Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 124 -сонли «Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотади.
Мавжуд давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 1 мартдаги 114-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги низом 14-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«улар яшаётган ва ҳозирги вақтда доимий пропискада бўлган алоҳида уйларни (уйларнинг бир қисмини), квартираларни, худди шунингдек Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунгача берилган идоравий ҳужжат (ордер) асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турар жой мақомини олган ётоқхоналарда доимий яшаб келаётган ҳамда бўлиш жойида ҳисобда турган фуқароларга қолдиқ (баланс) қийматидан ва уй-жойнинг фойдаланиш сифатини ҳисобга олган ҳолда белгиланган нархлар бўйича сотиш».
2. Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунгача идоравий ҳужжат (ордер) асосида турар жой мақомини олган ётоқхоналардаги квартираларни хусусийлаштиришга доир битимларни нотариал тасдиқлашга ҳамда Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида давлат рўйхатидан ўтказишга, квартирани сотиб олаётган жисмоний шахс бўлиш жойида ҳисобда турган тақдирда, 2018 йил 1 июлгача истисно тариқасида рухсат этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
2017 йил 1 июлгача бўлган муддатда — Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг идоравий ҳужжат (ордер) асосида кўчиб кирган шахслар яшаб келаётган хусусийлаштирилмаган давлат уй-жой фондини (ётоқхоналарни) хатловдан ўтказсин ва уларнинг рўйхатини тузсин;
2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида ахборот ва ушбу қарор нормаларининг амалда қўлланишини ўрганиш асосида 2-бандда кўрсатиб ўтилган битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар киритсин.
4. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган шахслар тоифалари ўртасида уларга турар жойни хусусийлаштириш юзасидан берилаётган ҳуқуқлар тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 22 июнь,
413-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 25-сон, 552-модда)