Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида
Битим
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар қулай ривожланаётганини эътиборга олиб,
икки давлат ўртасида, шунингдек улар ҳудудидан транзит тарзда автомобиль алоқасини янада ривожлантириш истагига амал қилиб,
ўзаро фойда ва манфаат кўриш мақсадида қуйидаги Битимни тузишга қарор қилдилар.
1-модда
Ушбу Битимга мувофиқ икки давлат ўртасида ва улар ҳудуди бўйлаб транзит тарзда, шунингдек учинчи мамлакатларга йўловчилар ва юкларни мунтазам ҳамда номунтазам ташиш амалга оширилади.
ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ
2-модда
1. Икки давлат ўртасида мунтазам йўловчилар ташиш Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга биноан ташкил этилади ва биргаликда тасдиқланган жадваллар ва ҳаракат йўналишлари асосида амалга оширилади.
2. Бундай ташишларни ташкил этиш ҳақидаги таклифлар Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари томонидан олдиндан бир-бирларига берилади. Бу таклифлар қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
ташувчи (фирма)нинг номи,
ҳаракат йўналиши,
ҳаракат жадвали,
тариф,
ташувчи йўловчиларни оладиган ва туширадиган тўхташ пунктлари, шунингдек,
ташишларни бажаришнинг мўлжалланаётган даври ва мунтазамлиги.
3. Икки давлат ҳудудлари орқали йўловчиларни мунтазам транзит тарзда ташишни амалга ошириш учун рухсатнома талаб этилмайди. Бундай ташишлар Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари келишуви бўйича амалга оширилади.
3-модда
1. Икки давлат ўртасида, шунингдек улар ҳудудлари орқали транзит тарзда номунтазам йўловчиларни ташишни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади, ушбу Битимнинг 4-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган йўловчиларни номунтазам ташишни амалга оширишга рухсатнома бериш ҳақидаги илтимоснома ташувчи томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органига йўлланади.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган рухсатномалар ҳар бир ҳолга у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини беради.
4-модда
1. Агар бир таркибдаги йўловчилар гуруҳи битта автобусда ана шу автобус рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудида бошланадиган ва тамом бўладиган бутун сафар давомида ташилса, йўловчиларни номунтазам ташишни бажариш учун ушбу Битимнинг 3-моддаси 1-бандида кўзда тутилган рухсатнома талаб этилмайди.
2. Носоз автобус бошқа автобусга алмаштирилганда, шунингдек техник ёрдам автомобиллари бораётганда рухсатнома талаб этилмайди.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган ташишларни бажарганда, автобус ҳайдовчиси сафар бошланишидан олдин тўлдирилган йўловчилар ташиш формулярига эга бўлиши керак.
ЮК ТАШИШ
5-модда
1. Икки давлат ўртасида ва улар ҳудудлари орқали транзит тарзда юклар ташиш, шунингдек, бир Аҳдлашувчи Томон ташувчиси томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудидан учинчи давлатга юкларни ташиш Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
2. Ҳар бир юк ташишга у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган алоҳида рухсатнома берилиши керак.
3. Ушбу Битимда кўзда тутилган юкларни ташиш накладнойлар бўйича амалга оширилиши керак, уларнинг шакли халқаро намуналарга мос бўлиши лозим.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили бир-бирларига юкларни ташишга ўзаро келишилган миқдордаги рухсатномалар бланкларини берадилар. Бу бланкларда рухсатномаларни берган ваколатли органнинг муҳри ва имзоси бўлиши керак.
6-модда
1. Қуйидаги ташишларни бажаришда ушбу Битимнинг 5-моддасида кўзда тутилган рухсатномалар талаб этилмайди:
а) доимий яшаш жойига кўчишда кўчадиган мулкни ташишда;
б) вафот этганларнинг хоки ва жасадларини ташишда;
в) ярмаркалар ва кўргазмаларга мўлжалланган материаллар ва буюмларни ташишда;
г) спорт ва томоша тадбирларини ўтказиш, овоз ёзиб олиш, телевидениега ва кинога олиш учун мўлжалланган техник воситалар, ускуналар, ҳайвонлар ва турли бошқа мулк ҳамда жиҳозларни ташишда;
д) почта жўнатмаларини ташишда;
е) шикастланган автотранспорт воситаларига техник ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ташишларда;
ж) шошилинч ёрдам кўрсатиш учун, айниқса табиий офатлар рўй берганда тиббий ускуналарни ташишда;
з) тўла оғирлиги тиркамани ҳам қўшиб ҳисоблаганда 6 тоннадан ёки юк кўтариши 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автотранспорт воситалари билан юк ташишда.
2. Ушбу модданинг 1-банди «в» ва «г» кичик бандларида кўзда тутилган истиснолар фақат юк олиб чиқиб кетиладиган ҳоллардагина амал қилади.
3. Учинчи давлатдан қайтишда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига юк ташишни бажаришда агар мантиқий ташиш йўналиши шу ҳудуддан ўтса, рухсатномалар талаб этилмайди.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
7-модда
1. Агар автотранспорт воситаси ўлчовлари ёки оғирлиги юксиз ёки юк билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудида белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлса, шунингдек унинг ҳудудида амал қилаётган меъёрларга мувофиқ ташилаётган юклар хавфли сифатида белгиланган бўлса, ташувчи бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органидан махсус рухсатнома олиши керак.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ана шундай рухсатнома бериш ҳақидаги илтимосномага уни олган кундан бошлаб 10 кундан кечикмай жавоб беришлари керак.
