
Дипломатик каналлардан фойдаланиш, зарурат туғилганда, марказий органлар сўровларни зудлик билан бажариш учун факс, электрон почта ёки бошқа тезкор алоқа воситалари орқали бевосита алоқа қилишларига тўсқинлик қилмайди.
3-модда
Ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар
Ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар
1. Мазкур Битим мақсадларида, ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар ҳар иккала Томон қонунчилигига мувофиқ, содир этилгани учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки янада оғирроқ жазо қўлланилиши назарда тутилган жиноятлардир. Агар ушлаб бериш тўғрисидаги сўров шу турдаги жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукмни ижро этиш мақсадида қидирилаётган шахсга доир бўлса, ушлаб бериш тайинланган жазонинг тугашига камида олти (6) ой муддат қолган ҳоллардагина амалга оширилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизликни ҳар иккала Томон қонунчилиги бўйича жиноий жазоланадиган қилмиш деб топишда Томонлар қонунчилигига мувофиқ қилмишнинг айни турдаги жиноятлар тоифасига мансублиги ёки бир хил атама билан номланганлиги аҳамият касб этмайди.
3. Агар жиноят сўраётган Томоннинг ҳудудидан ташқарида содир этилган бўлса ва сўралаётган Томоннинг қонунчилиги унинг ҳудудидан ташқарида худди шундай ҳолатларда содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутса, ушлаб бериш амалга оширилади.
4. Башарти ушлаб бериш тўғрисидаги сўров ҳар иккала Томон қонунчилигига биноан жазоланадиган бир нечта алоҳида жиноятларга доир бўлиб, бундай жиноятларнинг баъзилари мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган бошқа шартларга жавоб бермаса, шахсни ушлаб бериш учун асос бўладиган камида бир жиноят мавжуд бўлган тақдирда, сўралаётган Томон ушбу бошқа жиноятлар учун ушлаб беришга рухсат бериши мумкин.
4-модда
Рад қилиш учун мажбурий асослар
Рад қилиш учун мажбурий асослар
Ушлаб бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
а) сўралаётган Томон ушлаб берилишига сабаб бўлаётган қилмишни сиёсий хусусиятга эга деб топса. Бироқ қуйидагилар сиёсий жиноятлар сифатида эътироф этилмайди:
давлат раҳбари, ҳукумат раҳбари ёки уларнинг оила аъзоларининг ҳаётига тажовуз қилиш ёки тажовуз қилишга суиқасд қилиш;
ҳар иккала Томон иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ сиёсий жиноят деб эътироф этилмайдиган қилмишлар;
b) сўралаётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўров шахснинг ирқи, жинси, дини, миллати ёки сиёсий қарашлари учун таъқиб қилиш ёки жазолаш мақсадида юборилган деб ёхуд ушбу сабабларнинг бирортаси бўйича унинг ҳолати суд муҳокамасида ёмонлашишига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаши учун етарли асосларга эга бўлса;
с) ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган қилмиш фақат ҳарбий жиноят ҳисобланса;
d) қидирилаётган шахс сўралаётган Томон фуқароси бўлса;
е) сўралаётган шахс, Томонлардан бирининг қонунчилигига мувофиқ, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги, афв этиш ёки амнистия муносабати билан жиноий таъқиб ёхуд жазодан озод этилган бўлса;
f) қидирилаётган шахсга нисбатан ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлган жинояти учун сўралаётган Томонда якуний суд ҳукми чиқарилган бўлса.
5-модда
Рад қилиш учун ихтиёрий асослар
Рад қилиш учун ихтиёрий асослар
Ушлаб бериш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:
а) ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жиноят сўралаётган Томон қонунчилигига мувофиқ унинг юрисдикциясига оид бўлиб, қидирилаётган шахсга нисбатан ушбу жиноят учун жиноят иши олиб борилаётган бўлса ёки жиноят иши қўзғатилиши назарда тутилаётган бўлса;
b) ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жинояти учун қидирилаётган шахсга нисбатан сўралаётган Томон жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ёки уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса;
с) сўралаётган Томон, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва сўраётган Томон манфаатларини эътиборга олган ҳолда, шахснинг ёши, соғлиғи ёки бошқа шахсий ҳолатига кўра ушлаб бериш инсонпарварлик нуқтаи назаридан мувофиқ эмас деб топса; ёхуд
d) ушлаб бериш учун сўров сўраётган Томон тарафидан сиртдан чиқарилган суд ҳукмига мувофиқ қилинган бўлса ҳамда ушбу Томон қидирилаётган шахс ушлаб берилганидан кейин унинг иштирокида ишни қайта кўриш имкониятини кафолатламаса.
