Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сон Фармони ижроси юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида экспертизадан ўтказиш ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлашни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси А.Т. Юсупов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 22 ноябрь,
937-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 937-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида (кейинги ўринда ОАК деб аталади) илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартибини белгилайди.
2. ОАК эксперт кенгашларининг шакллантирилиши ва фаолияти тартиби қонунчилик томонидан белгиланади.
3. ОАК эксперт кенгашлари раислари, илмий котиблари ва экспертларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш ОАК томонидан, ҳар йили «Фан» соҳаси бўйича жорий харажатлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
4. ОАК эксперт кенгашлари раислари, илмий котиблари ва экспертларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликка мувофиқ, улар томонидан ОАК билан белгиланган тартибда тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
2-боб. ОАК эксперт кенгашлари раислари, илмий котиблари ва экспертларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорлари
5. ОАК эксперт кенгашлари аъзоларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш соатбай шартларда қуйидаги тартибда амалга оширилади:
эксперт кенгаши раиси ва илмий котибига — эксперт кенгашининг ҳар бир ўтказилган мажлиси учун, амалда уни ўтказиш учун сарфланган вақтдан келиб чиққан ҳолда, бироқ ҳар бир мажлис учун 5 соатдан кўп эмас;
экспертларга — фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 8 соат ҳамда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 5 соат ҳисобидан.
6. ОАК эксперт кенгашлари мажлисларини ўтказиш жадвали ОАК бош илмий котиби томонидан тасдиқланади.
7. Илмий даража олиш юзасидан бир диссертация экспертизаси эксперт кенгаши раиси тайинлайдиган бир эксперт томонидан ўтказилади.
Илмий даража олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича баҳсли вазиятлар вужудга келганда, эксперт кенгаши раиси томонидан ОАК раиси билан келишилган ҳолда мазкур диссертацияни бошқа эксперт томонидан такроран экспертизадан ўтказиш тайинланиб, унинг меҳнати учун ҳақ тўлаш ушбу Низомнинг 5-банди учинчи хатбошида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
8. ОАК эксперт кенгаши раиси, илмий котиби ва экспертларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдори раҳбар кадрлар ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари (курслари) тингловчиларига ўқув машғулотлари ўтказадиган шахслар учун тўланиши назарда тутилган соатбай иш ҳақи миқдорига тенглаштирилади.
9. ОАК эксперт кенгашлари раиси, илмий котиби ва экспертлари меҳнатига тўланадиган иш ҳақи миқдорини белгилаш мақсадида уларнинг эксперт кенгаши мажлисларида ҳамда илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказишдаги иш вақтини ҳисобга олиш ОАК масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.
10. Чет эл фуқаролари томонидан илмий даражалар олиш юзасидан хорижда бажарилган диссертациялар экспертизаси тўлов асосида ОАК эксперт кенгаши томонидан амалга оширилади.
Чет эл фуқаролари томонидан илмий даражалар олиш юзасидан хорижда бажарилган диссертацияларини экспертизадан ўтказиш учун тўлов миқдори ОАК томонидан амалдаги сарф-харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Тўлов чет эл фуқароси томонидан ОАКнинг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамига белгиланган тартибда киритилади.
Чет эл фуқаролари томонидан илмий даражалар олиш юзасидан хорижда бажарилган диссертацияларини экспертизадан ўтказиш учун ОАК эксперт кенгаши раиси, илмий котиби ва экспертлари меҳнатига ҳақ тўлаш кирим қилинган тўлов ҳисобидан амалга оширилади.
3-боб. Диссертацияларда плагиатни аниқлаш юзасидан экспертизадан ўтказиш ва диссертациялар мавзуларини чоп этиш учун сарф-харажатларни тўлаш тартиби ва миқдорлари
11. ОАКда илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларда плагиатни аниқлаш юзасидан электрон экспертиза ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида диссертациялар мавзуларини эълон қилиш учун сарф-харажатларни тўлаш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
талабгор меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки диссертация бажарилган ташкилот ва муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, — диссертация илмий даражаларни берувчи илмий кенгаш томонидан талабгор олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқиш даврида қабул қилинган тақдирда;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, — диссертация илмий даражаларни берувчи илмий кенгаш томонидан талабгор олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқиш муддати тугаганидан сўнг қабул қилинган тақдирда.
