Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасидаги улар учун ўзаро фойдали янада кенгроқ иқтисодий ҳамкорликка узоқ муддатли ёрдам беришни мақсад қилиб,
бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш ва уларни сақлаш мақсадида инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш зарурлигини тан олиб,
инвестицияларнинг барқарор асоси иқтисодий ресурслардан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришда энг юқори самарадорликни таъминлашига розилик билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Умумий тарифлар
Умумий тарифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестор» атамаси қуйидагиларга татбиқ этилади ва уларни ўз ичига олади:
i) Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари;
ii) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг юридик шахслари;
iii) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг фуқаролари, фуқаролар бирлашмалари ва фуқаролиги бўлмаган шахслари;
iv) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг чет элда доимий яшовчи фуқаролари.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида фойда (даромад) олиш мақсадида бир Аҳдлашувчи Томон инвесторлари томонидан тадбиркорлик ва бошқа фаолият объектларига қўйиладиган мулкий бойликларнинг барча турлари ва уларга бўлган ҳуқуқ, шунингдек интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ «инвестициялар» ҳисобланади.
3. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида инвестициялар қуйидаги йўсинда амалга оширилади:
i) инвесторларга тўлиқ тарзда ёки уларда улушли иштирок этиш асосида тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни ташкил қилиш;
ii) мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш;
iii) мол-мулкка эгалик ҳуқуқларини, шу жумладан ерга (шу жумладан ижара асосида) ва табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини, сотиб олиш;
iv) инвестициялар жойлаштириладиган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка зид бўлмаган ҳолда инвестицияларни амалга оширишга оид бошқача фаолият.
Бойликларни илк бор ёки такроран қўйишни амалга ошириш шаклларидаги ҳеч қандай ўзгартириш уларни инвестиция сифатида тавсифлашни ўзгартиришга олиб келмайди.
4. «Юридик шахслар» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ ўз мақомини олган ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларни амалга оширадиган юридик шахсларни англатади.
5. «Фуқаролар» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлат қонунчилигига кўра фуқароликка ва ҳуқуқий лаёқатга эга бўлган, унинг ҳудудида ёки чет элда доимий яшайдиган ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларни амалга оширадиган шахсларни англатади.
6. «Фуқаролиги бўлмаган шахслар» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида доимий яшайдиган, тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа фаолиятни юритиш учун ушбу Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ рўйхатга олинган ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларни амалга оширадиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни англатади.
7. «Даромадлар» атамаси — мазкур модданинг 2, 3-бандларида белгиланганидек, инвестицияларни амалга ошириш натижасида, суммаларнигина эмас, фойдалар, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва воситачилик тақдирлаш пуллари, техник ёрдам кўрсатиш, техник хизмат учун тўловлар, тақдирлашнинг бошқа шакллари тарзидаги қонуний йўл билан олинган суммаларни, бироқ мутлақ эмас, англатади.
8. «Ҳудуд» атамаси тегишлича бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ Аҳдлашувчи Томон ўз суверен ҳуқуқларини ва юрисдикциясини амалга оширадиган ҳудудини англатади.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестицияларининг ўз давлати ҳудудига кириб келишига йўл қўяди ва уларни рағбатлантиради, шунингдек ушбу инвестицияларга тўлиқ ва сўзсиз ҳуқуқий ҳимояни кафолатлайди.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилиги доирасида ўзаро инвестицияларнинг хилма-хил шаклларини қўллаб-қувватлайди ва бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори инвестицияларини ўз давлати ҳудудида ҳимоя қилиш воситаси билан иқтисодий ҳамкорликни таъминлайди.
3. Аҳдлашувчи Томонлар Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестицияси иштирокидаги корхоналарга улар Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга оширишларида ва кўп томонлама иқтисодий лойиҳаларни рўёбга чиқаришларида ёрдам бериш зарурлигидан келиб чиқадилар.
