Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Даромадларга иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати,
даромадларга иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Битим тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Қўлланиш доираси
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланади.
2-модда
Битим татбиқ этиладиган солиқлар
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Давлатлар ёки улар маҳаллий ҳокимиятлари номидан олинаётган даромад солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Даромад солиқларига умумий даромаддан ёки даромаднинг бир қисмидан олинадиган барча солиқлар, шу жумладан, кўчар ва кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлардан ҳамда корхоналар томонидан тўланадиган иш ҳақи ёки мукофотларнинг умумий миқдоридан олинадиган солиқлар, шунингдек сармоя қийматининг ошишидан олинган даромадлардан ундириладиган солиқлар киради.
3. Ушбу Битим қўлланадиган амалдаги солиқларга хусусан қуйидагилар киради:
a) Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
(i) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар даромадларидан (фойдасидан) олинадиган солиқ;
(ii) даромад солиғи;
(бундан кейин «Ўзбекистон солиқлари» деб аталади).
b) Вьетнамга нисбатан:
(i) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
(ii) фойда солиғи; ва
(iii) фойданинг ўтказилишидан олинадиган солиқ;
(бундан кейин «Вьетнам солиқлари» деб аталади).
4. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири томонидан ушбу Битим имзолангандан сўнг келажакда олинадиган амалдаги солиқларга қўшимча ёки улар ўрнига киритилган ҳар қандай муносиб ёки ўхшаш солиқларга нисбатан ҳам қўлланади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ўз солиқ қонунчилигида бўлган барча туб ўзгаришлар ҳақида бир-бирларига хабар берадилар.
3-модда
Умумий таърифлар
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса:
a) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини билдиради ва жуғрофий маънода қўлланганда халқаро қонунчилик ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ер ости бойликлари ва табиий ресурслардан фойдаланишга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ўз ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин бўлган зона ҳисобланадиган ҳудудини, ички сув ҳавзаларини, улар тепасидаги ҳаво кенглигини англатади;
b) «Вьетнам» атамаси Вьетнам Социалистик Республикасини англатади ва жуғрофий маънода қўлланганида унинг бутун миллий ҳудудини, шу жумладан, ҳудудий сувларини, шунингдек Вьетнам қонунларига мувофиқ ва халқаро ҳуқуққа биноан Вьетнам денгиз тубидаги, денгиз тубининг ер остидаги табиий ресурсларга нисбатан ўзининг мустақил ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин бўлган унинг ҳудудий сувларидан ташқарида жойлашган ҳар қандай ҳудудини англатади;
c) «Аҳдлашувчи Давлат» ва «иккинчи Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнда ишлатилиш ўрнига қараб Ўзбекистонни ёки Вьетнамни англатади;
d) «шахс» атамаси жисмоний шахсни, компания ёки шахсларнинг ҳар қандай бошқа уюшмасини англатади;
e) «компания» атамаси корпоратив бирлашма ҳисобланган ҳар қандай шахсни ёки солиққа тортиш мақсадларида шундай корпоратив бирлашма сифатида ўз мақомига эга бўлган Аҳдлашувчи Давлатлар қонунларига мувофиқ кўриб чиқиладиган ҳар қандай қўшма корхона ёки бошқа тузилмаларни англатади;
f) «Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси» ва «иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси» атамалари ўрни билан Аҳдлашувчи Давлат резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани англатади;
g) «миллий шахслар» атамаси:
i) Аҳдлашувчи Давлат фуқаролигига эга бўлган ҳамма жисмоний шахсларни;
ii) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган ҳамма ҳуқуқий шахсларни, ҳамжамият ва ассоциацияларни англатади;
h) «халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемасида ҳар қандай ташишни англатади; денгиз ёки ҳаво кемасининг иккинчи Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида фойдаланилиши бундан мустасно;
е) «ваколатли идора» атамаси:
Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Раисини ёки унинг ваколатли вакилини англатади; ва
Вьетнамга нисбатан — Молия Вазирини ёки унинг ваколатли вакилини англатади.
2. Ушбу Битимни Аҳдлашувчи Давлат қўллаганда ҳар қандай унда белгиланмаган ибора, агар матн мазмуни ўзга маънони талаб қилмаса, қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқларига нисбатан ушбу Битим қўлланаётган бўлса, ўша Давлатнинг қонунларига мувофиқ маънони англатади.
4-модда
Резидент
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари юзасидан «Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти» атамаси мазкур Давлатнинг қонунчилиги бўйича ўзининг турар жойи, доимий истиқомат қилиш жойи, бошқарув идорасининг қаерда жойлашгани, ҳуқуқий шахс сифатида ташкил топган жойи, рўйхатдан ўтган жойи ёки ўзга асл мазмунда шунга ўхшаш мезонларга кўра мазкур Давлатда солиқ тўловчи ҳисобланган ҳар қандай шахсни англатади. Бироқ мазкур атама ушбу Давлатда фақат мазкур Давлатда жойлашган манбалардан ёки сармоядан даромад олаётгани учун солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни ўз ичига қамрамайди.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ шахс Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар иккисининг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
a) бу шахс тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи жойлашган Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади; агар у ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйга эга бўлса, шахсий ва иқтисодий алоқалари энг чуқур бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
b) агар унинг ҳаётий манфаатлар маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳеч бирида тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи бўлмаса, у одатда яшайдиган Давлатининг резиденти ҳисобланади;
c) агар шахс одатда ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у Аҳдлашувчи Давлатлардан қай бирининг миллий шахси бўлса, ўша Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар шахс Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар иккисининг миллий шахси деб қаралса ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан ҳеч бирининг миллий шахси бўлмаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс бўлмаган шахс Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар иккисининг резиденти бўлса, унда у ҳуқуқий шахс сифатида ташкил топган жойи жойлашган Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади.
