Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги низом ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 30 апрелдаги 121-III-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2008 йил 16 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг низоми тўғрисида»ги 776-I-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 4, 241-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 18 апрель,
472-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2012 йил 18 апрелдаги 472-II-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг улар мазмунига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини, қонун лойиҳаларида юридик, техник талабларга ва адабий тил нормаларига аниқ риоя этилишини таъминлаш мақсадида тузилади.
2-модда. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) қарори билан унинг депутатлари орасидан раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат 15 кишигача бўлган таркибда тузилади.
Комиссиянинг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Матбуот ва таҳририят бўлимидир.
Комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни инобатга олган ҳолда ва унинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони (бундан буён матнда Девон деб юритилади) тегишли бўлимларининг ходимлари киритилиши мумкин.
3-модда. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардир:
қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида давлат тили қоидаларига риоя этиш;
қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида норматив-ҳуқуқий атамаларни қўллаш изчиллигини сақлаш;
қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш;
тегишли маънони англатувчи сўзларни барча қонун лойиҳаларида бир хил шаклда қўллаш;
турли тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқадиган номувофиқликларни нормага зиён етказилмаган ҳолда таҳрир қилиш.
4-модда. Комиссия:
қонун лойиҳаларининг матнлари ва уларга илова қилинадиган материалларни Палата қўмиталаридан ва Девон бўлимларидан олдиндан олишга;
норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалалари бўйича Палата қўмиталари ва Девон бўлимлари билан биргаликда ишлашга;
норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қўмиталари ва унинг Девони бўлимлари билан ҳамкорлик қилишга;
норматив-ҳуқуқий атамаларнинг тўғри қўлланилиши масалалари бўйича Палата ва унинг қўмиталари мажлисларида сўзга чиқишга, шунингдек Комиссия хулосасини тақдим этишга;
тегишли соҳада қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий атамалар юзасидан юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни таклиф этишга ҳақлидир.
Комиссия ушбу Низомга, Палатанинг ва унинг Девонининг бошқа локал ҳужжатларига мувофиқ ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-модда. Комиссия:
«Давлат тили ҳақида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, ушбу Низомнинг, шунингдек Палата ва унинг Девонининг бошқа локал ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
қонун лойиҳаларининг лингвистик экспертизаси ўтказилишини ташкил этиши;
қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг, уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ, турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда ягона шаклда қўлланилишини таъминлаши;
ўзига тақдим этилган қонун лойиҳаларини ўз вақтида кўриб чиқиши, улар юзасидан ўз хулосаларини тайёрлаши;
қонуннинг қонун лойиҳасининг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши кераклиги ҳақидаги талабига риоя этиши;
эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўймаслиги;
қонун лойиҳаларида илмий қоидаларнинг, грамматика қоидаларининг, шунингдек адабий тил қоидалари ва нормаларининг талабларига, уларнинг юридик ва бошқа атамашунослик талабларини ҳисобга олган ҳолда аниқ ёзилишини таъминлаган ҳолда, риоя этиши шарт.
Комиссия ушбу Низомга, Палата ва унинг Девонининг бошқа локал ҳужжатларига мувофиқ ўзга мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
6-модда. Комиссия аъзоси:
қонун лойиҳалари матнларини ва уларга илова қилинадиган материалларни олдиндан тўла ҳажмда олишга;
норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалалари бўйича Палатанинг барча қўмиталари ва Девоннинг бўлимлари билан биргаликда ишлашга;
Комиссия қарорига рози бўлмагани тақдирда ўз нуқтаи назарини қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг кейинги босқичларида баён этишга ҳақлидир.
Комиссия аъзоси ушбу Низомга, Палата ва Девоннинг бошқа локал ҳужжатларига мувофиқ ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7-модда. Комиссия аъзоси:
«Давлат тили ҳақида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, шунингдек Палата ва Девоннинг бошқа локал ҳужжатлари талабаларига риоя этиши;
Комиссия ишида, шу жумладан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида иштирок этиши;
тақдим этилган қонун лойиҳалари ва унга илова қилинадиган бошқа материалларни ўз вақтида кўриб чиқиши;
қонун лойиҳаларида илмий қоидаларнинг, грамматика қоидаларининг, шунингдек адабий тил қоидалари ва нормаларининг талабларига, уларнинг юридик ва бошқа атамашунослик талабларини ҳисобга олган ҳолда аниқ ёзилишини таъминлаган ҳолда, риоя этиши;
тақдим этилган қонун лойиҳалари ва уларга илова қилинадиган материаллар билан танишиб чиқиши, улар юзасидан қонун лойиҳаси бўйича Комиссиянинг хулосаси асосини ташкил этиши мумкин бўлган таклифлар тайёрлаши шарт.
Комиссия аъзоси ушбу Низомга, Палата ва Девоннинг бошқа локал ҳужжатларига мувофиқ ўзга мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8-модда. Комиссия ўзига тақдим этилган қонун лойиҳасини беш иш куни ичида кўриб чиқиши ва Комиссия мажлисини ўтказиши керак. Зарур бўлган ҳолларда мазкур муддат масъул қўмита билан келишувга кўра Комиссиянинг ишчи органи томонидан ўзгартирилиши мумкин. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
9-модда. Комиссиянинг Палата мажлисига иккинчи ўқишда, заруратга қараб эса, учинчи ўқишда киритилаётган қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган мажлисида масъул қўмита раиси ва қонун лойиҳаси бўйича маърузачи ҳозир бўлиши шарт. Комиссия мажлисида масъул қўмитанинг бошқа аъзолари иштирок этиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
Комиссия мажлисида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалаларини ҳал этиш учун тегишли вазирликлар ва идораларнинг экспертлари ва мутахассислари, олимлар ва мутахассислар ҳам иштирок этиши мумкин.
10-модда. Девоннинг Матбуот ва таҳририят бўлими:
қонун лойиҳаларининг таржима ва таҳрир қилинишини таъминлаши, шунингдек уларнинг лингвистик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиши;
қонун лойиҳаларининг давлат тилидаги матнларини таҳририй тузатиш учун фақат масъул қўмита раиси томонидан тасдиқланган вариантини қабул қилиши;
масъул қўмита қонун лойиҳасини кўриб чиққанидан кейингина уни Комиссияга тақдим этиши;
Комиссия қабул қилган тузатишларни уч иш куни ичида қонун лойиҳасига киритиши ва тузатилган қонун лойиҳасини масъул қўмитага тақдим этиши шарт.
11-модда. Комиссия муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳасига норматив-ҳуқуқий атамаларга доир ўзгаришларни Комиссия ҳамда масъул қўмитанинг розилигисиз киритишга йўл қўйилмайди.
12-модда. Комиссия муҳокамадан ўтган қонун лойиҳаларида қўлланилган норматив-ҳуқуқий атамалар бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган барча масалалар юзасидан Палата олдида масъул қўмита билан бирга жавобгар бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 4-сон, 129-модда)