4. Агар Аҳдлашувчи Томон мазкур Битим доирасида ўз давлати ҳудудига инвестициялар кириб келишига йўл қўйган бўлса, шу Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига ана шундай инвестицияларга алоқадор бўлган зарур рухсатномалар беради.
3-модда
Миллий режим ва энг қулай шароит яратиш режими
Миллий режим ва энг қулай шароит яратиш режими
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестициялари ва даромадларига ўз инвесторлари ва/ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторлари инвестиция ҳамда даромадларига берадиган режимдан ноқулайроқ бўлмаган адолатли ва тенг ҳуқуқли режимни яратади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари амалга ошираётган инвестицияларга нисбатан унинг миллий қонунчилиги ва мазкур Битимдан келиб чиқувчи ҳар қандай мажбуриятларга риоя қилади.
3. Мазкур Битимнинг энг қулай шароитларни яратиш принципига дахлдор қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирини бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига қуйидагилардан келиб чиқувчи преференциялар ёки устуворликларнинг имтиёзли режимини жорий қилишга мажбурловчи тарзда талқин қилинмаслиги керак:
i) Аҳдлашувчи Томонлардан бири қатнашчиси бўлган ёки ана шундай бўлиши кутилаётган мавжуд ёки келажакда мумкин бўлган бож, валюта ва тўлов уюшмалари, эркин савдо ва ягона тарифлар зоналари, умумий бозор ёки минтақавий иқтисодий интеграция тўғрисидаги Битимларнинг ҳар қандай бошқа шакллари;
ii) солиқ солиш масалалари бўйича икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик тўғрисидаги битимлар ёки бошқа халқаро битимлар.
4-модда
Бошқа қоидалар ва махсус мажбуриятларни қўллаш
Бошқа қоидалар ва махсус мажбуриятларни қўллаш
Агар бир Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилиги қоидалари ёки халқаро ҳуқуққа алоқадор мажбуриятлар, мазкур Битимда мавжуд бўлган, кейинчалик унга қўшимча равишда яратилган мажбуриятларда бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестицияларига мазкур Битимга бериладигандан қулайроқ умумий ёки ўзига хос тусдаги шароит берилиши тўғрисида қоидалар бўлса, бу қоидалар мазкур Битимга қиёсан қулайроқ бўлган ҳажмда устуворликка эга бўлади.
5-модда
Тўловларни ўтказиш
Тўловларни ўтказиш
1. Ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестициялари амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон ушбу инвесторлар тегишли солиқлар ва пошлиналар ва йиғимларни тўлаганларидан сўнг ушбу инвестицияларга алоқадор тўловларнинг Томонлар қонунчилиги билан белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлайди, аммо беистисно эмас, хусусан:
i) мазкур Битимнинг 1-моддаси 7-бандида белгиланганидек фоизлар, дивидендлар, фойда ва бошқа жорий даромадларни;
ii) иккала Аҳдлашувчи Томонлар инвестициялар сифатида тан олган қарзларни тўлаш суммаларини;
iii) мазкур Битимнинг 1-моддаси 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан келиб чиқувчи лицензия тушумлари ва бошқа тўловларни;
iv) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширилаётган инвестицияларни сақлаш ёки ривожлантириш, шунингдек улар менежменти учун зарур бўлган капитал суммалари ва қўшимча суммаларни;
v) инвестицияларни бегоналаштириш, қисман ёки тўлиқ тугатишдан, шунингдек капиталнинг ўсишидан тушган тушумларни;
vi) бир Аҳдлашувчи Томон давлати фуқароларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширилаётган инвестициялар муносабати билан оладиган иш ҳақларини;
vii) мазкур Битим моддаларига мувофиқ тўланадиган компенсациялар ва мазкур Битим доирасида ҳар қандай инвестиция баҳслари билан боғлиқ тўловларни.
