Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Эркин савдо тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталади,
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожлантиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қирғизистон Республикасининг таркиб топган интеграцион иқтисодий алоқаларини ва иккала давлат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдиришини эътиборга олиб,
Ягона иқтисодий макон барпо этиш тўғрисидаги Шартнома қоидаларига амал қилиб,
товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракати ўзаро келишиб олинган чора-тадбирлар амалга оширилишини тақозо қилишини эътироф этиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси Тарифлар ва савдо бўйича Бош Битим (ТСББ) ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) принципларига содиқлигини тасдиқлаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатдорлик принципларига амал қилиб, хўжалик фаолияти субъектларининг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, улар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни Аҳдлашувчи давлатларда амал қилувчи қонун ҳужжатларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри хўжалик алоқалари асосида ривожлантирадилар ва кенгайтириб борадилар.
Томонлардан ҳар бири иккинчи Томонга иқтисодий зиён етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тияди.
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига эркин савдо режимини яратиб берадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар баб-баравар амал қилувчи бож пошлинаси, солиқлар ва йиғимларни, шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг божхона ҳудудидан чиқувчи ҳамда иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудуди учун мўлжалланган товарлар экспорти ва/ёки импортига миқдор жиҳатдан чеклашларни қўлламайдилар. Товарларнинг келишиб олинган турлари бўйича ушбу савдо режимидан истиснолар мазкур Битимнинг ажралмас қисми бўлмиш ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ ҳар йили эркин савдо режимидан истисноларнинг умумий рўйхатини, шунингдек, бундай истисноларни қўлланиш усулларини ишлаб чиқадилар ва келишиб оладилар.
3. Мазкур Битим мақсадлари учун ва у амалда бўладиган даврда Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудларидан келиб чиқадиган товарлар деганда товарлар чиқадиган мамлакатни аниқлашнинг 1993 йил 24 сентябрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат Бошлиқлари Кенгашининг Қарори билан тасдиқланган Қоидаларда белгиланган товарлар тушунилади.
3-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон:
иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг мазкур Битим таъсири остига тушадиган товарларини ўзида ишлаб чиқарилган айни бир хил товарлар ёки учинчи мамлакатлардан келтирилган товарлар тортиладиган тегишли солиқлар ёки йиғимлардан ошиб кетадиган ички солиқлар ёки йиғимларга бевосита ёхуд билвосита тортмайди;
ушбу Битим таъсири остига тушувчи товарлар импорт ёки экспортига нисбатан худди шундай вазиятда ўзида ишлаб чиқарилган айнан бир хил товарларга ёки учинчи мамлакатлардан келтирилган товарларга нисбатан қўлланилмайдиган бирон-бир махсус чеклашлар ёки талабларни жорий этмайди;
иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан келтирилган товарларни омборларга жойлаш, қайтадан юклаш, сақлаш, ташишга нисбатан, шунингдек тўловлар ҳамда тўловларни ўтказишга нисбатан худди шундай ҳолларда ўз товарларига ёки учинчи мамлакатлардан келтирилган товарларга нисбатан қўлланиладиган қоидалардан бошқача қоидаларни қўлламайди.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро савдо-сотиқда иккинчи Аҳдлашувчи Томонга нисбатан камситувчи чоралар қўллашдан, мазкур Битим доирасида товарлар экспорт ва /ёки импортига миқдор чеклашлари ёхуд уларга тенг чоралар жорий қилишдан тийилиб турадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар бир томонлама тартибда миқдор жиҳатдан ёки ўзгача махсус чеклашларни белгилашлари мумкин, аммо бу фақат оқилона доираларда ва қатъий белгиланган муддатда бўлиши керак.
Бундай чеклашлар истисно ҳоллардагина бўлиб, фақат ТСББ/ЖСТ доирасидаги битимларда кўзда тутилган ҳолларда қўлланилиши мумкин.
Ушбу моддага мувофиқ чеклашларни қўлловчи Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонга мазкур чеклашларни жорий этишнинг асосий сабаблари, шакллари ва унинг назарда тутилаётган муддатлари тўғрисида имкон борича барвақт тўлиқ ахборот бериши лозим, шундан кейин маслаҳатлар белгиланади.
