Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг
буйруғи
Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 15 июлда 2520-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 10 майдаги 11-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3366, 10.05.2022 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида»ги ва 2015 йил 25 мартдаги 67-сон «Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари малакасини ва касб маҳоратини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига асосан буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг 2013 йил 10 октябрдаги 01-339-сон буйруғи (рўйхат рақами 2520, 2013 йил 31 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 44-сон, 582-модда) билан тасдиқланган Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Ж. ИСМАИЛОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 9 июль,
01-193-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг 2015 йил 9 июлдаги 01-193-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Тест синовларига кечикиб келган ўқитувчилар тест синовларига киритилмайди ва қайдномада «келмади» деб қайд этилади. Тест синовларига узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ва ҳ.к.) келмаган ўқитувчилар узрли сабаб юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатни узрли сабаб бартараф этилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида тақдим этган тақдирда, тест синовларини топшириш учун тўлов ундирилмаган ҳолда тест синовлари босқичларида қатнашиш учун қайта мурожаат қилишлари мумкин.».
2. 33-банддаги «ҳамда тест синовидан четлаштирилган ўқитувчи камида бир йилдан кейин» деган сўзлар «ёки тест синовидан четлаштирилган ўқитувчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Тест синовларини қайта топшириш учун тўланган маблағлар Давлат тест марказининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари бўйича бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига туширилади ва биринчи навбатда тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.».
4. 35-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 мартдаги 67-сон «Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари малакасини ва касб маҳоратини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига мувофиқ, лавозим маошига ойлик устама олиш ҳуқуқини берувчи тест синовидан календарь йил мобайнида қаторасига икки марта ўтмаган умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари келгуси ўқув йилидан бошлаб ўз маблағлари ҳисобидан малака ошириш курсларидан ўтмагунларига қадар чет тили бўйича ўқитувчилик фаолиятига қўйилмайдилар.».
5. Мазкур ўзгартиришлар ва қўшимча Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ВАҲОБОВ
2015 йил 9 июль
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
2015 йил 9 июль
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази директори У. САЛИМОВ
2015 йил 9 июль
Молия вазири Р. АЗИМОВ
2015 йил 9 июль
Иқтисодиёт вазири Г. САИДОВА
2015 йил 9 июль
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. АБДУҲАКИМОВ
2015 йил 9 июль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 28-сон, 379-модда)