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
12. ОАК томонидан қуйидаги тўлов миқдорлари белгиланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ОАКда фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияда плагиатни аниқлаш юзасидан электрон экспертиза ўтказиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ОАКда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияда плагиатни аниқлаш юзасидан электрон экспертиза ўтказиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;
(12-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«ОАК Бюллетени» журналида диссертациялар мавзуларини эълон қилиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида.
(12-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
ОАКда илмий даражалар олиш учун диссертацияларда плагиатни аниқлаш юзасидан электрон экспертиза ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида диссертациялар мавзуларини эълон қилиш учун тўлов ОАКнинг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамига белгиланган тартибда кирим қилинади.
4-боб. Якунловчи қоида
13. ОАК эксперт кенгашлари аъзолари меҳнати учун иш ҳақи миқдори, улар бажарган иш ҳажмидан келиб чиқиб, тўғри ва асосли белгиланиши юзасидан масъулият ОАК эксперт кенгашлари раислари ва масъул ходимлари зиммасига юкланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 937-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартибини белгилайди.
2. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатлар қуйидагилардан иборат бўлади:
илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик учун;
илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш ва юбориш учун;
бошқа шаҳарлик оппонентларнинг йўлкира, яшаш харажатлари ва суткалик пулларини тўлаш учун сарф-харажатларни қоплаш учун;
илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар ҳимоясини стенография қилиш учун.
3. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
талабгор меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки диссертация бажарилган ташкилот ва муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, — диссертация илмий даражаларни берувчи илмий кенгаш томонидан талабгор олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқиш даврида қабул қилинган тақдирда;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, — диссертация илмий даражаларни берувчи илмий кенгаш томонидан талабгор олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқиш муддати тугаганидан сўнг қабул қилинган тақдирда.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
4. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик ҳамда бошқа шаҳарлик оппонентларнинг йўлкира, яшаш харажатлари ва суткалик тўловлари учун сарф-харажатларни қоплаш учун маблағлар, келгусида ушбу харажатлар тўланиши учун, ҳузурида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритаётган муассасанинг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамига белгиланган тартибда ўтказилади.
2-боб. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик қилиш
5. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентларни тайинлаш тартиби, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади.
6. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик қилиш учун оппонентларнинг меҳнатига иш ҳақи тўлаш соатбай асосда қуйидаги ҳисобда амалга оширилади:
ҳар бир оппонент учун 8 соатдан — фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан бир диссертацияга оппонентлик қилиш учун;
ҳар бир оппонент учун 6 соатдан — фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан бир диссертацияга оппонентлик қилиш учун.
7. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик қилиш учун оппонентларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдори, раҳбар кадрлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари (курслари) тингловчиларига ўқув машғулотлари ўтказадиган шахслар учун тўланиши назарда тутилган соатбай иш ҳақи миқдорига тенглаштирилади.
8. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик қилиш учун оппонентларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш, ҳузурида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритаётган муассаса томонидан, тузилган меҳнат шартномалари асосида амалга оширилади.
3-боб. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш ва юбориш
9. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини тайёрлаш тартиби, авторефератларнинг талаб қилинган нусхалари миқдори, шунингдек, улар юбориладиган муассасалар ва ташкилотлар рўйхати, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади.
10. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш нашр этувчи ташкилотлар томонидан илмий даражалар олиш учун талабгорлар талабномалари асосида, ушбу ташкилотларда белгиланган нархлар (тарифлар) бўйича амалга оширилади.
11. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини юбориш, почта хизмати бўлинмалари томонидан илмий даражалар олиш учун талабгорлар талабномалари асосида, ушбу почта хизмати бўлинмаларида белгиланган нархлар (тарифлар) бўйича амалга оширилади.
12. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш ва юбориш учун сарф-харажатларни тўлаш, маблағларни белгиланган тартибда бевосита тегишли нашриёт муассасалари ва почта хизмати бўлинмаларига ўтказиш (кирим қилиш) орқали амалга оширилади.