5-модда
Доимий муассаса
1. Мазкур Битим мақсадлари учун «доимий муассаса» атамаси доимий фаолият жойини билдиради, корхона ана шу жой орқали тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади.
2. «Доимий муассаса» атамаси, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
a) бошқарув жойи;
b) бўлим;
c) офис;
d) фабрика;
e) устахона;
f) шахта, нефть ва газ кони, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган ҳар қандай бошқа жой;
g) табиий ресурсларни қидириш учун фойдаланиладиган иншоот ёки ускуна.
3. «Доимий муассаса» атамаси яна қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:
а) қурилиш майдончаси ёки йиғилма ёки йиғиш объекти ёки ушбу объектлар билан боғлиқ бўлган бошқарувчилик фаолияти, агар улар 6 ойдан кўпроқ вақт мавжуд бўлиб турса;
b) таъминотчилик хизматлари, шу жумладан, корхонанинг шу мақсад учун жалб қилинган ўз хизматчилари ёки бошқа ходимлар орқали кўрсатадиган консалтинг хизматлари, агар фақат бунда шу хилдаги (шунинг учун ёки у билан боғлиқ объектнинг) фаолият Давлат ҳудудида 12 ойлик давр мобайнида жами 6 ойдан ошмайдиган муддат давомида амалга ошириладиган бўлса.
4. Ушбу модданинг аввалги қоидаларига қарамай, қуйидаги фаолият турларини «доимий муассаса» атамаси ўз ичига олмайди:
a) иншоотлардан шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотларни фақат сақлаш, намойиш қилиш мақсадларида фойдаланиш;
b) шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотлар захирасининг фақат сақлаш, намойиш қилиш мақсадларида ушлаб турилиши;
c) шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотлар захирасини фақат бошқа корхона томонидан қайта ишлаш мақсадларида ушлаб турилиши;
d) доимий фаолият жойининг фақат товарлар ёки маҳсулотлар сотиб олиш ёки мазкур корхона учун ахборот йиғиш мақсадлари учун ушлаб турилиши;
e) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи характердаги фаолиятни амалга ошириш мақсадлари йўлида ушлаб турилиши.
5. 1- ва 2-бандлардаги қоидаларига қарамай, агар 7-бандда кўрсатилган мустақил мақомли агентдан ўзга шахс Аҳдлашаётган Давлатларнинг бирида ўзга Аҳдлашаётган Давлатдаги корхона номидан иш юритса бу корхона биринчи эслатилган Аҳдлашаётган Давлатда ушбу шахс корхона учун амалга оширадиган ҳар қандай фаолиятга нисбатан доимий муассасага эга деб ҳисобланади, агар ушбу шахс:
a) ушбу Давлатда корхона номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлса ва уни амалга оширса, бунда агар ана шу шахснинг фаолияти 4-бандда кўрсатилган фаолият билан чекланиб қолса, яъни агар шу банднинг қоидаларига кўра, доимий фаолияти жойи орқали амалга оширилса, ана шу доимий фаолият жойидан доимий муассаса сифатида фойдаланмаса; ва
b) бундай ҳуқуққа эга эмас, лекин доимо биринчи айтиб ўтилган Давлатда ғамланган товар ва маҳсулотларга эгаки, улардан доимий равишда корхона номидан товар ва маҳсулотлар етказиб туради.
6. Мазкур модданинг бундан олдинги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг суғурта корхонаси, такрорий суғурта ҳолларидан ташқари, агар у иккинчи Давлат ҳудудида суғурта мукофотларини йиғса ёки 7-бандга тааллуқли мустақил мавқели агентдан ўзга шахс орқали у ерда бўлиши мумкин хатардан суғурта қилса, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб ҳисобланади.
7. Корхона, агар у иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзининг одатдаги фаолияти чегарасида иш юритган тақдирда, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб қаралмайди. Бироқ бундай агентнинг фаолияти тўлиқ ёки қарийб тўлиқ ҳолида ушбу корхона номидан бағишланадиган бўлса, унда у мазкур банд қоидалари доирасида мустақил мақомга эга агент деб қаралмайди.
8. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компания томонидан назорат қилиниши ёки иккинчи Давлат компанияси устидан назоратни юритиши ёки мазкур компания иккинчи Давлатда тижорат фаолиятини амалга ошириш (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) фақти ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромад(фойда)лар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти томонидан иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан олинган даромад (қишлоқ ва ўрмон хўжалигидан олинадиган даромад ҳам шу жумлага киради) шу иккинчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигида ифодаланган тушунча бўйича қабул қилинади. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулк ҳақидаги умумий қонунчиликнинг қоидалари билан ҳақ-ҳуқуқи белгиланган кўчмас мулкка тегишли бўлган мулкни, чорва моллари, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги воситалари, кўчмас мулк натижаси бўлган атроф мулкни (узуфрукт), ишлатганлик учун бадал сифатида тўланадиган ўзгарувчан ва қатъий белгиланган тўловларга бўлган ҳуқуқ ёки маъданлар жойлашган ерга ва бошқа табиий ресурсларни ишлашга бўлган ҳуқуқни ўз ичига қамрайди; кемалар ва ҳаво кемалари кўчмас мулк сифатида қаралмайди.
