Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Жаҳон бозорлари чуқур таҳлил қилинишини, ривожланган мамлакатларнинг илғор технологиялари ўрганилишини ва шу асосда маҳаллий иқтисодиёт аниқ тармоқларининг инвестиция фаолияти бўйича муфассал тавсиялар ишлаб чиқилишини таъминлаш, шунингдек инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда иқтисодий ва технологик баҳолашларни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда Ўзмиллийбанк деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш марказининг ходимларнинг чекланган умумий сони 7 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази фаолиятини мувофиқлаштирувчи Идоралараро гуруҳ (кейинги ўринларда Мувофиқлаштириш гуруҳи деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ;
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мувофиқлаштириш гуруҳига зарурият бўлганда Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки:
Мувофиқлаштириш гуруҳи Марказ таҳлилий фаолиятининг асосий йўналишларини ва мавзуларини белгилайди, ўзининг мажлисларида Марказнинг ҳисоботларини эшитади;
Марказ директори Мувофиқлаштириш гуруҳи билан келишган ҳолда Ўзмиллийбанк Бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
ривожланган мамлакатлардаги технологик, энг илғор йўналишларни чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда маҳаллий иқтисодиётнинг аниқ тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муфассал тавсиялар ишлаб чиқиш;
илғор компаниялар, тармоқлар ва бозорларни, шунингдек уларнинг ривожланиш йўналишларини ва инвестиция стратегиясини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
хорижий банклар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ва қарзларни жалб этиш юзасидан ҳамкорликни фаоллаштириш;
илғор технологиялар, шунингдек юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ахборотларни ўрганиш ва айирбошлаш соҳасида маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқот, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик қилиш;
янги технологиялар соҳасида ҳисоботлар ва шарҳларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари томонидан кўриб чиқиш учун таклифлар тайёрлаш;
ҳар ҳафталик жаҳон ва маҳаллий молия индексларини ҳамда тармоқлар ва корхоналар бўйича бошқа иқтисодий кўрсаткичларни шарҳлаш.
5. Белгилансинки, Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзмиллийбанкнинг бошқа таркибий бўлинмалари учун амалдаги тасдиқланган харажатлар сметасига ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондига мувофиқ, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
6. Ўзмиллийбанк:
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (бир нусхада) мажбурий юбориладиган ташкилотлар рўйхатига;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, шунингдек бошқа вазирликлар ва идораларнинг статистика ахборотини мажбурий юбориш реестрига киритилсин.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
7. Ўзмиллийбанк бир ой муддатда Марказни тажрибали ва юқори малакали мутахассислар, зарур замонавий идора техникаси ва алоқа воситалари билан таъминласин.
8. Ўзмиллийбанкнинг Марказни банкнинг Тошкент шаҳри, Ғ. Ғулом кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган биносига жойлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 5 май,
143-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 майдаги 143-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш марказининг
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган умумий сони — 7 киши.
Изоҳ: айрим таҳлилий лойиҳалар учун Марказ юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартномалар асосида жалб этиш ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 майдаги 143-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази фаолиятини мувофиқлаштирувчи Идоралараро гуруҳ (Мувофиқлаштириш гуруҳи)
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
|
Рахимов С.Б. |
— |
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бошқаруви раиси, Мувофиқлаштириш гуруҳи раиси |
|
Хўжаев Б.А. |
— |
Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари, Мувофиқлаштириш гуруҳи раисининг ўринбосари |
|
Ғуломов Р.А. |
— |
Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори |
|
Салихов Ш.И. |
— |
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси |
|
Мирзаев М.М. |
— |
Молия вазирининг ўринбосари |
|
лавозими бўйича |
— |
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари |
Изоҳ. Мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 июндаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2021 й., 09/21/393/0596-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 майдаги 143-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақомини, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
3. Марказ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда Ўзмиллийбанк деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази фаолиятини мувофиқлаштирувчи Идоралараро гуруҳга (кейинги ўринларда Мувофиқлаштириши гуруҳи деб аталади) ҳисобот беради.
4. Мувофиқлаштириш гуруҳи Марказ таҳлилий фаолиятининг асосий йўналишларини ва мавзуларини белгилайди, ўз мажлисларида Марказнинг ҳисоботларини эшитади.
5. Марказ фаолиятига мутасаддилик қилиш Ўзмиллийбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари зиммасига юкланади.
II. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ривожланган мамлакатлардаги технологик, энг илғор йўналишларни чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда маҳаллий иқтисодиётнинг аниқ тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муфассал тавсиялар ишлаб чиқиш;
илғор компаниялар, тармоқлар ва бозорларни, шунингдек уларнинг ривожланиш йўналишларини ва инвестиция стратегиясини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
хорижий банклар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ва қарзларни жалб этиш юзасидан ҳамкорликни фаоллаштириш;
илғор технологиялар, шунингдек юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ахборотларни ўрганиш ва айирбошлаш соҳасида маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқот, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик қилиш;
янги технологиялар соҳасида ҳисоботлар ва шарҳларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари томонидан кўриб чиқиш учун таклифлар тайёрлаш;
ҳар ҳафталик жаҳон ва маҳаллий молия индексларини ҳамда тармоқлар ва корхоналар бўйича бошқа иқтисодий кўрсаткичларни шарҳлаш.
7. Марказ юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
машинасозлик, ёқилғи-энергетика, кимё ва қазиб олиш тармоқларида, ахборот-коммуникация технологиялари, йўл-транспорт инфратузилмаси, шунингдек агросаноат ишлаб чиқаришида ва боғлиқ тармоқларда илғор технологиялар соҳаларида инвестиция лойиҳалари бўйича таҳлилий маърузалар, ҳисоботлар ва прогнозлар тайёрланишини таъминлайди;
маҳаллий ва хорижий тадқиқот, таҳлил марказлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда таҳлилий ишлар ўтказилишида қатнашади, кейинчалик уларнинг натижалари бўйича тегишли ҳисоботлар тайёрлайди;
илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар жаҳон бозорининг тизимли мониторингини олиб бориш, Марказга юкланган вазифалар бажарилиши учун зарур бўлган алоқаларни йўлга қўйиш, шакллантириладиган ахборот-таҳлилий маълумотлар базасини янгилаш ва кенгайтириш мақсадида ихтисослаштирилган халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этади;
халқаро молия институтлари ва банклардан энг илғор инвестиция лойиҳаларини инвестициялаш ва кредитлаш шартлари бўйича тушадиган таклифлар тўғрисидаги ахборотни олади ва умумлаштиради, иқтисодиётнинг танланган тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини инвестициялаш ва кредитлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда қатнашади.
III. Марказнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлик
8. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг юқори малакали ва тажрибали ходимларини таҳлил жараёнида миллий экспертлар сифатида шартнома асосида жалб этиш;
тадқиқот ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шу жумладан халқаро ва хорижий тадқиқот ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, олий таълим муассасалари билан биргаликда қўшма таҳлиллар ўтказиш;
инвестиция ва кредит бозорларини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, технологияларни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳлар ва маърузалар чоп этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва бошқа ташкилотлардан Марказга юкланган вазифалар доирасида (қонун билан қўриқланадиган банк сири ёки бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно) зарур норматив, статистик ва таҳлилий ахборотни сўраш ва белгиланган тартибда олиш;
таҳлилий ва Марказга юкланган вазифалар бажарилиши билан боғлиқ бошқа хизматларни шартномалар асосида кўрсатиш.
Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
IV. Марказ фаолиятини ташкил этиш
10. Марказга Мувофиқлаштириш гуруҳи билан келишган ҳолда Ўзмиллийбанк Бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.
11. Марказ директори:
Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
лавозими бўйича Ўзмиллийбанк департаменти директорига тенглаштирилади;
меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тўланадиган устамалар ва комплекс таҳлилий ишлар ўтказилишининг юқори сифатини таъминлаганлиги учун Марказ ходимларини рағбатлантириш тўғрисида Ўзмиллийбанк раҳбариятига илтимоснома тақдим қилади, шунингдек юкланган вазифалар бажарилишининг натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда уларни қайта кўриб чиқади.
Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
12. Марказнинг ходимлари Ўзмиллийбанк Бошқаруви раисининг буйруғи билан, белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
13. Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзмиллийбанкнинг бошқа таркибий бўлинмалари учун амалдаги тасдиқланган харажатлар сметаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондига мувофиқ, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
14. Мувофиқлаштириш гуруҳи томонидан тасдиқланган таҳлилий лойиҳалар лойиҳаларнинг ижрочилари томонидан амалга оширилади ҳамда уларга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг илмий иш бўйича тажрибага эга бўлган юқори профессионал ходимларидан танлов асосида тайинланадиган тегишли раҳбарлар бошчилик қилади.
15. Лойиҳаларнинг ижрочилари ва раҳбарлари билан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади, уларда лойиҳаларнинг мавзуси, мақсадлари, асосий босқичлари ва уларни амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланади.
16. Лойиҳалар раҳбарларининг ҳисоботлари Мувофиқлаштириши гуруҳи мажлисларида мунтазам равишда эшитиб борилади. Мувофиқлаштириш гуруҳи ҳисоботлар якунлари бўйича амалга оширилган таҳлилларнинг натижаси ва сифатини баҳолайди, шунингдек таҳлилий лойиҳани давом эттириш ёки уни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 18-сон, 203-модда; 2017 й., 20-сон, 366-модда, 29-сон, 693-модда, 33-сон, 863-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2021 й., 09/21/393/0596-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)