2. Тўловларни ўтказиш инвестициялар амалга оширилган валютада ёки эркин муомаладаги валютада тўловни ўтказиш кунида қўлланилаётган курс бўйича ва ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигида назарда тутилган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
i) банкротлик, тўловга қодир эмаслик ёки кредиторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
ii) қимматли қоғозлар эмиссияси, савдоси ёки улар билан операциялар;
iii) жиноий ёки маъмурий жавобгарлик;
iv) суд муҳокамаси тартибига ёки қарорларига номувофиқлик юзага келган ҳолатларда.
v) Томонлар қонунчилигига мувофиқ бошқа ҳолларда.
4. Мазкур моддада кўрсатилган ҳар қандай валютадаги даромадлар ва бошқа суммалар ҳамда бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошириш натижасида инвестиция қилиш жойи бўйича манбалардан олинганлар кейинги Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ реинвестиция қилиниши ёки бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
5. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари валюталарини ва бошқа давлатлар валюталарини, тўлов ҳужжатлари, қийматли қоғозларни олиб келиш ва олиб чиқиб кетиш инвестициялар амалга оширилаётган жой бўйича Аҳдлашувчи Томон давлатининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ тартибга солинади.
6-модда
Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва уни чеклаш ҳамда йўқотишларни қоплаш
Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва уни чеклаш ҳамда йўқотишларни қоплаш
1. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига тегишли инвестицияларга нисбатан тортиб олиш, национализация қилиш ёки шундай тусга тенг оқибатга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бевосита ёки билвосита қўлламайдилар, агар улар қонуний тартибда амалга оширилаётган ижтимоий манфаатлардаги камситмаслик асосидаги қўлланилаётган чора-тадбирлар, бошқа Аҳдлашувчи Томон қўллаган ҳаракатларга жавоб тариқасида қўлланиладиган чора-тадбирлар билан боғлиқ бўлмаса.
2. Мазкур модда 1-бандда назарда тутилган ҳолатлар оқибатида инвестицияларни тортиб олишни амалга оширган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига қоплаш берилишини таъминлайди. Бундай қоплаш тортиб олинган инвестицияларнинг тортиб олинишигача ёки тортиб олиш тўғрисидаги қарор барчага маълум бўлган вақтга қадар (қайси бири олдин содир бўлишига кўра) бўлган бозор қийматига мувофиқ келади, тортиб олиш кунидан бошлаб «Libor» ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқиладиган тортиб олинган инвестициялар қийматидан фоизларни қамраб олади ва улар эркин ўтказилиши лозим бўлади. Қоплаш суммалари инвестициялар амалга оширилган ёки эркин муомаладаги валютада белгиланиши ва инвесторга кечиктиришларсиз унинг қаердалиги ёки қаерда яшаётганлигидан қатъи назар, тўланиши керак. Тўловни ўтказишга алоқадор расмий ҳаракатларни бажариш учун нормал талаб этиладиган вақт мобайнида амалга оширилган тўлов «ортиқча кечиктирилмаган» тўлов ҳисобланади. Бу даврни ҳисоблаш буюртманома берилган кундан бошланади ва у уч ойдан ортиб кетмаслиги керак.
3. Инвестициялари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида содир бўлган уруш ёки бошқа қуролли тўқнашув, революция, фавқулодда ҳолат, тўнтариш, фуқаролар тартибсизликлари ёки шунга ўхшаш ҳодисаларда зарар кўрган бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига ўз инвесторларига ёки исталган учинчи давлат инвесторларига бериладигандан кам қулай бўлмаган шартларда кўрилган зарар учун компенсация, реституция, қоплаш ёки бошқа қиймат тўловлари берилади.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида шу Аҳдлашувчи Томоннинг давлат органлари, мансабдор шахсларининг инвестиция қилиш жойи бўйича давлат қонунчилигига зид бўлган хатти-ҳаракатлари натижасида, шунингдек бундай органлар ёки мансабдор шахслар томонидан биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига ёки шу инвестицияли корхоналарига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган мажбуриятларни тегишлича бажармаганликлари оқибатида ўз инвестицияларига етказилган зарарни, шу жумладан бой берилган фойдани ҳам қоплатиш ҳуқуқига эгадирлар.