3. Юқоридаги 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки ўзга ҳар қандай шаклда фойдаланиб олинган даромадга нисбатан қўлланади.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад
1. Корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, Аҳдлашувчи Давлат корхонаси томонидан иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда олинган фойда ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади. Агар корхона ўз фаолиятини юқорида айтилганидек амалга ошираётган бўлса, корхонанинг даромади иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади, аммо қуйидагиларга тегишли бўлган соҳалардагина солиққа тортилади:
a) агар бу фойда ушбу доимий муассасанинг фаолиятига тегишли бўлса;
b) доимий муассаса орқали сотилаётган товар ёки маҳсулотлар билан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш товарлар ва маҳсулотларнинг ушбу иккинчи Давлатдаги савдосига тегишли бўлса;
c) ушбу иккинчи Давлатда амалга оширилаётган фаолият доимий муассаса орқали амалга оширилаётган фаолият билан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш бошқа тижорат фаолиятига тегишли бўлса.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ агар Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси тижорат фаолиятини иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, даромад ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда бундай доимий муассасага ўтказилади. Ушбу даромадни, доимий муассаса алоҳида ва мустақил корхона сифатида худди шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга ошираётган бўлса, худди шундай ёки шунга ўхшаш шартлар асосида ва корхонадан мутлақо мустақил равишда иш кўрса ва у доимий муассаса ҳисобланса, олиши мумкин.
3. Доимий муассаса даромадини аниқлашда мазкур доимий муассаса фаолияти мақсадлари учун сарфланган харажатларни чиқариб ташлашга йўл қўйилади, доимий муассаса жойлашган Давлатда ёки ҳар қандай ўзга ерда фаолияти мақсадлари учун сарфланган бошқарув ва умумий маъмурий харажатлар ҳам шунга киради. Бироқ доимий муассаса томонидан корхонанинг бош муассасаси ёки бошқа муассасадан исталган биттасига патент ёхуд бошқа ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун роялти, йиғим ёки шунга ўхшаш бошқа тўловлар тўлаш йўли билан, ёки кўрсатилган аниқ хизматлар ёки менежментлик учун комиссион тўловлар тўлаш йўли билан, бу корхона банкка тегишли бўлган ҳоллардан ташқари ёки ушбу доимий муассасага берилган қарз миқдорига фоизлар тўлаш йўли билан тўланган (амалдаги харажатлар ўрнини тўлдиришдан ташқари) суммаларни, агар улар умуман бўлса, чегириб ташланишига йўл қўйилмайди. Шу тарзда доимий муассаса томонидан корхонанинг бош офисига ёки бошқа офислардан исталган биттасига патент ёхуд бошқа ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун роялти, қалам ҳақи ёки шунга ўхшаш бошқа тўловларни тўлаш йўли билан ёки кўрсатилган аниқ хизматлар ёки менежментлик учун комиссион тўловлар тўлаш йўли билан, банкка доир корхона ҳолларидан ташқари ёки корхонанинг бош офисига ёки бошқа офислардан исталган биттасига берилган қарз суммасига фоизлар тўлаш йўли билан тўланган суммалардан доимий муассасанинг фойдаларини аниқлаш эътиборга олинмайди.
4. Даромаднинг доимий муассасага тегишли қисмини аниқлаш учун шу давлатнинг ваколатли идорасига маълум бўладиган ахборотлар етарлича бўлмаган ҳолларда Аҳдлашувчи Давлатнинг шахснинг солиқ тўловларини аниқлашга тааллуқли ҳар қандай қонунни қўллашга, бунда ушбу қонундан ваколатли идорага маълум бўладиган ахборот имкон берадиган даражада фойдаланиш ва ушбу модда тамойиллари билан келишиш шарти билан, ушбу моддада ҳеч нарса халақит бермайди.
5. Аҳдлашувчи Давлатда корхона фойдасининг умумий миқдорини унинг турли бўлинмаларига мутаносиб тарзда тақсимлаш негизида доимий муассасага тегишли фойдани белгилаш оддий ҳол эканлиги учун 2-банддаги ҳеч нарса Аҳдлашувчи Давлатга солиққа тортиладиган фойдани шундай тақсимот воситасида аниқлашга халақит бермайди; танланган тақсимот услуби ушбу моддага тегишли тамойилларга муносиб натижалар бериши лозим.
6. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага мансуб даромад, агар бошқаси учун салмоқли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил услубда аниқланади.
7. Агар даромад, мазкур Шартноманинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган даромад турларини қамраб оладиган бўлса, мазкур моддалар қоидаларига ушбу модда қоидалари таъсир этмайди.
8-модда
Халқаро транспорт
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг халқаро ташишларда кемалар, самолётлардан фойдаланишдан олган даромадига фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидалари нақлиёт воситаларидан фойдаланиш бўйича халқаро ташкилотларда ёки қўшма тижорат фаолиятида, умумий жамғармада иштирок этишдан олган фойдаларига ҳам қўлланади.
9-модда
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
a) Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса; ёки
b) ўша шахслар Аҳдлашувчи Давлатлар унисининг ҳам корхонасини, бунисининг ҳам корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг капиталида бевосита ёки билвосита қатнашса, икки корхона ўртасида уларнинг тижорат ва молиявий муносабатларида мутлақо мустақил бўлган корхоналар ўртасида бўладигандан фарқли шароитлар вужудга келтирилса ёки белгиланса, уларнинг бирортасига ҳисобланиши мумкин бўлган, лекин юқоридаги шароитлар туфайли ҳисобланмаган ҳар қандай фойда Аҳдлашувчи Давлат томонидан ушбу корхона фойдасига қўшилиши ва тегишли равишда солиққа тортилиши мумкин.
