Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилувчи, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати,
ҳар иккала давлатнинг ўзаро манфаатдорлиги учун улар ўртасида узоқ муддат асосида янада кенгроқ иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашишни истаган ҳолда,
бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида манфаатли шароитлар яратиш ва уларни сақлаш мақсадида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш заруратини эътироф этган ҳолда,
инвестицияларнинг барқарор асоси иқтисодий манбалардан фойдаланишнинг юксак самарадорлиги ва ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришни таъминлашига келишган ҳолда,
қуйидагилар хусусида аҳдлашдилар:
1-модда
Умумий таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестор» атамаси қуйидагиларга татбиқ этилади ва уларни ўз ичига олади:
(I) Аҳдлашувчи Томонларнинг давлатлари;
(II) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг юридик шахслари;
(III) Аҳдлашувчи Томонларнинг фуқаролари, фуқаролар бирлашмалари;
(IV) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг доимий равишда чет элда яшовчи фуқаролари.
2. «Инвестициялар» атамаси мулкий бойликларнинг исталган кўриниши ва уларга бўлган ҳуқуқларни, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи, патентлар, фойдали моделлар, саноат андозалари ва моделлари, савдо белгилари, фирмавий номлар, ишлаб чиқариш ва тижорат сирлари, технологиялар, «гуд вил» ва «ноу-хау» сингари интеллектуал мулк, савдо ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқларни англатади.
3. Инвестициялар Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
I) тўлалигича инвесторларга ёки улардаги иштирок улуши асосида инвесторларга тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш;
II) мол-мулклар, акциялар ва бошқа қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш;
III) мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан ижара ҳуқуқи ҳамда ер ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш;
IV) инвестицияланган жойдаги Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка хилоф бўлмаган инвестицияларни амалга ошириш бўйича бошқа фаолият.
Дастлаб ёки такрорий равишда бойликлар киритилган шаклнинг ҳеч қандай ўзгариши уларнинг инвестициялар сифатидаги квалификациясининг ўзгаришига олиб келмайди.
4. «Юридик шахслар» атамаси ўз мақомини Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати қонунчилигига кўра олган ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошираётган юридик шахсларни билдиради.
5. «Фуқаролар» атамаси Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ фуқароликка ва ҳуқуқларга эга бўлган, ҳамда доимий равишда унинг ҳудудида ёки чет элда истиқомат қилувчи ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларни амалга оширувчи шахсларни англатади.
6. «Даромадлар» атамаси мазкур моддада, 2, 3-бандларда таърифланган фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензион ва комиссион рағбатлантиришлар, техник ёрдам учун тўловлар, техник хизмат кўрсатиш ва рағбатлантиришнинг бошқа шакллари кўринишидаги инвестициялар натижасида олинган суммаларни, аммо нафақат уларни англатади.
7. «Ҳудуд» атамаси Аҳдлашувчи Томон давлатининг ана шу Аҳдлашувчи Томон давлати халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликка мувофиқ ўз суверенитети, суверен ҳуқуқлари ва юрисдикциясини амалга оширадиган (шу жумладан ороллар, денгиз туби ва ҳудудий сувларни ҳам ўз ичига олувчи) тегишли ҳудудини англатади.
2-модда
Битимни қўллаш
Мазкур Битим, у қонуний кучга киришидан аввал ёки ундан сўнг амалга оширилганлигидан қатъи назар, бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари амалга оширган инвестицияларга нисбатан қўлланади.
3-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилигида берилган ҳуқуқларга мувофиқ ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига рухсат беради ва уларни рағбатлантиради, шунингдек уларнинг тўлиқ ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлайди.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилиги доирасида ўз давлати ҳудудида ўзаро инвестицияларнинг турли хил шаклларини қўллаб-қувватлайди ва бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларини ҳимоялаш воситасида иқтисодий ҳамкорликни таъминлайди.
3. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида Аҳдлашувчи Томонларнинг бевосита инвестициялар ва кўптомонли иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг давлатлари инвесторлари томонидан инвестицияланган корхоналарга кўмаклашиш заруратидан келиб чиқадилар.
4. Агар Аҳдлашувчи Томон ушбу Битим доирасида ўз давлати ҳудудида инвестицияларга рухсат берган бўлса, ана шу Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига бундай инвестициялар билан боғлиқ бўлган тегишли рухсатномалар беради.
4-модда
Энг қулай режим
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун исталган учинчи давлат инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун яратиб берилган қулай режимдан кам бўлмаган адолатли ва тенг ҳуқуқли режим яратади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари амалга оширадиган инвестицияларига нисбатан унинг миллий қонунчилиги ва мазкур Битимдан келиб чиқувчи ҳар қандай мажбуриятларга риоя қилади.
