Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига қарашли Тошкент шаҳар Миробод тумани Кичик бешёғоч кўчаси 91-уй манзилида жойлашган Экспериментал ҳайкалтарошлик комбинатининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан бирга топширилишини, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти қабул қилиб олинишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 28 мартдаги 75-сон қарори 1-илованинг 3-позицияси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. Нуридинов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 15 февраль,
122-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.02.2018 й., 09/18/122/0780-сон)