10-модда
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланган дивидендлар ана шу иккинчи Давлат томонидан солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ўша Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларни олувчи даромадли дивидендлар эгаси бўлса, солиқнинг миқдори бундай дивидендлар жами миқдорининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бу банд дивидендлар тўланадиган фойда масаласида компанияни солиққа тортишга тааллуқли эмас.
3. «Дивидендлар» ибораси мазкур моддада қўлланганда, акциялардан ёки фойдада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадни, шунингдек фойдани тақсимловчи компания резидент бўлган Давлатнинг қонунларига мувофиқ, акциялардан олинадиган даромад каби, солиқларни тартибга солишга тааллуқли бўлган бошқа корпоратив ҳуқуқлардан олинадиган даромадни англатади.
4. Агар дивидендларининг бенефициар Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлгани ҳолда дивидендларни тўлаётган бирлашма резиденти бўлган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ўз фаолиятини унда жойлашган доимий муассасаси орқали амалга оширса ёки ушбу иккинчи Давлатда у ерда жойлашган доимий базадан мустақил равишда хусусий хизматлар кўрсатса ва холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) аслида шу доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, мазкур модданинг 1- ва 2-бандларидаги қоидалар қўлланмайди. Бундай ҳолда, шароитга қараб, мазкур Шартноманинг 7-моддаси ёки 15-моддаси қоидалари қўлланади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компания иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдан фойда ёки даромад олаётган бўлса, бу иккинчи Аҳдлашувчи Давлат компания тўлаётган дивидендлардан солиқ олмаслиги мумкин, ана шу иккинчи Давлат резидентига тўланадиган бундай дивидендлар ёки холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатан боғлиқ бўлса, шунингдек, компаниянинг тақсимланмаган фойдасидан солиқлар олинмайди, ҳаттоки, тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу иккинчи Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам.
11-модда
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўлган ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу иккинчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар ҳосил бўлган мазкур Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларни олувчи бенефициар бўлса, солиқнинг миқдори фоизлар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ўзаро келишувга мувофиқ бундай чеклашларни қўллаш усулини таъсис қиладилар.
3. Мазкур модданинг 2-банди қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келадиган фоизлар шу Аҳдлашувчи Давлатда солиқдан озод қилинади, қачонки:
a) иккинчи Аҳдлашувчи Давлат Ҳукумати ёки маҳаллий ҳокимият идоралари ёхуд ушбу Ҳукуматнинг ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларининг ҳар қандай бошқа идоралари бенефициар бўлса;
b) иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бенефициар ҳисобланса, фоиз эса ушбу иккинчи Давлат ёки ушбу иккинчи Давлатнинг вакил қилинган бўлинмаси томонидан «маълум муддатга» берилган ва кафолатланган ёки суғурта қилинган қарз мажбуриятларига нисбатан тўланса.
4. «Фоизлар» ибораси мазкур Битимда қўлланганда қарздор фойдасида қатнашишга ҳуқуқ берадиган ёки бермайдиган, бадал билан таъминланган ёки таъминланмаган ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинадиган даромадни ва, хусусан, ҳукумат қимматбаҳо қоғозлари, облигациялар ва қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадни, шу жумладан, ушбу қимматбаҳо қоғозлар, облигациялар ва қарз мажбуриятлари бўйича олинадиган мукофотлар ва ютуқларни билдиради. Ўз вақтида тўланмаган тўловлар учун жарималар ушбу модда мақсадларида фоизлар сифатида кўриб чиқилмайди.
5. Агар фоизлар бенефициари Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, доимий муассаса орқали фоизлар ҳосил бўлаётган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда тижорат фаолияти олиб бораётган бўлса, ёки мазкур ўзга Давлатда жойлашган доимий базасидан мустақил шахсий хизматлар кўрсатган ёки кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассасага (а) ёки доимий базага ёки (с) кичик бандида эслатиб ўтилган тижорат фаолиятига (b) ҳақиқатан мансуб бўлса, 1- ва 2-банд қоидалари қўлланмайди. Бу ҳолда мазкур Шартноманинг 7-моддаси ёки 15-моддаси қоидалари вазиятга қараб қўлланади.
6. Фоизларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ёки шу Давлатнинг ўзи, маҳаллий ҳокимият бўлса, фоизлар мазкур Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Лекин фоизларни тўловчи шахс, Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб, шу туфайли фоизларни тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса ва бу фоизлар доимий муассаса ёки доимий база томонидан тўланадиган бўлса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
7. Агар тўловчи ва амалда бенефициар ўртасида ёки улар иккаласи ва қандайдир ўзга шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмидан мазкур Шартноманинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ яна солиқ олинади.
12-модда
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва ўзга Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига шахсан тўланадиган роялтилар ушбу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай роялтилар улар ҳосил бўлган Аҳдлашувчи Давлатда ва шу Давлат қонунларига мувофиқ солиққа тортилиши мумкин, аммо бу даромадларни олувчи даромадларнинг бенефициар эгаси бўлса, шу тарзда олинадиган солиқ роялтилар ялпи миқдорининг 15 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ўзаро келишувга мувофиқ бундай чеклашларни қўллаш усулини таъсис қиладилар.
3. «Роялти» ибораси мазкур Битимда қўлланганда ҳар қандай адабиёт, санъат ва фан асарларини, хусусан, кинофильмлар ҳамда радиоэшиттириш ва телевидение ёзувлари ва видеокассеталар, ҳар қандай патент, товар белгиси, чизма ёки модель, схема, компьютер дастури, махфий формула ёки жараён муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқидан фойдаланиш ҳуқуқи учун ёки саноат, тижорат ёки илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқни берганлик учун ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинган ҳар қандай кўринишдаги тўловларни билдиради.
4. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялтига нисбатан амалда ҳуқуққа эга бўлган шахсга нисбатан агар шахс роялти ҳосил бўлаётган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса ёки база орқали тижорат фаолиятини юритаётган бўлса ёки ушбу ўзга Давлатда у ерда жойлашган доимий база орқали хусусий хизматларни амалга оширса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса ёки доимий базага (а) ёки 7-модданинг 1-бандида (с) эслатиб ўтилган тижорат фаолияти (b) билан боғлиқ бўлса, 1- ва 2-бандларнинг қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда мазкур Битимнинг 7- ёки 15-моддалари қоидалари вазиятга қараб қўлланади.
5. Агар тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи ёки маҳаллий ҳокимият идораси ёки резиденти бўлса, роялти шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади. Бироқ, агар роялтини тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентими-йўқми, бундан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда роялтини тўлаш мажбурияти зиммасига тушган доимий муассасага эга бўлса ва бу доимий муассаса ёки доимий база тўлов харажатларини тўласа, бундай роялти .доимий муассаса ёки доимий база жойлашган шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи ва амалда роялти ҳуқуқига эга шахс ўртасидаги ёки уларнинг иккови ва бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтининг тўланган миқдори тўловчи ва амалдаги шу даромадлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмига мазкур Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ аввалгидек солиқ солинади.
7. Агар роялти тўланадиган ҳуқуқларни яратиш ёки ўзгага ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахснинг асосий мақсади ёки асосий мақсадларидан бири мазкур моддадан ҳуқуқларни яратиш ёки ўзгага ўтказиш орқали наф орттириш бўлса, мазкур модданинг қоидалари қўлланмайди.
13-модда
Техникавий хизматлар учун мукофотлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида вужудга келадиган техникавий хизматлар учун мукофотларга ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланадиган мукофотга ўша иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Бироқ техникавий хизматлар учун бундай мукофотлар улар вужудга келадиган Аҳдлашувчи Давлатда ҳам солиққа тортилиши мумкин ва ўша Давлатнинг қонунига мувофиқ солиқ техникавий хизматлар учун мукофот умумий миқдорининг 15 фоизидан ошиб кетмаслиги керак.
3. Ушбу моддадан фойдаланганда «техникавий хизматлар учун мукофотлари» ибораси исталган шахсга бу тўловчи ходимларидан ташқари, техникавий, бошқарув ёки консалтинг хизматлари учун тўланадиган ҳар қандай тўлов турини билдиради.
4. Техникавий хизматлар учун мукофотланувчи бенефициар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти техникавий хизматлар учун мукофотлаш вазияти бўладиган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассасалар орқали тижорат фаолияти билан шуғулланаётган бўлса ёки ушбу иккинчи Давлатда мустақил хусусий хизматлар кўрсатса, ушбу Модда 1- ва 2-бандларининг қоидалари техникавий хизматлар учун мукофотлар ҳақиқатан ҳам шундай доимий муассаса ёки шундай хизматлар билан боғлиқ бўлса, қўлланмайди. Бундай холда мазкур Битимнинг 7- ёки 15-моддаларининг қоидалари вазиятга қараб қўлланади.
5. Техникавий хизматлар учун мукофотларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи, унинг маҳаллий ҳокимияти ёки шу Давлат резиденти бўлса, техникавий хизматлар учун мукофотлар Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади. Лекин техникавий хизматлар учун мукофотларни тўловчи шахс, Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб, шу туфайли техникавий хизматлар учун мукофотларни тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса ва бу мукофотлар доимий муассаса ёки доимий база томонидан тўланадиган бўлса, бундай ҳолда техникавий хизматлар учун мукофотлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи ва бенефициар ўртасида ёки улар иккаласи бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида техникавий хизматлар учун тўланган мукофотлар суммаси исталган сабаб билан тўловчи билан бенефициар ўртасида келишилган миқдордан ортиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмидан мазкур Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ солиқ солинади.
14-модда
Мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти 6-моддада эслатиб ўтилган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда бўлган кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадларга ўша иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тадбиркорлик мулкининг қисми ташкил этувчи кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда мустақил шахсий хизматларни амалга оширишида бемалол фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага тааллуқли кўчма мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга, бунга шу доимий базани бегоналаштиришдан олинган даромадни ҳам қўшиб ана шу иккинчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган кема ёки самолёт ёки темир йўл ёки автомобиль нақлиёти воситаларини сотишдан олган даромадлари ёки мана шу нақлиёт воситаларини ишлатишда фойдаланиладиган кўчмас мулкни бегоналаштиришдан даромадларига фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солиниши мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган ва мол-мулки асосан бевосита ва билвосита кўчмас мулкдан иборат бўлган компания ҳиссадорлик сармояси пайларини бегоналаштиришдан олинадиган даромадларга шу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
5. 4-бандда эслатилганлардан фарқли ўлароқ Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компанияда 15 фоизи иштирок этган пайларни сотишдан олинган даромадларга бу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
6. Мазкур модданинг 1-, 2-, 3-, 4- ва 5-бандларида айтиб ўтилмаган исталган бошқа мулкни сотишдан олинадиган даромадларга мулкни сотувчи шахс қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солиниши мумкин.