6-модда
Ўлим жазоси
Ўлим жазоси
Агар ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жиноят учун сўраётган Томон қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган бўлиб, сўралаётган Томон қонунчилигида бундай жазо назарда тутилмаган бўлса, сўралаётган Томон ушлаб беришни рад қилиши мумкин, башарти сўраётган Томон ўлим жазоси тайинланган тақдирда, унинг ижро этилмаслигини кафолатламаса.
7-модда
Сўралаётган Томоннинг жиноят ишини қўзғатиш мажбурияти
Сўралаётган Томоннинг жиноят ишини қўзғатиш мажбурияти
1. Ушлаб бериш мазкур Битимнинг 4-моддаси (d) кичик банди, 5-моддаси (с) кичик банди ва 6-моддасида белгиланган асосларга кўра рад этилган тақдирда, сўралаётган Томон сўраётган Томоннинг сўрови асосида мазкур шахсга нисбатан ўз қонунчилигига мувофиқ тегишли чора кўриш учун жиноят ишини ўз ваколатли идораларига юборади. Ушбу мақсадда, сўраётган Томон сўралаётган Томонга жиноят ишига доир ҳужжатлар ва далилларни тақдим этади.
2. Сўраётган Томон ўз сўровининг натижалари ҳақида хабардор қилинади.
8-модда
Сўров ва зарур ҳужжатлар
Сўров ва зарур ҳужжатлар
1. Ушлаб бериш тўғрисидаги сўров ёзма равишда тузилиб, қуйидагиларни ўз ичига олиши ёки улар билан бирга тақдим қилиниши лозим:
а) сўраётган органнинг номи;
b) сўралаётган органнинг номи;
с) ушлаб бериш учун қидирилаётган шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, ёши, жинси, фуқаролиги, фаолият тури, яшаш ёки турар жойи ва унинг шахсини аниқлашда ёрдам берувчи ҳар қандай бошқа маълумот;
d) ушлаб бериш учун қидирилаётган шахснинг кўриниши тавсифи ва агар мавжуд бўлса, унинг фотосурати ва бармоқ излари;
е) жиноят ишининг номи, содир этилган жиноят ҳолатлари баёни, шу жумладан, қилмишнинг содир этилган вақти, жойи ва оқибатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, моддий зарар миқдори, башарти у ушбу ҳаракат натижасида етказилган бўлса;
f) жиноий қилмиш ва у учун тайинланадиган жазони ҳамда жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларини белгиловчи қонунчиликнинг тегишли қоидалари матни.
2. Ушбу модданинг 1-банди қоидаларига қўшимча равишда:
а) жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида юборилган ушлаб бериш тўғрисидаги сўровига қамоққа олиш тўғрисидаги ордернинг нусхаси илова қилинади;
b) ҳукмни ижро этиш мақсадида юборилган ушлаб бериш тўғрисидаги сўровига якуний суд ҳукми нусхаси, қамоққа олиш тўғрисидаги ордернинг нусхаси ҳамда ўталиши лозим бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилган маълумот илова қилинади.
3. Ушлаб бериш тўғрисидаги сўров ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар имзоланган ёки муҳр билан тасдиқланган ҳолда сўралаётган Томон тили ёки инглиз тилидаги таржимаси билан тақдим қилинади.
9-модда
Қўшимча маълумот
Қўшимча маълумот
1. Агар сўралаётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўровда келтирилган маълумот мазкур Битимнинг талабларини бажариш учун етарли эмас деб ҳисобласа, ушбу Томон қўшимча маълумотнинг 30 кун ичида тақдим этилишини талаб қилиши мумкин. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда, мазкур муддат сўраётган Томоннинг ўрнатилган тартибдаги сўровига биноан ўн беш (15) кунга узайтирилиши мумкин. Сўраётган Томон кўрсатилган муддатда қўшимча маълумот тақдим қилмаган тақдирда, сўралаётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўров бекор қилинган деб ҳисоблайди. Бироқ сўраётган Томон айни шу жиноят учун ушлаб бериш тўғрисида янги сўров юбориш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайди.
