Жиззах Вилояти Зомин тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда маиший чиқинди чиқариш учун тўлов нархини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 72-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 25 апрелдаги «Бозор иқтисодиёти шароитларида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 211-сонли ва 2013 йил 3 декабрдаги «Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 315-сонли қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2013 й., 49-сон, 632-модда) ижросини таъминлаш ва туманда аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) асосан қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли учун чиқинди чиқариш тўлови туман Ободонлаштириш бошқармасининг калькуляциясига асосан қуйидаги янги нархда тасдиқлансин:
а) 1 (бир) тонна қаттиқ маиший чиқинди (ҚМЧ) — 42417 сўм;
б) аҳолидан ҳар 1 (бир) киши учун бир ойда — 966,72 сўм.
2. Туман Ободонлаштириш бошқармаси (А. Юсупов) аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш ва санитария ҳолатини яхшилашни таъминлаш учун тўпланиб қолган чиқиндиларни мунтазам равишда чиқарилишини ташкил этсин.
3. Тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Э. Нишонов) билан биргаликда аҳоли ўртасида чиқинди чиқариш учун янги тўлов — калькуляцияси жорий этилганлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2014 йил 12 мартдаги 212-сонли қарор ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Абдуғаниев зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким Б. САФАРОВ
Зомин т.,
2015 йил 20 март,
453-сон
(«Шарқ тонги» газетаси, 27.03.2015 й., 14 (7486)-сон)