15-модда
Мустақил шахсий хизматлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти касб хизматларини кўрсатиш ёки бошқа мустақил фаолиятлардан олган даромадига фақат мана шу Давлатдагина солиқ солиниши керак, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ҳам бундай даромадлар солиққа тортилиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
а) агар у ўз фаолияти мақсадлари учун иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ўзи учун доимий қулай бўлган доимий базага эга бўлса бундай ҳолларда унинг даромади ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда фақат шундай базага тааллуқли қисмидан солиққа тортилади; ёки
б) агар у иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда жами 12 ойлик давр мобайнидаги маълум бир давр ёки тақвимий йилда умумий миқдорда 90 кундан ортиқ яшаётган бўлса, у ҳолда бундай даромад ҳам иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
2. «Мустақил шахсий хизматлар» ибораси, жумладан, илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек, врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерлар фаолиятини қамраб олади.
16-модда
Йўллаш билан боғлиқ шахсий хизматлар
1. Мазкур Битимнинг 17-, 19-, 20-, 21- ва 22-моддалари қоидаларини ҳисобга олиб Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентининг йўллаш бўйича оладиган маоши, иш ҳақи ва йўллаш муносабати билан олинган тақдирлаш миқдорига ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин. Агар йўлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, унда шу муносабат билан олинган рағбатлантириш пулига ана шу иккинчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. 1-банднинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдан амалга оширадиган йўллаш бўйича иш муносабатида оладиган тақдирлаш пулларига фақат эслатилган биринчи Давлатда солиқ солинади, бунда:
a) тақдирлаш пули олувчи иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган молиявий йил давомида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида бўлса; ва
b) тақдирлаш пули йўлловчи томонидан ёки иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлмаган йўлловчи номидан тўланади; ва
c) тақдирлаш пули бўйича харажатларни йўлловчи иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса ёки доимий база зиммасига олмайди.
3. Мазкур модданинг аввалги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган корхона томонидан халқаро юк ташишларда фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемалари воситасида амалга ошириладиган йўлланма иш учун олинадиган тақдирлашларга ушбу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
17-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари ва Аҳдлашувчи Давлат резидентининг иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар Кенгаши аъзоси сифатида оладиган шу каби тўловлари ушбу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
18-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. Мазкур Битимнинг 15- ва 16-моддалари қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлмиш театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги шахсий фаолияти туфайли оладиган даромадига шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Санъат ходими ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятига даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, бошқа шахсга ёзилса, мазкур Битимнинг 7-, 15- ва 16-моддалари қоидаларига қарамай, ушбу даромадга санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Агар санъат ходимлари ёки спортчиларнинг Аҳдлашувчи Давлатда бўлиши бир ёки иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг жамоат жамғармаларидан ёки маҳаллий ҳокимиятлари томонидан маблағ билан таъминланаётган бўлса, унда уларнинг Аҳдлашувчи Давлатдаги фаолиятидан оладиган даромадларига 1- ва 2-бандларнинг қоидалари тегишли бўлмайди. Бундай ҳолда уларнинг даромадларига мазкур санъат ходими ёки спортчи резидент саналган Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
19-модда
Пенсиялар ва умрбод рента
1. 20-модданинг 2-банди қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига унинг илгариги ёлланиш бўйича ишлаган иши учун товон сифатида тўланадиган пенсиялар ва бошқа шу сингари рағбатлантириш ҳақларига фақат ушбу Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
2. Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келадиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланадиган алиментлар ва бошқа шу каби миқдорларга (шу жумладан, болаларни боқиш учун тўланадиган тўловларга) фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
20-модда
Ҳукумат хизмати
1. а) Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари томонидан жисмоний шахсга мана шу Аҳдлашувчи Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларига кўрсатган хизматлари учун тўланадиган тақдирлаш пулига, пенсия бундан мустасно, фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
b) Бироқ бундай тақдирлаш пулига агарда хизматлар мана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилса ва жисмоний шахс шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти; яъни:
(i) шу Давлатнинг миллий шахси бўлса, ёки
(ii) фақатгина хизмат кўрсатиш мақсадларида шу Давлатнинг резиденти бўлмаган бўлса, фақат ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
2. а) Аҳдлашувчи Давлат ёки ҳокимиятнинг маҳаллий идоралари томонидан ёки улар тузган жамғармалардан шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимият идораларига кўрсатган хизматларига нисбатан жисмоний шахсга тўланадиган ҳар қандай пенсияга фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
b) Бироқ агар жисмоний шахс шу Аҳдлашувчи Давлат резиденти ва миллий шахси бўлса, бундай пенсияга фақат иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
3. Мазкур Битимнинг 16-, 17- ва 19-моддалари қоидалари Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган тақдирлаш пуллари ва пенсияларига нисбатан қўлланади.
21-модда
Талабалар ва практикантлар
1. Аҳдлашувчи Давлатга келгунга қадар иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳозирда резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқиш ёки маълумот олиш мақсадларидагина яшаб турган талаба ёки практикантнинг яшаш, ўқиш ва маълумот олиш учун мўлжалланган оладиган тўловлари мана шу биринчи эслатилган Давлатда, агарда бундай тўловлар шу Давлат ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олиб тўланадиган бўлса, солиқ солинмайди.
2. 1-бандда айтиб ўтилган талабалар ёки практикантлар оладиган, 1-бандда қамраб олинмаган совғалар, стипендиялар ва рағбатлантириш ҳақларига нисбатан қўшимча равишда таълим олиш ёки практика давомида у борадиган Давлатнинг резиденти ўз солиқлари учун эга бўлган озод қилишлар, енгилликлар ёки скидкаларни олиш ҳуқуқи берилади.
