Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 946-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 9 декабрдаги ПФ–3358-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотларнинг Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида 1-иловага мувофиқ таркибда Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Конфессиялар ишлари кенгаши фаолиятини ташкил этишни таъминлаш учун 3 кишидан иборат Кенгаш котибияти ташкил этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ходимларининг чекланган умумий сони 38 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари сони 28 нафар этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисига, зарурият бўлганда, Қўмита тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини ташкил этиш масалалари» тўғрисида 1992 йил 2 апрелдаги 159-сон қарори, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг низоми ҳамда унинг тизимига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1995 йил 27 январдаги 23-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 декабрдаги 542-сон қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 23 апрель,
196-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Конфессиялар ишлари кенгашининг
ТАРКИБИ
| Ҳуснидинов З.М. | — | Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, Кенгаш раиси |
| Миноваров Ш.Ш. | — | Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Кенгаш раисининг ўринбосари |
| Баҳромов А. | — | Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфти |
| Владимир (Иким Василий Захарович) | — | Рус Православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси бошқарувчи митрополити |
| Кукулка К.Я. | — | Рим-католик черкови ординарийси |
| Вибе К.К. | — | Немис евангел лютеранлари жамоаси епископи |
| Пейчев П.А. | — | Евангель христиан-баптистлар черковлари уюшмаси раиси |
| Шимонов Б.И. | — | Яҳудийлар диний жамоаси раҳбари |
| Нечитайло С.А. | — | Тўлиқ Инжил христианлар черковлари маркази епископи |
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита аппарати тузилмаси
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (кейинги ўринларда матнда Қўмита деб аталади) ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.
2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
3. Қўмита ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
4. Қўмита фаолиятини молиялаштириш Қўмитага ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. Қўмитанинг вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;
давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;
давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.
7. Қўмита унга юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;
диний ташкилотлар, шунингдек хорижий диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларга доир диний масалалар бўйича ишларни олиб боради;
диний ташкилотлар илтимосига кўра уларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқаларига кўмаклашади ва ҳал этилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатади;
диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари ўртасида ўзаро бир-бирини тушунишни ва сабр-тоқатлиликни мустаҳкамлаш сиёсатини ўтказади, ушбу борада ташкилотчилик ишларини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра виждон эркинлигига ва диний ташкилотлар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;
диний таълим муассасалари фаолияти белгиланган тартибда лицензияланиши, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади, лицензиялар реестрини юритади;
республика доирасида ва чет элларда диний ташкилотлар ўртасида алоқалар ўрнатилишини ташкил қилади;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги муқаддас жойларга боришини, шу жумладан Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишини, фуқароларни диний ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш ва тажриба алмашиш учун чет элларга юборишни, хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилишни, халқаро анжуманлар ўтказилишини ташкил қилади;
диний ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикасида диний адабиётлар нашр қилувчи нашриётлар тўғрисидаги ахборотларни йиғишни таъминлайди;
Кейинги таҳрирга қаранг.
республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради.
8. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳал қилади.
9. Республикада жойлашган диний ташкилотлар билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилиш, турли диний конфессиялар фаолияти амалга оширилишида ёрдам кўрсатиш, жамиятда динлараро ва миллатлараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш юзасидан таклифлар ва чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантириш учун Қўмита ҳузурида Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгаши ташкил этилади, унинг таркибига республикадаги кўп сонли диний конфессиялар етакчилари киради.
Конфессиялар ишлари кенгаши фаолияти ташкил этилишини таъминлаш учун 3 кишидан иборат доимий ишловчи Кенгаш котибияти ташкил этилган.
III. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
10. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралардан, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг ҳамда динга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларининг ижроси масалаларига доир маълумотлар ва материалларини сўраш ва олиш;
ўз ваколатлари доирасида диний ташкилотларнинг, шу жумладан диний ўқув юртларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатиш;
диний ташкилотлар раҳбарларидан зарур ахборотларни белгиланган тартибда талаб қилиш, шунингдек улар томонидан ўтказиладиган уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бажариши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.
Қўмита, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ҳамда бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.
12. Қўмита ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
IV. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
13. Қўмитага қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Раиснинг бир нафар ўринбосари бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Раис мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосари эса — тегишли равишда вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
14. Раис:
Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ўз ўринбосари ваколатларини белгилайди, Қўмита тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилайди;
Қўмита тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида штат жадвалини, шунингдек харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Қўмита ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
15. Қўмитада 5 киши — Раис (Ҳайъат раиси), Раис ўринбосари (лавозимига кўра) ва Қўмитанинг бошқа раҳбар ходимларидан иборат таркибда Ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъатнинг шахсий таркиби Раиснинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Қўмита ҳайъати Қўмита фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳисоботларини эшитади, Қўмитанинг муҳим буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилади.
Ҳайъат қарорлари Раиснинг буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 16-сон, 188-модда; 2010 й., 23-сон, 183-модда; 2014 й., 4-сон, 47-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2018 й., 07/18/3668/1080-сон; 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)