Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда божхона божларидан озод қилинадиган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек пайвандтаг, кўчатлар ва томчилатиб суғориш тизими учун асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 2016 йил 12 апрелдаги 110-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2016 — 2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 29 декабрдаги ПҚ-2460-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда божхона божларидан озод қилинадиган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек пайвандтаг, кўчатлар ва томчилатиб суғориш тизими учун асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 2016 йил 12 апрелдаги 110-сон қарорига илова*га мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзстандарт» агентлигининг ушбу қарорга иловада кўрсатилган томчилатиб суғориш ускунаси Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаслиги тўғрисидаги хулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 110-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ олиб кирилаётган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек пайвандтаг, кўчатлар ва томчилатиб суғориш тизими учун асбоб-ускуналардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин.
Белгилаб қўйилсинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 110-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ олиб кирилаётган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек пайвандтаг, кўчатлар ва томчилатиб суғориш тизими учун асбоб-ускуналардан мақсадли фойдаланилмаган тақдирда, божхона имтиёзлари берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий жарималар қўлланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 январь,
60-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.01.2018 й., 09/18/60/0632-сон)