3. Ушбу Битимнинг энг юқори қулайлик принципларига оид қоидалари бир Аҳдлашувчи Томонни бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига қуйидагилардан келиб чиқувчи преференциялар ёки енгилликларнинг имтиёзли режимини татбиқ қилишга мажбурловчи восита сифатида талқин қилинмаслиги лозим:
I) мавжуд бўлган ёки келгусида бўлажак божхона, валюта ва тўлов уюшмалари, эркин савдо ва ягона тариф, умумий бозор зоналари ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бири иштирокчиси бўлган ёки иштирокчиси бўлиши мумкин бўлган минтақавий иқтисодий интеграция тўғрисидаги Битимнинг исталган бошқа шакллари;
II) икки томонлама солиқ солишга йўл қуймаслик тўғрисидаги битимлар ёки солиқ солиш масалалари бўйича бошқа халқаро битимлар.
5-модда
Пул ўтказиш
1. Давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон ўша инвесторлар томонидан тегишли солиқлар ва йиғимлар тўлангандан сўнг ана шу инвестициялар билан боғлиқ бўлган тўловларнинг, аммо нафақат уларнинг, хусусан қуйидагиларнинг тўсқинликларсиз ўтказилишини таъминлайди:
I) мазкур Битимнинг 1-моддаси, 6-бандида таърифланган фоизлар, дивидендлар, фойда ва бошқа жорий даромадлар;
II) ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон инвестиция сифатида тан олган заёмларнинг пули тўланадиган суммалар;
III) инвестицияларни бошқариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қопловчи суммалар;
IV) лицензион тушумлар ва ушбу Битимнинг 1-моддаси, 2-бандида кўзда тутилган ҳуқуқлардан келиб чиқувчи бошқа тўловлар;
V) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга ошириладиган инвестицияларни таъминлаш ёки ривожлантириш, шунингдек бундай инвестицияларнинг менежменти учун зарур бўлган сармоялар суммаси ва қўшимча суммалар;
VI) инвестицияларни мусодара қилиш, қисман ёки бутунлай тугатиш, шу жумладан сармояларнинг ўсишидан келган тушумлар;
VII) бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширилган инвестициялар муносабати билан оладиган иш ҳақи;
VIII) мазкур Битимнинг моддаларига мувофиқ бериладиган товон тўловлари ва ушбу Битим доирасидаги ҳар қандай инвестицион низолар билан боғлиқ бўлган бошқа тўловлар.
2. Тўловлар ортиқча кечиктиришсиз, тўловлар амалга оширилаётган кундаги валюта курси бўйича ва ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигида кўзда тутилган тартиботларга мувофиқ эркин муомаладаги валютада ўтказилади.
3. Мазкур модданинг қоидалари, 1-2-бандларидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Томон адолатли, ҳуқуқий жиҳатдан камситмаслик шартлари асосида ўз давлати қонунчилигини кўллаган ҳолда, қуйидагиларга тааллуқли бўлган тўловларни ўтказишни тақиқлаши мумкин:
I) банкротлик, тўловларга қурби етмаган ёки кредиторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳолларида;
II) эмиссия, савдо ёки қимматдор қоғозлар билан операциялар;
III) жиноий ҳаракатлар ва маъмурий жиноятлар;
IV) судда кўриб чиқиш тартиби ёки унинг қарорлари билан номувофиқлик юзага келганда.
4. Даромадлар ҳамда ушбу моддада қайд этилган ва бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалга оширган инвестициялари натижасида инвестицияланган жойдаги манбалардан олинган исталган валютадаги бошқа суммалар қайта инвестиция қилиниши ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида, унинг қонунчилигига мувофиқ ўзга мақсадлар учун сарфланиши мумкин.
5. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг валюталарини ва бошқа давлатларнинг валюталарини, тўлов ҳужжатларини, қимматдор қоғозларини олиб келиш ва олиб кетиш инвестициялар амалга оширилган жойдаги Аҳдлашувчи Томон давлатининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилиги асосида тартибга солиб борилади.
6-модда
Инвестицияларни мусодара қилиш ва зарар учун компенсация
1. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига қарашли бўлган инвестицияларга нисбатан мусодара қилиш, национализация қилиш ёки моҳияти шунга ўхшаш бошқа тадбирларни, ёхуд натижаси шундай оқибатларга олиб келувчи бевосита ёки билвосита хатти-ҳаракатларни қўлламайдилар, агар улар кўйидагилар билан боғлиқ бўлмаса:
I) жамоатчилик манфаатлари йўлида қонуний тартибда қўлланиладиган чоралар;
II) ҳуқуқий жиҳатдан камситмайдиган тарздаги ёки бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳаракат-тадбирларига жавобан қабул қилинган чоралар.
