LexUZ шарҳи
Мазкур фармойиш Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-121-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5120-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3150-сон қарорига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Агентлик бошқарув ходимлари умумий штатлар сони доирасида 5 нафар штат бирлигидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш Котибиятини (кейинги ўринларда — Котибият) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилансинки, Котибият Агентликнинг мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида фақат Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашига ҳисобот беради.
3 Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш Котибияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш Котибиятининг (Кейинги ўринларда — Котибият) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Котибият Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида фақат Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашига (кейинги ўринларда — Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ҳисобот беради.
3. Котибият ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарор ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Котибият ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Агентлик, Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар) билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
5. Котибиятнинг асосий вазифаси Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ўз вақтида ва самарали жорий этишга йўналтирилган ишини ташкилий-техникавий ва ахборот жиҳатидан таъминлаш ҳисобланади.
Агентликнинг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорликда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг мажлисларини ўтказиш учун зарур бўлган таҳлилий, маълумотнома ва бошқа материалларни тайёрлаш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларининг кун тартиби лойиҳасини тайёрлаш, уни Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари ҳамда таклиф этилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларига юбориш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари лойиҳаларини таҳририй-техник жиҳатдан тайёрлашни, Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланганидан кейин уларни белгиланган тартибда рўйхатга олиш ва расмийлаштиришни, шунингдек, қабул қилинган қарорларни тегишли манзилларга юбориш расмийлаштирилишини таъминлаш;
Мувофиқлаштирувчи кенгашга келиб тушадиган ёзишмалар ҳисоби, тизимлаштирилиши ва таҳлилини амалга ошириш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш топшириқларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш масалалари бўйича Агентликнинг таркибий бўлинмалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Котибият зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материал ва маълумотларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан Агентлик таркибий бўлинмаларидан белгиланган тартибда сўраш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларига мувофиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида мажлислар ўтказиш;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларини тайёрлаш учун зарурат бўлганда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларини жалб этиш.
Котибиятнинг зарур материал ва маълумотларни тақдим этиш бўйича талабномалари, шунингдек, тегишли ҳужжатларни қайта ишлаш, агар Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларида бошқа ижро муддатлари белгиланмаган бўлса, у томонидан белгиланган муддатларда ижро этилади.
8. Котибият ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.
9. Котибиятга Агентлик директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланадиган ва озод этиладиган Котибият мудири раҳбарлик қилади.
10. Котибиятда мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Агентлик ходимларига тенглаштирилган етакчи инспектор ва инспекторлар фаолият юритади.
11. Котибият мудири мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Агентлик бошқармаси бошлиғига тенглаштирилади ва раҳбарликни якка бошчилик асосида амалга оширади, Котибият зиммасига юклатилган вазифа ва функциялар, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш топшириқлари бажарилишини таъминлайди.
12. Котибият мудири қуйидаги мажбуриятларни бажаради: Котибият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Котибият зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади;
Котибият фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Агентликка киритади;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларининг бажарилиши устидан тизимли назоратни таъминлайди ва ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларини ўтказиш учун материалларнинг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
Котибиятга келиб тушган ҳужжатларни давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборади ва жўнатиладиган ёзишмаларни имзолайди;
Котибият ходимларидан уларнинг лавозим мажбуриятлари билан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ҳажмда ва юқори сифатли даражада бажарилишини талаб қилиш;
Агентликнинг бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларидан Котибият зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган материал ва маълумотларни сўраш;
Агентлик директорига Котибият ходимларини рағбатлантириш ва уларга интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш;
Котибият ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилиш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;