7-модда
Суброгация
Суброгация
1. Бир Аҳдлашувчи Томон ёки унинг вакил қилинган муассасалари ўз инвесторларига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширган инвестициялари муносабатида нотижорат таваккалчиликларига қандайдир молиявий кафолатлар берган ва шу кафолатлар бўйича тўловларни амалга оширган бўлсалар бошқа Аҳдлашувчи Томон суброгация принципи асосида бу инвесторлар ҳуқуқларини, шу жумладан, талаб қилиш ҳуқуқларини тўлиқ ҳажмда, биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг вакил қилинган муассасаларига бу инвесторларнинг шу йўсинда суғурта қилинган инвестицияларига алоқадор мажбуриятлари муносабатидаги шартлар билан ўтишини тан олади.
2. Мазкур модда 1-бандида суброгация содир бўлганда инвестор буюртманомалар билан чиқмайди, агар у бунга Аҳдлашувчи Томон ёки унинг вакил қилинган муассасаси томонидан вакил қилинмаган бўлса.
3. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори билан баҳсда томон ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон баҳсни ҳал қилиш ёки у бўйича қарорнинг бажарилиши бутун жараёнида ҳимоя воситаси сифатида ўз иммунитетини ёки инвестор томонидан кейинги Аҳдлашувчи Томон ёки унинг вакил қилинган муассасалари кафолатлари берилишини назарда тутмайдиган кўрилган зарарлар ёки йўқотишлар тўлиқ ҳажмини ёки бир қисмини қоплайдиган суғурта контракти бўйича тегишли бўлган қоплаш суммаси олинишини баҳона қилмаслиги керак.
8- модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашга алоқадор исталган сабаб бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилиши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай таклифни хайрихоҳлик билан қабул қилади ва бундай маслаҳатлашувлар учун тегишли имкониятларни яратади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашга дахлдор низолар музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан дипломатик йўллар орқали ҳал этилади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар низо пайдо бўлган кундан бошлаб олти ой мобайнида келишувга эриша олмасалар, низо исталган Аҳдлашувчи Томон талабига кўра уч аъзодан таркиб топган Ҳакамлик Судига берилади. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири биттадан ҳакам тайинлайди, тайинланган ҳакамлар эса иккала Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатган учинчи давлат фуқароси ҳисобланадиган Раисни сайлайдилар.
3. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўз ҳакамини тайинламаса ва иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг бундай тайинлашни икки ой мобайнида амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик билдирилмаса, кейинги Аҳдлашувчи Томон тегишли тайинлашларни амалга ошириш учун БМТ Халқаро Суди Президентига мурожаат қилиши мумкин.
4. Агар иккала ҳакам ҳам тайинланганларидан сўнг икки ой мобайнида Раисни танлашда келишувга эриша олмасалар, исталган Аҳдлашувчи Томон БМТ Халқаро Суди Президентига Раисни тайинлашни ўтказиш ҳақида мурожаат қилиши мумкин.
5. Агар мазкур модданинг 3, 4-бандларида кўрсатилган ҳолларда БМТ Халқаро Суди Президенти кўрсатилган вазифани бажара олмаса ёки у Аҳдлашувчи Томонлар давлатларидан бирининг фуқароси бўлса, бундай тайинлашни Президентнинг ўринбосари амалга оширади, агар у тегишли вазифани бажара олмаса ёки Аҳдлашувчи Томонлар давлатларидан бирининг фуқароси бўлса, тайинлашни БМТ Халқаро Судининг Аҳдлашувчи Томонлардан бирортасининг фуқароси бўлмаган юқорилиги жиҳатидан навбатдаги лавозимдаги аъзоси амалга оширади.