2. Ушбу модданинг 1 - I, II-бандларида қайд этилган ҳолатлар оқибатида инвестицияларни мусодара қилаётган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларини адолатли ва фойдали товон тўловлари билан таъминлайди. Бундай тўловлар инвестицияларни мусодара қилиш ёки мусодара қилиш хусусидаги қарор барчага овоза қилинган вақтда (бундан аввал қандай ҳол юз берганлигига боғлиқ равишда) белгиланган бозор нархига мувофиқ бўлади ва инвестициялар мусодара қилинган кундан бошлаб «Libor» ставкаси бўйича инвестициялар қийматининг фоизларини қамраб олади ҳамда эркин равишда исталган жойга ўтказилади. Товон тўловлари эркин муомаладаги валютада белгиланади ҳамда инвесторга жойлашган манзили ва яшаш жойидан қатъи назар, ҳеч қандай кечикишсиз ўз вақтида тўланади. «Ортиқча кечикишсиз» пул ўтказиш — ана шу пул билан расмий тадбирларни амалга ошириш учун меъёр талабидаги вақтни тақозо этувчи пул ҳисобланади. Бу давр бўйича ҳисоб буюртма берилган кундан бошланади ва у уч ойдан ошмаслиги лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати инвесторларига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида содир бўлган уруш ёки қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолат, давлат тўнтариши, фуқаролик тартибсизликлари ёки шунга ўхшаш бошқа воқеалар оқибатида етказилган зарарларни қоплаш учун ушбу Битимнинг 4-моддаси, 1, 2, 3-бандларига мувофиқ товон тўлови, реституция, зиённи қоплаш ёки бошқа талофат қиймати тўловлари тўланади.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг давлат органлари, ёки мансабдор шахсларининг инвестициялар амалга оширилган жойдаги давлат қонунчилигига хилоф бўлган хатти-ҳаракати туфайли, шунингдек биринчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларига ёки инвестицияланган корхоналарга нисбатан бундай органлар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаслик оқибатида ўз инвестицияларига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда учун тегишли товон тўловлари олиш ҳуқуқига эга.
7-модда
Суброгация
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёхуд унинг ваколатли институтлари ўз инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалга оширилган инвестицияларига нисбатан тижорат хавфидан бирор-бир кафолат берган бўлса, ва ана шу кафолатга кўра тўловларни амалга оширган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томон суброгация принциплари асосида, мазкур инвесторларнинг бундай тарзда суғурталанган инвестициялари билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини изоҳлаган ҳолда, бу инвесторларнинг ҳуқуқ ва талаблари бутунлай биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг ваколатли институтларига ўтишини тан олиши лозим.
2. Агар инвестор Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли институти томонидан вакил этиб тайинланмаган бўлса, мазкур модданинг 1-бандида таърифланган суброгация ҳолатида талабнома билан чиқишга ҳақли эмас.
3. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори билан бўлган низода томон ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон, низони ҳал этиш ёки унга оид қарорни бажарилишининг бутун жараёни мобайнида ҳимоя сифатида ўз иммунитети ёки кейинги Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг институтларига кафолатлар берилиши кўзда тутилмаган, ва кўрилган зарар ва талофатларни тўлалигича ёки қисман қопловчи суғурта контрактлари бўйича инвестор оладиган товон тўловларига асосланиши мумкин эмас.
8-модда
Консультациялар
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай сабабга кўра консультациялар ўтказишни таклиф этиши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томон эса бундай таклифга хайрихоҳ муносабатда бўлади ва консультациялар учун зарурий имкониятлар яратади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш хусусида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар дипломатик воситалар орқали ҳал этилади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар низо пайдо бўлган вақтдан бошлаб олти ой мобайнида муросага келолмасалар, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра, низо, кўриб чиқиш учун уч аъзодан иборат таркибдаги арбитраж Судига топширилади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири биттадан арбитр тайинлайди. Тайинланган арбитрлар сайлайдиган Раис эса учинчи давлат фуқароси бўлиб, у ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон билан ҳам дипломатик муносабатда бўлади.
3. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири арбитр тайинламаса ва икки ой муддат мобайнида иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг арбитр тайинлаш тўғрисидаги таклифига рози бўлмаса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинлов хусусида Халқаро Суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
4. Ҳар иккала арбитр тайинланган кундан бошлаб икки ой муддат мобайнида Раис сайлашда муросага келолмаган ҳолда, исталган Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинлов хусусида Халқаро Суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
5. Ушбу модданинг 3 ва 4-бандларида қайд этилган ҳолларда Халқаро Суд Президенти белгиланган вазифаларни бажаролмаса ёки, башарти у Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, тайинлов Президентнинг ўринбосари томонидан амалга оширилди, борди-ю у ҳам тегишли вазифаларни бажаролмаса ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, Раис Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган, Халқаро Суднинг энг юқори лавозимли судьяси томонидан тайинланади.