22-модда
Ўқитувчилар, профессорлар ва тадқиқотчилар
Аҳдлашувчи Давлатга келгунга қадар иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳозирда резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқув юртларида ёки илмий-тадқиқот институтларида ўқитиш, лекциялар ўқиш ёки тадқиқотлар ўтказиш мақсадларидагина яшаб турган биринчи эслатилган Давлатнинг Ҳукумати томонидан аккредитация қилинган ўқитувчилар, профессорлар ёки тадқиқотчиларга бериладиган тўловлари мана шу биринчи эслатилган Давлатда ушбу Давлатга келган пайтидан бошлаб икки йил мобайнида солиққа тортилмаслиги керак.
23-модда
Бошқа даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг мазкур Битимнинг олдинги моддаларида тилга олинмаган даромад турларича, даромадларнинг қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
2. Мазкур модда 1-бандининг қоидаси кўчмас мулкдан олинган даромад ҳисобланмайдиган 6-модданинг 2-бандида белгилангани сингари даромадга нисбатан, агарда бундай даромадни олувчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўла туриб, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасасини жойлаштириш орқали фаолиятни амалга оширса ёки у ерда доимий базани жойлаштириб, мустақил шахсий хизматларни амалга оширса ва даромад тўланадиган ҳуқуқ ёки мулк ҳақиқатан ҳам бундай доимий муассаса ёки база билан боғланган бўлса, қўлланмайди. Бу ҳолатда мазкур Шартноманинг 7- ёки 15-моддалари қоидалари қўлланади.
3. 1- ва 2-бандларнинг қоидаларига қарамасдан, бир Аҳдлашувчи Давлат резидентининг ушбу Битимнинг олдинги моддаларида айтиб ўтилмаган ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келадиган даромад турларига ушбу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
24-модда
Иккитомонлама солиққа тортишни бартараф этиш усуллари
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти мазкур Битимнинг қоидаларига мувофиқ ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига биноан ана шу иккинчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад еки фойда олганида биринчи эслатилган Давлат иккинчи Давлатда тўланган солиққа тенг суммани унинг даромад ёки фойда солиғи ҳисобидан чиқариб ташлашга имкон бериши керак. Бироқ ҳисобдан чиқариб ташланадиган сумма биринчи эслатилган Давлатнинг солиқ қонунларига биноан ҳисоблаб чиқилган даромад ёки фойда солиғи суммасидан ошиб кетмаслиги лозим.
2. Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти олган даромад ёки фойда мазкур Битимнинг қайсидир бир қоидасига биноан ушбу Давлатда солиққа тортишдан чиқариб ташланган бўлса, унда бу Давлат бу резидентнинг даромади ёки фойдасининг қолган қисмига солиқ суммасини ҳисоб-китоб қилишда, барибир, даромад ёки фойдани солиққа тортишдан чиқариб ташланган суммани ҳисобга олиши керак.
3. Мазкур модданинг 1- ва 2-бандлари мақсадларида Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти олган ва мазкур Битимга кўра иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин бўлган фойда ёки даромад шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги манбалардан олинган, деб ҳисобланади.
4. Бир Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компаниянинг иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг дивидендларни тўлайдиган компаниянинг ҳал қилувчи овозларининг камида 10 фоизини назорат қиладиган резидентига дивидендлар тўлаганида 1-бандда эслатиб ўтилган ҳисобдан чиқариш биринчи эслатиб ўтилган Давлатда дивидендларни тўлаган компаниянинг фойда ёки даромадга нисбатан тўланган солиқни ҳисобга олиши керак.
5. Аҳдлашувчи Давлатнинг ички қонунларига мувофиқ бериладиган муайян махсус имтиёзли чораларга биноан солиққа тортишдан озод қилинган ёки камайтирилган солиқ миқдори Аҳдлашувчи Давлатда тўланган деб ҳисобланади ва у иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги солиқдан чиқариб ташланиши керак бўлади.
6. Мазкур модданинг 1-банди мақсадлари учун Аҳдлашувчи Давлат томонидан 10-модданинг 2-банди тегишли бўлган дивидендлардан, 11-модданинг 2-банди тегишли бўлган фоизлардан, 12-модданинг 2-банди тегишли бўлган роялтидан ундириладиган солиқ бундай дивидендлар, фоизлар ва роялтининг умумий миқдорининг 15 фоизига тенг деб ҳисобланади.
25-модда
Камситмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг миллий шахслари иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда иккинчи Давлат миллий шахсларига айни бир хил шароитларда ёки солиниши мумкин бўлгандан ортиқ ҳар қандай солиқ ёки унга алоқадор мажбуриятларга, солиқ солишдан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор ҳолатларга дучор қилинмайдилар.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги доимий муассасасига солиқ солиш ушбу Аҳдлашувчи бошқа айнан шундай фаолиятини амалга оширувчи корхоналарига солинадиган солиқдан ошиқ бўлмайди. Мазкур Қоида ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатни иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резидентига солиқ солиш мақсадларида ўз резидентларига уларнинг фуқаролик мавқеи ёки оилавий шароити асосида берадиган ҳар қандай якка тартибдаги имтиёзлар, озод қилишлар ёки чегиришларга мажбурловчи тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг корхоналари, агар уларнинг мол-мулклари тўлиқ ёки қисман иккинчи Аҳдлашувчи Давлатга тегишли бўлса ёхуд бир ёки бир неча резидентлари томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинса, биринчи эслатилган Давлатда Аҳдлашувчи биринчи эслатилган Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ҳар қандай солиқ ёки унга алоқадор ҳолатлар бошқа ёки солиқ солишдан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
4. Ушбу модданинг 2 ва 3-бандлари қоидалари Аҳдлашувчи Давлатнинг фойданинг ўтказилишидан оладиган солиқларига нисбатан қўлланилмайди.