5-модда
Мазкур Битим исталган Аҳдлашувчи Томоннинг ўзининг ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисоблайдиган ёки ўзи иштирок этаётган, ёки иштирок этиш ниятида бўлган халқаро шартномаларни бажариш учун сўзсиз зарур деб ҳисоблайдиган ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида халқаро амалиётдаги ҳамма томонидан эътироф этилган давлат йўли билан тартибга солиш чораларини, агарда бу чоралар қуйидагиларга тааллуқли бўлса, уларни бир томонлама тартибда қабул қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди:
одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни қўриқлаш, ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш;
ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш;
миллий хавфсизликни таъминлаш;
қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника савдоси;
парчаланувчи материаллар ва радиоактив моддалар манбаларини етказиб бериш, радиактив чиқитлардан фойдаланиш;
олтин, кумуш ёки бошқа қимматбаҳо металлар ва тошлар билан савдо қилиш;
ўрнини тўлдириб бўлмайдиган табиий захираларни сақлаш;
тўлов баланси бузилиши;
давлатнинг қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида ички нархлари жаҳон нархларидан арзон бўлган маҳсулотлар экспортини чеклаш;
саноат ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
миллий бойликларни муҳофаза қилиш;
уруш даврида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда халқаро муносабатларда қўлланиладиган чора-тадбирлар;
халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун БМТ Устави асосида мажбуриятларни бажариш йўлидаги ҳаракатлар.
Ушбу моддага мувофиқ шундай чора-тадбирларни қўлловчи Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонга мазкур чеклашларни жорий этишнинг асосий сабаблари, шакллари ва унинг назарда тутилаётган муддатлари тўғрисида имкон борича барвақт ахборот бериши лозим, шундан кейин маслаҳатлар белгиланади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар алоҳида банклараро битим билан келишиб олинади.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ташқи иқтисодий алоқаларни ички ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги, шу жумладан савдо, сармоялар, солиққа тортиш, банк ва суғурта фаолияти ҳамда бошқа хизматлар масалаларига оид, транспорт ва божхона масалалари, шу жумладан Аҳдлашувчи Томонларга тааллуқли божхона статистикаси бўйича ахборотни мунтазам равишда айирбошлаб турадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг бажарилишига таъсир қилиши мумкин бўлган миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида дарҳол бир-бирларига маълум қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг вакил қилинган органлари шундай ахборотни айирбошлаш тартибини келишиб оладилар.
Ушбу модданинг қоидалари:
исталган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари зиммасига Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг қонунчилиги бўйича ёки одатдаги маъмурий амалиёт давомида олиш мумкин бўлмаган ахборотни бериш мажбуриятини юклайдиган қоида деб талқин этилмайди;
бирон-бир савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб-корга оид сирни ёхуд савдо жараёнини ошкор қилиши мумкин бўлган ахборотни ёки ошкор этилиши Аҳдлашувчи Томоннинг давлат манфаатларига зид бўладиган бошқа ахборотни бермайди.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ноҳалол амалий фаолиятни мазкур Битимнинг мақсадларига хилоф деб эътироф этадилар ҳамда унинг қуйидаги усулларига йўл қўймаслик ва бартараф этиш мажбуриятини оладилар:
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида рақобатчиликка халақит бериш ёки уни чеклаш ё бўлмаса бунинг учун шарт-шароитларни издан чиқариш мақсадини кўзловчи корхоналар ўртасидаги шартномалар, корхоналарнинг бирлашмаси томонидан қабул қилинган қарорлар ҳамда амалий фаолиятининг умумий усуллари;
бир ёки бир қанча корхоналар Аҳдлашувчи Томонларнинг бутун ҳудудида ёки унинг талайгина қисмида рақобатчиликни чеклаб, ўзининг устун мавқеидан фойдаланадиган хатти-ҳаракатлар.
9-модда
Икки томонлама иқтисодий муносабатларни тарифли ва тарифсиз асосда тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш чоғида, статистика ахборотини айирбошлаш, божхона тартиб-қоидаларини бажариш учун Аҳдлашувчи Томонлар товарларни таърифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига ҳамда Европа Иқтисодий Иттифоқининг Комбинацияланган Тариф-статистика номенклатурасига асосланган ташқи иқтисодий фаолиятнинг тўққизта рақамли ягона Товар номенклатурасидан фойдаланадилар. Бунда Аҳдлашувчи Томонлар зарур ҳолларда ўз эҳтиёжлари учун Товар номенклатурасини тўққизта рақамдан ташқарига чиқариб ривожлантирадилар.
Товар номенклатурасининг эталон нусхасини жорий этиш тегишли халқаро ташкилотлардаги мавжуд бўлган ваколатхоналар орқали ўзаро келишилган асосда амалга оширилади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар шунга қўшиладиларки, транзит эркинлиги принципига риоя этиш Мазкур Битим мақсадларига эришишнинг ғоят муҳим шарти ҳамда уларни халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперациялаш тизимига қўшишнинг жиддий элементидир.