4-боб. Бошқа шаҳарлик (хорижлик) оппонентларнинг йўлкира, яшаш харажатлари ва суткалик тўловлари учун сарф-харажатларни қоплаш
13. Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш илмий даража олиш юзасидан диссертация ҳимояси бўйича расмий оппонент сифатида бошқа шаҳарлик ёки хорижлик мутахассис олимни, унинг розилиги билан, белгилаши мумкин.
14. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар бўйича бошқа шаҳарлик (хорижлик) оппонентларга, ҳузурида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритаётган муассаса томонидан, диссертация ҳимоясини ўтказиш жойига бир марталик келиб-кетиш, яшаш жойи ижараси (уч кун муддатгача) харажатлари қопланади, шунингдек, суткалик пуллар (уч кун муддатгача) тўланади.
Бунда бошқа шаҳарлик оппонентларга, илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар бўйича оппонентлик қилиш даврида, уларнинг асосий иш жойидан,хизмат сафари харажатлари қопланмасдан, белгиланган тартибда хизмат сафари гувоҳномаси берилади ҳамда ўртача иш ҳақи (уч кун муддатгача) сақланади.
15. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар бўйича бошқа шаҳарлик оппонентларга, йўл харажатлари, яшаш жойи ижараси учун харажатларни қоплаш, шунингдек, суткалик пулларни тўлаш, тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида, республика ҳудудида хизмат сафарлари учун белгиланган тартиб ва миқдорда амалга оширилади.
16. Хорижлик оппонентга, ҳузурида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритаётган муассаса томонидан, йўл харажатлари, яшаш жойи ижараси учун харажатларни қоплаш, шунингдек, суткалик пулларни тўлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, муассаса ва хорижлик оппонент ўртасидаги шартномаларда белгиланган миқдорда амалга оширилади.
5-боб. Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар ҳимоясини стенография қилиш
17. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашнинг диссертация ҳимояси бўйича мажлисини ўтказишда мажлис жараёни стенография қилиниб, мажлис стенограммаси расмийлаштирилади.
18. Илмий даражаларга талабгорлик диссертацияси бўйича ҳимояни стенография қилиш махсус ташкилотлар томонидан илмий даражалар олиш учун талабгорлар талабномалари асосида, ушбу ташкилотларда белгиланган нархлар (тарифлар) бўйича амалга оширилади.
19. Илмий даражаларга талабгорлик диссертацияси бўйича ҳимояни стенография қилиш учун харажатларни тўлаш маблағларни белгиланган тартибда бевосита тегишли,стенография хизматларини кўрсатган ташкилотларга ўтказиш (кирим қилиш) орқали амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
20. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш учун, ҳузурида тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритаётган муассасаларга келиб тушаётган маблағларни ҳисобга олиш ва ҳисоботларни юритиш мазкур муассасалар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Ушбу Низом талабларини бузганлик учун жавобгарлик қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 937-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этиш масалалари» тўғрисида 1992 йил 9 сентябрдаги 421-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1992 й., № 9, 28-модда):
б) 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси мақоми, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича — вазирга, бош илмий котиб — вазир ўринбосарига тенглаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг раҳбарлари ва илмий бўлинмалари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари илмий экспертиза билан шуғулланувчи раҳбариятга ва бўлинмаларга нисбатан, бошқарув органлари учун назарда тутилган шартлар эса — қолган ходимларга нисбатан қўлланилсин»;
в) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин;
«6. ОАК Тошкент шаҳри, академик Яхё Ғуломов кўчаси, 70-уй манзилидаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин»;
г) иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 161-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2026 й., 09/26/161/0339-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 937-сон қарорига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Диссертация ишларининг ҳимояси ва экспертизаси билан боғлиқ бўлган молиявий харажатлар ҳақида» 1994 йил 31 мартдаги 176-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи» танлови ғолибларига илмий даража ва илмий унвон бериш тўғрисида» 2001 йил 6 июлдаги 290-сон қарори.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига педагогик фаолият самарадорлиги ва сифатини ошириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 25 августдаги 246-сон қарорининг 2 — 4-бандлари ҳамда қарорга 2 ва 3-иловалар (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 8-сон, 73-модда).
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.11.2017 й., 09/17/937/0318-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.04.2026 й., 09/26/161/0339-сон)