3. Ушбу модданинг 1-бандида эслатилган рухсатнома автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйича ҳаракатланишини кўзда тутса, ташиш ана шу йўналиш бўйича амалга оширилиши керак.
8-модда
1. Ушбу Битимда кўзда тутилган ташишлар ўз давлатининг ички қонунларига мувофиқ фақат халқаро ташишларни амалга оширишга қўйилган ташувчилар томонидан бажарилиши мумкин.
2. Ушбу Битимда кўзда тутилган ташишларни амалга ошираётган автотранспорт воситалари миллий рўйхатга олиш ва ўз мамлакатининг фарқловчи белгиларига эга бўлиши керак.
9-модда
Агар тегишли Аҳдлашувчи Томон ваколатли органининг махсус рухсатномаси олинмаган бўлса, ташувчига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида жойлашган манзиллар орасида йўловчилар ёки юкларни ташишни амалга оширишга рухсат этилмайди.
10-модда
Автотранспорт ҳайдовчиси миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига ва автотранспорт воситасининг миллий регистрация ҳужжатларига эга бўлиши керак.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ташувчилари ва автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ҳудудида ташишлар бажарилаётган давлатнинг йўл ҳаракати қоидалари ва ҳуқуқий нормаларига риоя этишга мажбурдирлар.
12-модда
1. Ушбу Битим асосида ташишлар бажарилаётганда бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудига олиб кирилаётган қуйидаги нарсалар божхона йиғимлари, божлари ва рухсатномаларидан ўзаро озод қилинади:
а) моторни энергия билан таъминлаш тизими ва автотранспорт воситаси совутиш қурилмаси билан боғлиқ тизимга техник ва конструкция жиҳатидан боғлиқ бўлган, уни ишлаб чиқарган завод томонидан кўзда тутилган идишлардаги ёнилғи;
б) ташишларни амалга ошириш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
в) ташишни бажараётган автотранспорт воситаларини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
2. Ишлатилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб чиқиб кетилиши, алмаштирилган деталлар эса давлатдан олиб чиқиб кетилиши ёхуд тегишли Аҳдлашувчи Томон божхонаси вакиллари иштирокида йўқ қилиниши керак.
13-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат ҳудудида рўйхатга олинган ва ушбу Битим асосида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудида йўловчилар ёки юкларни ташишни бажараётган транспорт воситалари ана шу ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланганлик ва уларга эгалик қилганлик, шунингдек транспорт операцияларини амалга оширганлик учун олинадиган ҳамма турдаги тўловлар, йиғимлар ва солиқлардан ўзаро озод қилинадилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида эслатиб ўтилган озод қилишлар йўллар, кўприклар ва бошқа иншоотлардан фойдаланганлик учун тўловларга, қўшимча қийматдан олинадиган солиқларга ва ёнилғи олганлик учун акциз солиғига тааллуқли бўлмайди.
14-модда
Чегара, божхона ва санитария назоратига, шунингдек ушбу Битимда алоҳида қайд этилмаган бошқа барча масалаларга нисбатан Аҳдлашувчи Томонлар қатнашчилари ҳисобланган халқаро битимларнинг қоидалари, улар йўқ бўлса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ички қонунлари ва қоидалари қўлланади.
15-модда
Оғир беморларни ташишда, йўловчиларни автобуслар билан мунтазам ташишда, шунингдек ҳайвонлар ва тез бузиладиган юкларни ташишда чегара, божхона ва санитария назорати навбатдан ташқари амалга оширилади.
16-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат ҳудудида ушбу Битимнинг у ёки бу қоидаси бузилишига йўл қўйилган ҳолда автотранспорт воситаси рўйхатга олинган давлатнинг ваколатли органи бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органи илтимосига кўра ушбу Битимнинг бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган барча тадбирлар ва жазо чораларини кўради. Ваколатли орган бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органини кўрилган чоралар ҳақида хабардор қилади.
17-модда
Ушбу Битимни бажаришга кўмаклашиш ва вужудга келаётган низоли масалаларни ҳал этиш учун Аҳдлашувчи Томонлар улар ваколатли органлари вакилларидан Аралаш Комиссияни ташкил этадилар, унинг мажлислари заруратга кўра, лекин йилига камида бир марта Аҳдлашувчи Томонлар давлат ҳудудларида навбати билан ўтказилади. Аралаш Комиссия қарорлари протокол билан расмийлаштирилади.
18-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар тузган бошқа халқаро шартномалар ва Битимлардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларига дахл қилмайди.
19-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар бўйича ҳар бир давлатда амал қилаётган қонунларда кўзда тутилган тадбирлар бажарилгани ҳақида бир-бирларини хабардор қилганларидан кейин 30 кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Битим бир йил давомида амалда бўлади ва шундан кейин унинг амал қилиши Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни Битимнинг бекор қилиниши ҳақида унинг навбатдаги амал қилиш муддати тугашидан камида уч ой олдин хабардор қилмагунча автоматик тарзда йилдан йилга давом эттирилаверади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 23 майда икки нусхада, ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда ҳамма матнлар бир хил кучга эга. Битим моддалари турлича талқин қилинганда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)