Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3699-сонли «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2018 йил 1 августдан ўз кучини йўқотади.
Дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари давлат ресурсларининг сифати, сақланиши ва оқилона фойдаланилиши устидан давлат назорати даражасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчи, дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари давлат ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ва нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши, давлат ресурслари учун харид қилинадиган дон ва уруғлик, дуккакли дон, мойли ўсимликлар миқдори ва сифати ҳамда дон етиштириш, ғалла қабул қилиш ва донни қайта ишлаш корхоналарида улар учун ҳисоб-китоблар тўғри белгиланиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
иккинчи, дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини техник тартибга солиш, шунингдек, қабул қилиб олиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт-импорт операцияларида уларнинг сифатини синаш усуллари соҳасида норматив-техник ҳужжатларнинг талабларига риоя этилишини мунтазам назорат қилиб бориш;
учинчи, республика ичида ташиш, давлат резервини жойдан жойга кўчириш, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш чоғида сифат сертификатларини берган ҳолда дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотларининг сифатини албатта давлат инспекциясидан ўтказиш;
тўртинчи, дон етиштирувчиларга ҳамда донни сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, ўрнатилган қоидалар ва талабларнинг бузилишига йўл қўймаслик бўйича улар билан тизимли асосда профилактика ишларини олиб бориш;
бешинчи, мамлакат ичида фойдаланиладиган ва экспорт-импорт операцияларида дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотларининг сифати бўйича юзага келган низоли масалаларни ўз ваколати доирасида ҳал қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси бошлиғи (З.Н. Абидов) зиммасига инспекцияга юклатилган вазифалар сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси нинг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 12 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси ҳудудий инспекцияларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси бошлиғига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси марказий аппарати тузилмасига, унинг ҳудудий инспекцияси тузилмаларига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг ҳудудий инспекциялари ва минтақавий лабораторияларини бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бино ва хоналарда жойлаштирсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 2004 йил 8 июндаги 269-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 8 август,
ПҚ-3179-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3179-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган умумий сони — 75 киши, шу жумладан бошқарув аппарати ходимлари сони — 38 киши, улардан марказий аппаратда — 12 киши ва ҳудудий инспекцияларда — 26 киши.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3179-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси марказий аппарати
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган умумий сони — 14 киши, шу жумладан бошқарув ходимлари — 12 киши.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3179-сонли қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг ҳудудий инспекциялари
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 2 нафар.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 32-сон, 800-модда)