Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида
Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг:
Ислом тараққиёт банки ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) илмий-техник кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини (кейинги ўринларда — Халқаро инновация маркази);
Халқаро инновация маркази ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Халқаро инновация марказининг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш;
шўрланган тупроқли муҳитдаги турли муаммоларни ҳал этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
синовлар ўтказиш учун тажриба далаларини ташкил этиш;
инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, экинлар комплексини етиштириш, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослашувчанликни белгилаш, илгари суриш ва тақдим этиш;
Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш.
3. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро инновация маркази давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ҳисоб варақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида миллий ва хорижий валюталарда талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб варақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро инновация маркази директори Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)
Халқаро инновация маркази ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлар бўйича ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ижро аппаратининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ва Ислом тараққиёт банки вакилларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) томонидан ажратилган (in-kind) маблағлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар;
(5-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки томонидан лойиҳаларни молиялаштиришга ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмаган шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Белгилансинки:
а) Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари Халқаро инновация маркази фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади, шу жумладан:
Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги шўрланган тупроқли ерларда экотизимни ва барқарор ҳаёт фаолиятини ривожлантириш, синовлар ўтказиш учун тажриба далаларини яратиш;
Орол денгизининг қуриб қолган қисмида ўрмон яратиш учун кўчатларнинг юқори унумдор уруғларини тайёрлаш;
қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослаштириш, шунингдек, бу соҳада давлат-хусусий шерикчиликни ташкил этиш ва унинг имкониятларини кенгайтириш бўйича тадбирлар;
халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича ишларни ташкил этиш;
Халқаро инновация марказини замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
Халқаро инновация марказининг жорий, моддий-техник таъминлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) Халқаро инновация маркази фаолиятини бошланғич босқичда (2018-2019 йилларда) молиялаштириш Халқаро инновация маркази томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
(6-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
7. Халқаро инновация маркази директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро инновация марказининг тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган ҳолда ривожланиш устуворлигидан келиб чиққан ҳолда бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги билан келишилган ҳолда Халқаро инновация марказининг ижро аппарати тузилмасига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча штат бирликларини киритиш;
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа қўшимча ҳақ ва устамалардан қатъи назар, Халқаро инновация марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларга асосий эгаллаган лавозими бўйича лавозим маошига (тариф ставкаларига) устамалар белгилаш.
8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Нукус давлат ўрмон хўжалигига тегишли бўлган Нукус тумани, «Саманбай» қишлоқ фуқаролар йиғини манзили бўйича жойлашган лаборатория биноси ва унга туташ 4 гектар ҳудудни Халқаро инновация марказига беғараз топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва тажриба далаларини ташкил этиш учун лаборатория биносига туташ ҳудуддан Халқаро инновация марказига 20 гектар ер участкаси ажратилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Халқаро инновация марказини зарур алоқа ва глобал Интернет тармоғига кенг полосали кириш билан таъминласин.
10. 2021 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:
Халқаро инновация маркази барча турдаги солиқларни тўлашдан;
Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган илмий-лаборатория асбоб-ускуналари, реагентлар ва сарфлаш материаллари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) ваколатхонасини белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказишни таъминласин;
Халқаро инновация марказининг буюртманомаларига асосан ушбу марказда ишлаш учун жалб этилаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро инновация марказининг буюртманомаларига асосан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга давлат божи тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Халқаро инновация маркази буюртмаларига асосан зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида хорижий мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
Амалий йўналтирилганлик ва натижадорликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда Халқаро инновация марказининг илмий-тадқиқот ишларини самарали мувофиқлаштиришни, уларнинг замонавий фан ва жаҳон илмий ютуқлари даражасига мувофиқлигини таъминласин;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни мунтазам ташкил этиш тавсия этилсин.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 декабрдаги ПФ-5892-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон)
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 16 октябрь,
ПҚ-3975-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги ПҚ-3975-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ижро аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ва илмий ходимларнинг чекланган сони — 31 нафар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.10.2018 й., 07/18/3975/2065-сон; 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон; 13.02.2020 й., 07/20/4597/0163-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон; 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)