2. Ушлаб берилиши сўралаётган шахс қамоқда сақланаётган бўлса ҳамда тақдим этилган қўшимча маълумот мазкур Битимга мувофиқ етарли бўлмаса ёки ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган муддатда қабул қилинмаган бўлса, бундай шахс кўмакдан озод қилиниши мумкин. Ушбу шахснинг озод қилиниши сўраётган Томонни уни ушлаб бериш тўғрисида янги сўров юборишига тўсқинлик қилмайди.
3. Ушбу модданинг 2-бандига асосан шахснинг озод этилиши ҳақида сўралаётган Томон сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
10-модда
Дастлабки қамоқ
Дастлабки қамоқ
1. Шошилинч ҳолатларда, сўраётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни сўралаётган Томонга юборишдан олдин қидирилаётган шахсга нисбатан дастлабки қамоқ чорасини қўллаш юзасидан илтимос қилиши мумкин. Бундай илтимоснома ёзма шаклда дипломатик каналлар, Жиноят полицияси халқаро ташкилоти (ИНТЕРПОЛ) ёки Томонларнинг марказий органлари тарафидан келишилган бошқа каналлар орқали юборилади.
2. Дастлабки қамоқ чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома мазкур Битимнинг 8-моддаси 1-банди (е) кичик бандида кўрсатилган маълумот ва ҳужжатлар, мазкур модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳақида баёнот ҳамда ушлаб бериш тўғрисидаги расмий сўров тақдим этилиши тўғрисидаги баёнотни ўз ичига олади.
3. Сўралаётган Томон бундай илтимосномани кўриб чиқиш натижалари ҳақида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилиши лозим.
4. Агар қидирилаётган шахс қамоққа олинган кундан эътиборан қирқ (40) кун ичида сўралаётган Томоннинг ваколатли органи ушлаб бериш тўғрисидаги расмий сўровни олмаса, дастлабки қамоқ чораси бекор қилинади. Сўраётган Томоннинг илтимосномасига кўра ушбу муддат йигирма (20) кунга узайтирилиши мумкин.
5. Мазкур модданинг 4-бандига мувофиқ дастлабки қамоқ чорасининг бекор қилиниши қидирилаётган шахсни ушлаб беришга тўсқинлик қилмайди, башарти сўралаётган Томон расмий сўровни кейинчалик қабул қилган бўлса.
11-модда
Ушлаб бериш тўғрисидаги сўров бўйича қарор
Ушлаб бериш тўғрисидаги сўров бўйича қарор
1. Сўралаётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўров бўйича миллий қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқади ва ўз қарори ҳақида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
2. Агар сўралаётган Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни тўлиқ ёки қисман рад қилса, сўраётган Томон рад қилиш сабаблари тўғрисида хабардор қилинади.
12-модда
Ушлаб беришни тезлаштириш
Ушлаб беришни тезлаштириш
Агар қидирилаётган шахс очиқдан-очиқ ва ўз ихтиёрига кўра сўраётган Томонга ушлаб берилишига розилик берса, сўралаётган Томон ушлаб беришни тезлаштириш учун ўз миллий қонунчилигида рухсат берилган барча чораларни кўриши мумкин.
13-модда
Ушлаб берилиши сўралаётган шахсни топшириш
Ушлаб берилиши сўралаётган шахсни топшириш
1. Сўралаётган Томон ушлаб беришни қаноатлантирган тақдирда, Томонлар қидирилаётган шахсни топшириш жойи, вақти ва у билан боғлиқ бошқа ҳолатларни келишиб оладилар. Шу билан бирга, сўралаётган Томон ушлаб берилаётган шахс топширилгунига қадар қамоқда сақланган муддат тўғрисида сўраётган Томонни хабардор қилади.
2. Агар сўраётган Томон ушлаб берилаётган шахсни бундай топшириш учун белгиланган санадан эътиборан ўттиз (30) кун ичида қабул қилиб олмаса, сўралаётган Томон мазкур шахсни дарҳол озод қилади ҳамда сўраётган Томоннинг айни шу жиноят учун ушлаб бериш тўғрисидаги янги сўровини рад қилиши мумкин, башарти мазкур модданинг 3-бандида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса.
