Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати,
иқлим ва табиий шароитларнинг ўхшашлигини ва кўп томонлама яқин алоқаларни эътиборга олган ҳолда,
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилаш ҳозирги ва келажак авлодларнинг саломатлиги учун зарурлигини ва, шу муносабат билан,
табиатни узлуксиз равишда ривожлантиришнинг муҳимлигини англаб,
Томонлар ўртасида минтақа ва бутун дунё атроф муҳитини муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг зарурлигини тан олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф Муҳитни Ривожлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича Конференциясида қабул қилинган принципларнинг муҳимлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тенглик асосида, Томонларнинг ҳар бирининг қонунчилиги доирасида ва шу мақсадда тузилган жамғарма асосида ҳамкорлик қиладилар. Томонларнинг ҳар бири бошқа келишув қабул қилинмагунча ўз харажатларини ўзи қоплайди.
2-модда
Ҳамкорлик мобайнида Томонлар фаолиятнинг қуйидаги йўналишларига алоҳида эътибор берадилар:
1. Атмосферани, шу жумладан кислотали ёмғирдан ва ҳавонинг трансчегарали ифлосланишидан муҳофаза қилиш.
2. Сув сифатини, шу жумладан континентал сув ресурслари ва трансчегарали сув оқимлари; саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ва коммунал хизмат корхоналари фаолияти натижалари ҳисобланмиш оқинди сувларни муҳофаза қилиш.
3. Хавфли чиқиндиларни яширин олиб ўтиш йўлларини беркитиш учун миллий, минтақавий ва дунё миқёсида қўлланадиган қонунларни мувофиқлаштириш, чиқиндиларни бошқариш ва барвақт хабар қилиш механизмларини ва ахборот механизмларини такомиллаштириш.
4. Чиқиндиларни йўқ қилишнинг, шу жумладан қаттиқ чиқиндиларни ва саноат чиқиндиларини қайта ишлашнинг, тегишли усулларини белгилаш ва қўллаш.
5. Биоресурсларни сақлаш, шу жумладан флора ва фаунанинг йўқ бўлиб кетаётган турларини, ботқоқликка айланган ерлар каби, экология жиҳатидан ўта нозик зоналарни ва шунингдек алоҳида қўриқланаётган жойларни ҳимоя қилиш; табиат ресурсларини бошқариш режаларини тайёрлаш.
6. Тупроқларни ҳимоя қилиш ва уларни қайта тиклаш сифатини яхшилаш бўйича информация ва тажриба айирбошлаш.
7. Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг энергия ишлаб чиқаришдан пайдо бўлаётган муаммоларини бартараф этиш учун яратилган технологияларга баҳо бериш борасида маълумот ва тажриба алмашиш, шу жумладан янги ва қайта тикланган энергия ресурслари бўйича ҳамкорлик қилиш.
8. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатини хўжалик фаолиятининг бошқа соҳалари билан интеграциялаш.
9. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатини такомиллаштириш учун маъмурий, молиявий ва бошқа битимлар тузиш ва табиатни муҳофаза қилиш тартибларини мустаҳкамлаш.
10. Текшириш ва ўлчаш методикасини қўллаш, шу жумладан атроф муҳитнинг ахборот системаларидан фойдаланиш.
11. Энг оз чиқиндили, чиқиндисиз ва тозалаш технологияларини қўллаш ва ўртоқлашиш.
12. Қайта тикланмайдиган табиий бойликларни сақлаш.
13. Атроф муҳитнинг ифлосланишини баҳолаш.
14. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф Муҳитни Ривожлантириш ва ҳимоя қилиш Конференцияси қоидаларига мувофиқ маълумот ва иш тажрибаси билан алмашиш.
15. Атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўйича қўшма халқаро ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва уларни амалда бажариш; минтақавий ва халқаро даражадаги қўшма ҳаракатлар учун имкониятлардан фойдаланиш.
16. Орол денгизини муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш ва Орол денгизи ҳавзаси муаммолари бўйича Давлатлараро Кенгаш, Бутунжаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф муҳит бўйича дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ривожланиш дастури, Дунё атроф муҳит жамғармаси (Бутунжаҳон банки, БМТРД ва ЮНЕП) каби халқаро ташкилотларнинг керакли молиявий ёрдами, илмий ва техник мададини ташкил қилиш.
17. Таълим ва ўқитиш соҳасида ҳамкорлик қилиш.
