Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 25 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2495-3]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги 174-сон буйруғи (рўйхат рақами 2495, 2013 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 31-сон, 414-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 июль,
204-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2018 йил 29 июлдаги 204-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига киритилаётган қўшимчалар
1. 267-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Адвокатларга маҳкумлар билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади.».
2. 268-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Адвокатнинг маҳкум билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.».
3. Қуйидаги мазмундаги 2681-банд билан тўлдирилсин:
«2681. Адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда учрашув муддатидан илгари тўхтатилиб, ЖИЭМ маъмурияти томонидан адвокатлик сири ва дахлсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилади. Далолатнома нусхаси ЖИЭББга, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ва гувоҳнома берган ҳудудий адлия органига зудлик билан юборилади.
Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси далолатномада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан кўрилган чоралар тўғрисида ЖИЭМга ахборот беради.
4. Мазкур қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий суди ва Адвокатлар палатаси билан келишилган.
Бош прокурор О. МУРОДОВ
2018 йил 28 июль
Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ
2018 йил 16 июль
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. КУДБИЕВ
2018 йил 13 июль
Олий суд раиси К. КАМИЛОВ
2018 йил 11 июль
Адвокатлар палатаси раиси в.б. Ш. САДИКОВ
2018 йил 30 июнь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.08.2018 й., 10/18/2495-3/1789-сон)