Шу муносабат билан ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлат божхона ҳудудидан ва /ёки учинчи мамлакатлардан чиқувчи ҳамда иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудуди ёки исталган учинчи мамлакат учун мўлжалланган товарларнинг ўз давлати ҳудуди орқали тўсқинликсиз ўтказиб юборилишини таъминлайди ва экспортчилар, импортчиларга ёхуд юкни олиб ўтказувчиларга ўзининг экспортчилари, импортчиларига ёки юк олиб ўтувчиларига ёхуд исталган учинчи давлатнинг экспортчилари, импортчилари ёхуд юк олиб ўтувчиларига қандай шартлар асосида воситалар ва хизматлар бериладиган бўлса шулардан ёмон бўлмаган шартлар асосида транзитни таъминлаш учун барча мавжуд ҳамда зарур воситалар ва хизматларни етказиб беради.
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудуди орқали юкларни олиб ўтиш тартиби ва шартлари халқаро юк ташиш Қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
11-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон товарларнинг берухсат реэкспорт қилинишига йўл қўймайди, чунки мазкур товарлар чиқадиган иккинчи Аҳдлашувчи Томон уларни экспорт қилишга нисбатан давлат йўли билан тартибга солиш чораларини қўллайди ва /ёки уларни ўз божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиш чоғида ташқи иқтисодий имтиёзлар беради. Аҳдлашувчи Томонлар берухсат реэкспорт қилиш тақиқланадиган товарлар рўйхатини белгилайдилар, шунингдек давлат йўли билан тартибга солиш чоралари қўлланиладиган товарларнинг рўйхатларини айирбошлайдилар.
Шундай товарларни учинчи мамлакатларга реэкспорт қилиш мазкур товарлар чиқарилган мамлакат бўлмиш давлатнинг вакил қилинган органи фақат ёзма равишда розилик берган тақдирда ва у белгилаб берадиган шартлар асосидагина амалга оширилиши мумкин.
12-модда
Аҳдлашувчи Томонлар учинчи мамлакатларга нисбатан экспорт назорати бўйича баҳамжиҳат сиёсат ўтказиш мақсадида самарали экспорт назорати тизимини вужудга келтириш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиб, ўзаро келишилган чораларни амалга оширадилар.
13-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида илгари тузилган икки томонлама битимларнинг қоидалари ўрнини аввалги битимнинг моддалари мазкур Битим моддаларига тўғри келмай қолган ёки уларга айнан ўхшаш бўлган даражада босади.
14-модда
Ушбу Битимда ҳеч нарса Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг учинчи мамлакатлар билан муносабатлар ўрнатишига, мазкур Аҳдлашувчи Томон қатнашчиси бўлган ёки бундай муносабатлар ва мажбуриятлар мазкур Битимнинг қоидалари ва мақсадларига зид бўлмаган тақдирда қатнашчиси бўлиши мумкин бўлган бирон-бир бошқа халқаро битимга мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига тўсқинлик қилмайди.
15-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз қонунчилигига ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати хўжалик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳуқуқий жиҳатдан, шу жумладан суд йўли билан баб-баравар ҳимоя қилинишини таъминлайди.
16-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин этиш ёки қўллаш хусусида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар музокаралар йўли билан ёки Аҳдлашувчи Томонлар учун маъқул бўлган бошқача усул билан ҳал этилади.
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро савдо-сотиқда можароли вазиятларга йўл қўймасликка интиладилар.
17-модда
Мазкур Битимнинг мақсадларини амалга ошириш ва иккала давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш борасидаги тавсияларни ишлаб чиқиш учун Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма комиссиясини таъсис этиш ҳақида келишиб олдилар.
18-модда
Зарур ҳолларда мазкур Битимга Томонларнинг ёзма розилиги билан ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
19-модда
Мазкур Битим бунинг учун зарур ички давлат тартиб-қоидаларини Аҳдлашувчи Томонлар бажарганлиги тўғрисида хабарномалар айирбошланган кундан кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг ҳаракатини тўхтатиш ниятида эканлиги ҳақида иккинчи Аҳдлашувчи Томонга ёзма хабарнома юборган кундан бошлаб ўн икки ой ўтганга қадар кучида қолади.