6. Суд қонунни ҳурмат қилиш асосида қарор чиқаради. Суд қарор чиқаришдан олдин, ўз ишининг исталган босқичида Аҳдлашувчи Томонларга низони дўстона йўл билан ҳал этишни таклиф қилиши мумкин. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ана шундай қарорга келсалар, олдинги қоидалар низони ҳал қилиш йўлига тўсиқ бўлмайди.
7. Суд Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги бошқа келишувларни бузмай, ўз кўриб чиқиш тартибларини белгилайди. Суд қарорни кўпчилик овоз билан қабул қилади.
8. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири Суддаги ўз аъзоси, шунингдек ҳакамлик процедурасидаги ўз улушларига мувофиқ харажатларни ўзи қоплайди. Ҳакамлик Суди Раисига оид харажатлар ва бошқа харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг улушда қоплайдилар. Аммо Суд ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бирига харажатларда кўпроқ иштирок этишини белгилаши мумкин ва бу қарор Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
9. Суд қарори ҳар бир Аҳдлашувчи Томон учун узил-кесил ва мажбурий ҳисобланади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу орқали бир Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори ўртасида ўзи биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга ошираётган инвестициялари муносабатида юзага келадиган низоларни 1965 йил 18 мартда Вашингтон шаҳрида имзолаш учун очилган «Давлатлар ва бошқа давлатлар фуқаролари ўртасида инвестиция низоларини ҳал этиш бўйича Конвенция»га мувофиқ яраштириш ёки суд йўли билан инвестиция низоларини ҳал этиш учун Халқаро марказга беришга розилигини ифодалайди. Бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори юзага келган низо бошланишидан олдин бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори томонидан назорат қилинган бўлса, Конвенция мақсадини бажариш юзасидан Конвенция 25-моддасига (2-b) мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари билан бир хил ҳуқуққа эга бўлади.
11-модда
Қўлланиладиган қонунлар
Қўлланиладиган қонунлар
1. Мазкур Битимда бошқача ҳол кўзда тутилган бўлмаса, мазкур Битимга мувофиқ барча инвестициялар, бу инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидаги амалда бўлган қонунчилик билан тартибга солинади.
2. Мазкур модданинг 1-банди қоидаларига қарамай, ҳеч нарса чора қўлловчи Томонни унинг ҳаётий манфаатлари ва миллий хавфсизлиги масалаларини ҳимоя қилишга қаратилган ёки фавқулодда вазиятларда унинг қонунчилигига мувофиқ, камситишларсиз асослардаги чора-тадбирларни қўллашдан чекламайди.
12- модда
Олдинги инвестициялар
Олдинги инвестициялар
Мазкур Битим кучга киришидан олдин ёки кейин амалга оширилганидан қатъи назар, бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари томонидан унинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилган инвестицияларга қўлланилади.
13-модда
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ёзма ҳолдаги розилиги билан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва бекор қилиниши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва бекор қилиниши
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимни кучга киритиш масалаларида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати миллий қонунчилигида назарда тутилган ҳуқуқий тартиблар бажарилганлиги тўғрисидаги ноталарни айирбошлайдилар.
Сўнгги нота олинган сана Битимнинг кучга кириш куни ҳисобланади.
2. Мазкур Битим ўн йил мобайнида амалда бўлади. Мазкур Битимнинг амалда бўлиши, агар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга тегишли муддат тугашидан ўн икки ой олдин мазкур Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги мақсадини ёзма ҳолда хабар қилмаса, у навбатдаги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
Битимнинг амал қилиши, шунингдек Аҳдлашувчи Томонлардан бири томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақида ёзма билдиришномаси олинган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг бекор қилиниши ҳам мумкин.
3. Мазкур Битим бекор қилинган ҳолларда унинг қоидалари, 1 — 12-моддалари, мазкур Битимнинг амалда бўлиши тўхтатилгунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан кейинги ўн йиллик давр мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)