5. Бу моддадаги ҳеч қандай қоида ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлатни бу Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентлари бўлмаган жисмоний шахсларга у резидентлари бўлган жисмоний шахсларга солиққа тортиш борасида берадиган ҳар қандай якка тартибдаги имтиёзлар, озод қилишлар ёки чегиришларга мажбурловчи тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
6. Мазкур модданинг қоидалари фақат ушбу Битим тегишли бўладиган солиқларга нисбатан қўлланилади.
26-модда
Ўзаро келишув тартиблари
1. Агарда Аҳдлашувчи Давлат резиденти Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг фаолияти унга мазкур Битимда назарда тутилганга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин, деб ҳисобласа ёки агарда унинг ҳолати мазкур Битимнинг 25-моддаси 1-бандига мувофиқ келса, у мазкур Давлатларнинг ички қонунчилигида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идорасига тақдим этиши мумкин. Ариза мазкур Битим қарорларига номувофиқ солиқ солинишига олиб келувчи ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор билдирилган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида берилиши керак.
2. Бир Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идораси унинг аризасини асосли, деб топса ва унинг ўзи аризасини қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани Битимга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишидан қочиш мақсадларида иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идораси билан ўзаро келишиб ҳал этишга ҳаракат қилади. Эришилган ҳар қандай келишув, Аҳдлашувчи Давлат ички қонунчилигида назарда тутилган ҳар қандай вақтинча чеклашлардан қатъи назар, бажарилиши керак.
3. Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идоралари Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва иккиланишларни ўзаро келишув асосида ҳал этишга ҳаракат қиладилар. Улар мазкур Битимда назарда тутилмаган ҳолатларда ҳам икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик мақсадларида бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари олдинги бандлар маъноларини тушунишида ҳамфикрликка эришиш мақсадларида бир-бирлари билан бевосита алоқада бўлиб турадилар. Агар келишувга эришиш учун оғзаки фикр алмашишни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлса, унда бундай фикр алмашув Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари вакилларидан иборат комиссиянинг мажлиси доирасида ўтказилиши мумкин.
27-модда
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари мазкур Битим қоидаларини қўллаш учун ёки мазкур Битим татбиқ этиладиган Аҳдлашувчи Давлатларнинг солиқларга тегишли ички қонунчилиги ушбу қонунчиликдан мазкур Битимга зид тушмайдиган даражада фойдаланиш учун зарур ахборотлар алмашлаб турадилар. Аҳдлашувчи Давлат олаётган ҳар қандай ахборот мазкур Давлатнинг ички қонунлари ҳақида олинган маълумот каби махфий ҳисобланади ҳамда фақат аниқлаш, олиб қўйиш, мажбурий чора кўриш билан боғлиқ ёки Битим татбиқ этиладиган солиқларга нисбатан қарорларни ижро этувчи шахслар ва идораларгагина, хусусан, судлар ва маъмурий идораларгагина очилади. Бу шахслар ёки идоралар ахборотдан фақат шундай мақсадларда фойдаланадилар. Улар ушбу ахборотни очиқ суд мажлисида ёки ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш чоғида ошкор қилишлари.
2. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам мазкур модданинг 1-банди қоидаси Аҳдлашувчи Давлатлар ваколатли идоралари зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоида сифатида талқин қилинмайди:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид маъмурий чоралар ўтказиш:
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш; ёки
c) савдо, саноат, тижорат ёки хизмат сири ёки савдо жараёнини фош этувчи ахборотни ёки ошкор этилиши давлат сиёсатига зид келувчи ахборотни тақдим этиш.
28-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Мазкур Битимнинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчиларига халқаро ҳуқуқ умумий меъёрлари ёки ҳар икки Аҳдлашувчи Давлат ўртасидаги махсус Битим қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
29-модда
Кучга кириши
1. Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар бири мазкур Битимнинг кучга кириши учун талаб қилинадиган зарур ички давлат тартибларининг тугаганлиги тўғрисида бир-бирларига дипломатик йўл орқали маълум қиладилар. Мазкур Битим айтиб ўтилган огоҳлантириш берилган санадан бошлаб кучга киради ва шундан кейин:
a) мазкур Битим кучга кирган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан бошлаб олинадиган даромадлар манбаларидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Битим кучга кирган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январи ва бундан кейинги санадан бошлаб ҳар бир солиқ солинадиган йил учун ундириладиган бошқа даромад солиқларига нисбатан қўлланади.
30-модда
Битимнинг амал қилишини тўхтатиш
Мазкур Битим Аҳдлашаётган Давлатлардан бири унинг амал қилишини тўхтатмагунча ўз кучида қолади. Ҳар бир Аҳдлашаётган Давлат Битимнинг амал қилишини Битим кучга кирган кундан кейин беш йил ўтгач бошланадиган исталган календаръ йилнинг тугашидан камида 6 ой олдин дипломатик йўл орқали хабар бериб тўхтатиши мумкин. Мазкур ҳолатда Битимнинг амал қилиши:
a) Битимни бекор қилиш тўғрисидаги билдириш берилган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январидан бошлаб олинадиган даромадлар манбаларидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Битимни бекор қилиш тўғрисидаги билдириш берилган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январи ва бундан кейинги санадан бошлаб ҳар бир солиқ солинадиган йил учун ундириладиган бошқа даромад солиқларига нисбатан тўхтатилади.
Ўзларининг ҳурматли Ҳукуматлари томонидан тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб мазкур Битимни имзоладилар.
Ханой шаҳрида 1996 йил 28 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, вьетнам ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар вужудга келса, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)