3-модда
Томонлар ушбу Битимнинг 2-моддасида эслатиб ўтилган соҳаларда қуйидаги масалалар бўйича ҳамкорлик қиладилар:
1. Информация билан алмашиш, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, атроф муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсатни олиб бориш, қонун чиқариш ва табиатни муҳофаза қилиш амалиёти соҳасида иш олиб бориш, табиатни муҳофаза қилиш технологияларини ишлаб чиқиш, тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва фаолиятни мониторинг қилиш.
2. Ушбу Битимда эслатиб ўтилган масалалар бўйича Томонларнинг расмий шахслари ва экспертлари иштирокида қўшма кенгашлар ташкил қилиш.
3. Техник симпозиумлар, конференциялар ва семинарлар ташкил қилиш.
4. Бирга ўқиш дастурларини тайёрлаш ва уларни амалга ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва улар билан алмашиш.
5. Томонлар ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамни таъминлайдилар.
4-модда
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Туркия Жумҳурияти Атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ушбу Битимга мувофиқ фаолиятни мувофиқлаштирадилар ва таъминлайдилар. Ушбу Битимга мувофиқ Томонларнинг ҳар бири қўшма фаолиятнинг ўзига тааллуқли қисмининг, юқорида кўрсатиб ўтилган мамлакатлар Ҳукуматлари ўртасида ҳамкорликнинг бошқа дастурларидаги каби, мувофиқлаштирилишини таъминлайдилар.
2. Томонлар ушбу Битимга асосан фаолиятни бошқаришга масъул бўлган қўшма Комиссия тузадилар. Қўшма Комиссияга ҳар бир Томондан биттадан аъзо ва ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ташкилотлар томонидан белгиланган вакиллар киради. Томонлардан ҳар бири Комиссия «раисдоши» ҳисобланадиган мувофиқлаштирувчини белгилайди.
Томонлар иккинчи Томонга ёзма равишда хабар қилиш шарти билан янги мувофиқлаштирувчини тайинлашлари мумкин.
Комиссия Томонлардан бирининг таклифи бўйича Битимга мувофиқ фаолиятни муҳокама қилиш ва келажак дастурларини тайёрлаш каби Битимга алоқаси бор бошқа масалаларни кўриб чиқиш учун бир йилда бир марта чақирилади.
Қўшма Комиссия ушбу Битимга асосан, мувофиқлаштирувчилар томонидан имзоланадиган ҳар йиллик тадбирлар режасини тайёрлайди. Ҳар йиллик режа Битимга илова қилинади ва унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Бу ҳужжатлар Томонлардан ҳар бирининг қонунчилигига мувофиқ кучга киради.
Мувофиқлаштирувчилар, уларнинг фаолиятини таърифловчи хатлар алмашиш йўли билан, ҳар йилги режа доирасида бажариладиган фаолият тўғрисида келишиб оладилар.
5-модда
Томонлар Битимга мувофиқ жамоат ва академик ташкилотларни, хусусий компанияларни ва ноҳукумат ташкилотларни Томонлар фаолиятида иштирок этиш учун таклиф қилишлари мумкин.
6-модда
Томонлардан ҳар бири ўзаро келишган ҳолда, ҳамкорлик натижаларини учинчи томонга бериб туриши мумкин. Томонлар маълумот алмашганда мамлакатларнинг амалдаги қонунчилигини, учинчи томоннинг ҳуқуқларини, ва халқаро мажбуриятларни инобатга оладилар. Ҳимояланган ва ҳимояланиши керак бўлган маълумотларнинг ишлатилиши алоҳида тартибга солиниши керак.
7-модда
Ушбу Битимда бирор нарса Томонлар ўртасидаги ёки учинчи томон билан бўлган ҳамкорлик тўғрисидаги бошқа битимларга зарар келтиради деб талқин қилинмаслиги керак.
8-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган барча келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
9-модда
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички расмиятчиликлари бажарилгани ҳақида охирги марта хабар берган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади.
2. Агар Томонлардан бирортаси ҳам тегишли муддатнинг тамом бўлишига уч ой қолганга қадар бошқа Томонга уни бекор қилиш тўғрисида ёзма хабар бермаса, ушбу Битимнинг амал қилиши ҳар сафар ўз-ўзидан кейинги бир йиллик муддатларга чўзилаверади.
3. Ушбу Битим амалининг тўхтатилиши унинг доирасида бошланган ва ушбу Битим амалининг тамом бўлишига қадар тўла бажарилмай қолган ҳар қандай фаолиятининг охирига етказилишига таъсир қилмайди.
4. Ушбу Битимга Томонларнинг ёзма равишда розилиги билан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 8 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва турк тилларида тузилди. Ҳар иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)