3. Агар бир Томон ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, ушлаб берилаётган шахсни келишилган муддатда топшириш ёки қабул қилиш имконига эга бўлмаса, бошқа Томон бу ҳақида дарҳол хабардор қилиниши лозим. Томонлар қидирилаётган шахсни топшириш бўйича тегишли масалаларни яна бир бор келишиб оладилар ва шундан сўнг мазкур модданинг 2-банди қоидалари қўлланилади.
14-модда
Кечиктирилган ёки шартли топшириш
Кечиктирилган ёки шартли топшириш
1. Агар қидирилаётган шахс сўралаётган Томонда ушлаб берилишига сабаб бўлаётган қилмишдан бошқа жинояти учун жавобгарликка тортилаётган бўлса ёки жазони ўтаётган бўлса, сўралаётган Томон, ушлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилгандан сўнг, топширишни жиноий иш юритуви ёки жазони ўташ тугагунига қадар кечиктириши мумкин. Сўралаётган Томон сўраётган Томонни топшириш кечиктирилганлиги тўғрисида хабардор қилади.
2. Агар мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган топширишни кечиктириш ушлаб бериш сўралган жиноят учун сўраётган Томонда жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетишига сабаб бўлса ёки терговга тўсқинлик қилса, сўралаётган Томон ўз қонунчилиги доирасида қидирилаётган шахсни Томонлар ўртасида келишилган шартларга мувофиқ сўраётган Томонга вақтинча топшириши мумкин. Сўраётган Томон мазкур шахсни тегишли иш юритуви якунланганидан сўнг, дарҳол сўралаётган Томонга қайтариши лозим.
15-модда
Мол-мулкни топшириш
Мол-мулкни топшириш
1. Агар шахсни ушлаб бериш қаноатлантирилса, сўралаётган Томон ҳудудида топилган ва жиноят натижасида эгалланган ёки ашёвий далил сифатида талаб қилиниши мумкин бўлган барча мол-мулк сўраётган Томон илтимосига кўра, сўралаётган Томон қонунчилиги йўл қўйган даражада ва учинчи томонлар ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда унга топширилиши лозим.
2. Агар қайд қилинган мол-мулк сўралаётган Томонда олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши лозим бўлса, сўралаётган Томон бундай мол-мулкни ўзида қолдириши ёки вақтинчалик сўраётган Томонга топшириши мумкин.
3. Топширилган ҳар қандай мол-мулк, башарти сўралаётган Томон қонунчилиги ёки учинчи шахслар ҳуқуқлари буни талаб қилса, сўралаётган Томонга унинг илтимосига кўра бепул қайтарилиши лозим.
16-модда
Махсус қоидалар
Махсус қоидалар
Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ ушлаб берилган шахс бунинг учун асос бўлган жиноятидан бошқа у ушлаб берилгунига қадар содир этган ҳар қандай жинояти учун, сўраётган Томон ҳудудида жиноий жавобгарликка тортилиши ёки жазоланиши, шунингдек, учинчи давлатга ушлаб берилиши мумкин эмас, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
а) сўралаётган Томон олдиндан розилик берган бўлса. Бундай розилик бериш учун сўралаётган Томон Битимнинг 8-моддасида кўрсатилган маълумот ва ҳужжатларни, шунингдек, ушлаб берилган шахснинг тегишли жиноят бўйича баёноти тақдим қилинишини талаб қилиши мумкин. Сўраётган Томонда жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этишда розилик мазкур Битим қоидаларига мувофиқ ушлаб беришни назарда тутадиган жиноят учун берилиши лозим;
b) ушбу шахс тўлиқ озод қилинганидан сўнг, қирқ беш (45) кун ичида сўраётган Томон ҳудудини тарк этмаган бўлса. Ушбу муддатга шахс ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сўраётган Томон ҳудудини тарк эта олмаган вақт кирмайди; ёки
с) мазкур шахс сўраётган Томон ҳудудини тарк этганидан сўнг, ихтиёрий равишда унга қайтиб келган бўлса.
17-модда
Транзит
Транзит
1. Томонларнинг бирига учинчи давлатдан бошқа Томон ҳудуди орқали шахс ушлаб берилаётган бўлса, биринчи Томон иккинчи Томонга бундай транзит олиб ўтишга рухсат бериш юзасидан илтимос қилиши лозим. Ҳаво транспорти орқали иккинчи Томон ҳудудига қўнмасдан ўтиш ҳолатларида бундай рухсатнома талаб этилмайди.