Мазкур Битимнинг амал қилиши тўхтагандан кейин унинг қоидалари иккала мамлакат корхоналари ва ташкилотлари ўртасида тузилган, аммо у амалда бўлган даврда бажарилмай қолган шартномаларга нисбатан қўлланилади, бироқ у беш йилдан ошмаслиги керак.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида ўзбек, қирғиз ва рус тилларида икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин этиш мақсадлари учун рус тилидаги матн устунроқ кучга эга.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида эркин савдо тўғрисидаги 1996 йил 24 декабрдаги Битимга эркин савдо режимидан истиснолар ҳақида
протокол
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати (Қуйида Аҳдлашувчи Томонлар деб номланади) Қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар.
1-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида эркин савдо тўғрисида 1996 йил 24 декабрдаги Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган истиснолар қуйидаги товарларга нисбатан қўлланилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг экспорт тарифи тўғрисидаги Қонунчилиги, шунингдек товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ҳамда импортини лицензиялаш ва меъёрлаш тўғрисида товарларни Ўзбекистон Республикасидан/га Қирғизистон Республикасига/дан экспорт/импорт қилиш чоғида уларни божхонада расмийлаштириш пайтида амалда бўлган қонунчилиги таъсири остига тушувчи товарлар (ушбу Протоколни имзолаш пайтида экспорт ва импортни нотариф асосида тартибга солиш соҳасидаги экспорт тарифлари ва чеклашлари амал қилади. Булар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 18 июнь 219-сон Қарори 1- ва 2-иловаси билан, 1995 йил 25 июлдаги 287-сон Қарори, унинг 3, 4, 5, 6, 8, 9-иловалари билан белгилаб қўйилган).
2. Қирғизистон Республикасининг экспорт тарифи тўғрисидаги Қонунчилиги, шунингдек товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ҳамда импортини лицензиялаш ва меъерлаш тўғрисида товарларни Қирғизистон Республикасидан/га Ўзбекистон Республикасига/дан экспорт/импорт қилиш чоғида уларни божхонада расмийлаштириш пайтида амалда бўлган қонунчилиги таъсири остига тушувчи товарлар (ушбу Протоколни имзолаш пайтида Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг 1994 йил 13 июндаги 408-сон ва 1995 йил 22 мартдаги 97-сон Қарорлари билан белгиланган экспорт ва импорт нотариф асосида тартибга солиш соҳасидаги экспорт тарифлари ва чеклашлари амал қилади).
Аҳдлашувчи Томонлар юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича ўз ички қонунларидаги барча ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасига мувофиқ экспортда тариф ва нотариф чеклашлар қўлланиладиган товарларга нисбатан бир-бирларига энг қулай режимини яратиб берадилар, шу жумладан:
бож пошлинаси ва йиғимлар, шундай пошлина ва йиғимларни ундириш, товарларни шу жумладан уларнинг божхонаси орқали расмийлаштиришга, транзит, омборларга жойлаштириш ва қайтадан;
юклашга тааллуқли товарлар экспорти билан боғлиқ бўлган тартиб ва қоидалар;
бевосита ёки билвосита экспорт қилинадиган товарлар билан боғлиқ ҳар қандай турдаги солиқлар ва бошқа ички йиғимлар;
ички бозорда товарларни сотиш, харид қилиш, ташиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари;
лицензиялар бериш соҳасида бир-бирларига қулай режим яратадилар.
3-модда
Ушбу Протоколнинг 2-моддасининг қоидалари ҳар бир Аҳдлашувчи Томон:
божхона иттифоқи ёки эркин савдо зонасини вужудга келтириш мақсадида ёхуд шундай иттифоқ ёки зонани вужудга келтириш натижасида учинчи мамлакатларга;
халқаро битимлар асосида ривожланаётган мамлакатларга;
чегара атрофидаги савдо-сотиқни енгиллаштириш мақсадида қўшни мамлакатларга;
махсус Битимларга мувофиқ бир-бирига берадиган афзалликлар ва имтиёзларга нисбатан қўлланилмайди.
4-модда
1. Ушбу Протокол Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида эркин савдо ҳақида 1996 йил 24 декабрда имзоланган Битимнинг ажралмас қисми бўлиб, мазкур Битим билан бир вақтда кучга киради.
2. Ушбу Протокол эркин савдо тўғрисидаги Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган янги Протокол тузилгунгача бўлган даврда амал қилади.
Ушбу Протокол Тошкент шаҳрида 1996 йил 24 декабрда ўзбек, қирғиз ва рус тилларида икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Протоколнинг қоидаларини талқин этиш мақсадлари учун рус тилидаги матн устунроқ кучга эга.