6. Суд қонунга ҳурмат асосида қарор қабул қилади. Қарор қабул қилишдан аввал Суд ўз ишининг исталган босқичида Аҳдлашувчи Томонларга низони дўстона тарзда ҳал этишни таклиф этиши мумкин. Агар Аҳдлашувчи Томонлар шундай қарорга келсалар, бундан аввалги қоидалар унга тўсиқ бўлолмайди.
7. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги қарорларни бузмаган ҳолда, Суд ўз тартиб-қоидаларини белгилайди. Суд кўпчилик овоз билан қарор қабул қилади.
8. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз суд аъзолари учун сарфланган харажатларни, шунингдек арбитраж тадбиридаги ўз улушига мувофиқ харажатларни тўлайди. Раис учун сарфланадиган ва бошқа харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг тарзда тўлайдилар. Бироқ, Суд ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бири учун кўпроқ харажат тўловлари белгилаши мумкин. Бундай қарор эса ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун мажбурийдир.
9. Суд қарорлари Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар иккаласи учун ҳам тугал ва мажбурий ҳисобланади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг исталган инвестори ўртасида қуйидагиларга тааллуқли низо юзага келган ҳолда:
а) шу Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори олдида унинг инвестициялари масаласига нисбатан юзага келган мажбуриятлари;
б) мазкур Битимда белгиланган ёки шу инвесторнинг инвестициялари бўйича ундан келиб чиқувчи бирор-бир ҳуқуқларнинг бузилиши; низолар имкон қадар ўзаро консультациялар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Низолашувчи Томонлар ёзма тарзда талабнома тақдим этгандан сўнг олти ой мобайнида ўзаро келишувга эришилмаса, Томонлардан бирининг талабига кўра бундай низо кўриб чиқиш учун:
а) инвестициялар амалга оширилаётган жойдаги Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг судига, уларнинг ваколатларига мувофиқ;
б) Вашингтонда 1965 йил 18 мартда тузилган «Давлатлар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этувчи Конвенция»нинг тегишли қоидаларини эътиборга олган ҳолда, инвестицион низоларни ҳал этувчи Халқаро марказга (кўйида «Марказ» деб юритилади);
в) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича амалдаги арбитраж регламентига мувофиқ «ad hoc» Халқаро арбитраж судига топширилиши мумкин.
11-модда
Бошқа қоидалар ва махсус мажбуриятларнинг кўлланиши
Агар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигидаги қоидалар ёки ҳозирда мавжуд бўлган амалдаги халқаро қонунчилик билан боғлиқ бўлган ёки Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида қўшимча тарзида ушбу Битимни тўлдириш учун киритилган мажбуриятлар умумий ва махсус қоидалардан иборат бўлса, мазкур Битимга кўра бир Аҳдлашувчи Томон инвесторлари учун яратиладиган режимдан кўра янада яхшироқ режим яратиш ҳуқуқини беради, бундай қоидалар ўзининг афзалликлари билан ушбу Битимдан кўра устун ҳисобланади.
12-модда
Қўлланадиган қонунлар
1. Агар ушбу Битимда ўзга ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, мазкур Битимга мувофиқ барча инвестициялар улар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда жорий бўлган қонунчилик билан тартибга солиб борилади.
2. Мазкур Битимнинг 1-банди қоидаларидан қатъи назар, ҳеч нарса зиммасига олувчи Томонни унинг хавфсизлиги билан боғлиқ ҳаётий масалаларни ҳимоялашга қаратилган ёки фавқулодда вазият ҳолатларида унинг қонунчилигига мувофиқ ва ҳуқуқий жиҳатдан камситмаган ҳолда амалга оширилган чоралар қўллашда чекламайди.
13-модда
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг келишувига биноан ушбу Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Битимнинг қонуний кучга кириши, амалда бўлиши ва ҳаракатдан тўхтатилиши
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг қонуний кучга кирганлиги хусусида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий тартиботларнинг бажарилганлиги тўғрисида нота алмашадилар.
Сўнгги нота олинган кун ушбу Битим қонуний кучга кирган сана ҳисобланади.
2. Мазкур Битим ўн йил мобайнида амалда жорий бўлади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни белгиланган муддат тугашидан ўн икки ой аввал ўзининг ушбу Битимни ҳаракатдан тўхтатиш хусусидаги қароридан огоҳ қилмаса, Битимнинг амалда жорий бўлиш муддати автоматик тарзда навбатдаги беш йиллик даврларга узайтирилиб боради.
3. Мазкур Битим бекор қилинган тақдирда 1 — 11-моддаларда қайд этилган қоидалар ушбу Битим ҳаракатдан тўхтатилгунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан кейинги ўн йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Ушбу Битим Ханой шаҳрида 1996 йил 28 мартда, икки асл нусхада тузилган, уларнинг ҳар бири нусха ўзбек, вьетнам ва рус тилларида бўлиб, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин этишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.