2. Сўралаётган Томон, башарти сўраётган Томоннинг транзит ўтиш тўғрисидаги илтимосномаси ўз қонунчилигига зид бўлмаса, уни қаноатлантириши лозим.
3. Транзит олиб ўтиш ҳақидаги илтимоснома ўзида қуйидаги маълумотларни акс эттириши лозим:
а) ушлаб берилаётган шахс тўғрисида, шу жумладан, унинг фуқаролиги;
b) қамоққа олиш тўғрисида ордер ёки якуний суд ҳукми мавжудлиги;
с) жиноят ҳақидаги ҳолатларни ўз ичига олган баёнот;
d) қилмишнинг жиноийлиги ва унинг жазоси билан боғлиқ қонунчиликнинг қоидалари.
18-модда
Натижалар ҳақида хабардор қилиш
Натижалар ҳақида хабардор қилиш
Сўраётган Томон сўралаётган Томонга ушлаб берилган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки унга нисбатан ҳукмни ижро этишга доир ёки ушбу шахснинг учинчи давлатга ушлаб берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни энг кўпи билан олти ой муддат ичида тақдим қилади.
19-модда
Ушлаб бериш ҳақидаги бир хил сўровлар
Ушлаб бериш ҳақидаги бир хил сўровлар
Агар бир Томон бошқа Томондан ва учинчи давлатдан айнан бир шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровларни олса, сўралаётган Томон барча ҳолатларни, хусусан, жиноят ёки жиноятларнинг оғирлик даражаси, жиноятни содир этиш жойи, сўровларнинг тегишли саналари, жабрланувчи ва ушлаб бериш учун қидирилаётган шахснинг фуқаролиги ва келгусида бошқа давлатга ушлаб бериш мумкинлигини инобатга олган ҳолда, шахсни ушбу давлатлардан қайси бирига ушлаб беришни ҳал қилади ва ўз қарори ҳақида сўраётган давлатларни хабардор қилади.
20-модда
Ушлаб бериш билан боғлиқ харажатлар
Ушлаб бериш билан боғлиқ харажатлар
Сўралаётган Томон ҳудудида ушлаб бериш билан боғлиқ процедуралардан юзага келадиган харажатлар ушбу Томон тарафидан қопланади. Ушлаб берилаётган шахсни топшириш ёки қабул қилиш билан боғлиқ транспорт ва транзит харажатлари сўраётган Томон тарафидан қопланади.
21-модда
Битимнинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Битимнинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Битим Томонлар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
22-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган ҳар қандай низо, башарти Томонларнинг марказий органлари у бўйича ечимга эришмасалар, дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
23-модда
Кучга кириши, ўзгартириш ва денонсация қилиш
Кучга кириши, ўзгартириш ва денонсация қилиш
1. Мазкур Битим ратификация қилиниши лозим. Ҳар бир Томон бошқа Томонни дипломатик нота орқали мазкур Битимнинг кучга кириши учун ўз қонунчилигига мувофиқ барча зарурий чоралар кўрилганлиги ҳақида хабардор қилади. Мазкур Битим охирги дипломатик нота олинган санадан сўнг ўттизинчи кунда кучга киради.
2. Томонларнинг ёзма келишувига мувофиқ мазкур Битимга исталган вақтда ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиришлар ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган тартибда кучга киради ва мазкур Битимнинг ажралмас қисмини ташкил қилади.
3. Ҳар бир Томон исталган вақтда дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Битимни денонсация қилиши мумкин. Денонсация бундай хабарнома берилган санадан бир юз саксон кун ўтгач, кучга киради. Битимнинг денонсация қилиниши денонсацияга қадар бошланган ушлаб бериш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларга дахл қилмайди.
4. Мазкур Битим кучга кирганидан сўнг, тақдим этилган барча сўровлар учун, гарчи тегишли жиноятлар Битим кучга киргунига қадар содир этилган бўлса ҳам, амал қилади.
5. Мазкур Битим кучга кирган кундан бошлаб, 1994 йил 23 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида фуқаролик, савдо ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги Шартноманинг ушлаб беришга оид қисми тугатилади.
Тегишли тартибда ўз Ҳукуматлари томонидан ваколатланган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 30 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзо)