Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг Низоми тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2012 йил 18 апрелдаги 472-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги низом ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг низоми тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 16 апрель,
776-I-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2008 йил 16 апрелдаги 776-I-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг
НИЗОМИ
1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) қонун лойиҳаларининг адабий тилнинг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига қатъий риоя этилишини, таҳрири мукаммал, ифодаланиши равон ва юридик атамашунослик талабларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида тузилади.
2-модда. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) депутатлари орасидан раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат таркибда Палата қарори билан тузилади.
3-модда. Комиссия зиммасидаги вазифаларни ҳисобга олиб ва унинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун Комиссия таркибига Палата Девони (бундан буён матнда Девон деб юритилади) ходимлари ҳам киритилиши мумкин.
4-модда. Комиссия аъзоси Комиссия ишида қатнашиши шарт.
5-модда. Муҳокамага қўйиладиган қонун лойиҳаси билан пухта танишиб чиқиш Комиссия ҳар бир аъзосининг зиммасидаги вазифадир.
6-модда. Комиссиянинг Палата ялпи мажлисига иккинчи ўқишда, заруратга қараб, учинчи ўқишда киритилаётган қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган йиғилишида масъул қўмита раиси ва қонун лойиҳаси бўйича маърузачи қатнашиши шарт, шунингдек масъул қўмитанинг бошқа аъзолари ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқдир.
7-модда. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси вақтида тегишли соҳага доир атамалар хусусида келиб чиқиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия йиғилишига экспертлар ва мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
8-модда. Комиссия:
қонун лойиҳаси тайёрланиши жараёнида давлат тили қоидаларига қатъий риоя этилишини;
ҳужжатлар тайёрланишида норматив-ҳуқуқий атамалардан фойдаланиш изчиллиги сақланишини;
қонун лойиҳасининг матнида фойдаланилган норматив-ҳуқуқий атамаларнинг маъно жиҳатидан бир хил бўлишини;
тегишли маънони англатувчи сўзлар барча ҳужжатларда бир хил шаклда ишлатилишини;
турли тиллар қоидаларидан келиб чиқадиган номутаносибликлар нормага зиён етказилмаган ҳолда таҳрир қилинишини таъминлайди.
9-модда. Комиссия ўзига тақдим этилган қонун лойиҳасини беш кун ичида ўрганиб чиқиб, Комиссия йиғилишини ўтказиши лозим.
10-модда. Комиссия ўз муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳасида фойдаланилган норматив-ҳуқуқий атамалар бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган барча муаммолар юзасидан Палата олдида масъул қўмита билан бирга жавобгар бўлади.
11-модда. Комиссиянинг умумий фикрига қўшилмаган ёки унга қарши бўлган ҳар бир Комиссия аъзоси ўз нуқтаи назарини қонун лойиҳаси муҳокамасининг кейинги босқичларида баён этишга ҳақли.
12-модда. Комиссия ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида Девоннинг барча бўлимлари билан ҳамкорлик қилади.
13-модда. Матбуот ва таржима бўлими:
қонун лойиҳасини таҳририй жиҳатдан тайёрлаш учун лойиҳалар тайёрланган тилдаги матннинг фақат Палата масъул қўмитасининг раиси томонидан тасдиқланган вариантини олиши;
масъул қўмита қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, розилик берганидан кейингина уни Комиссияга тақдим этиши;
Комиссия қабул қилган тузатишларни уч кун ичида қонун лойиҳасига киритиши ва тузатилган қонун лойиҳасини масъул қўмитага тақдим этиши шарт.
14-модда. Комиссия муҳокамасидан ўтган ҳужжатга норматив-ҳуқуқий атамаларга доир ўзгаришларни Комиссия ҳамда масъул қўмитанинг розилигисиз киритишга йўл қўйилмайди.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 4-сон, 241-модда)