«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, чарм-пойабзал маҳсулотлари хавфсизлигига қўйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Чарм-пойабзал маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилсин.
2. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ техник регламентлар амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўлланилишида ихтиёрийлик касб этиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Ўзстандарт» агентлиги ваколатли органлар билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Умумий техник регламент амалга киритилган кундан бошлаб чарм-пойабзал маҳсулотларини стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик хусусиятини бекор қилиш ва ихтиёрийликни таъминлаш юзасидан белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Ўзчармсаноат» уюшмаси, «Ўзтсандарт» агентлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда тасдиқланган Умумий техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари кенг хабардор қилинишини таъминласинлар.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги 555-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.07.2018 й., 09/18/555/1540-сон)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У. Розуқулов зиммасига юклансин.