Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилувчи, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати,
ҳар икки мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасидаги мавжуд дўстона алоқаларни ёдда тутган ҳолда,
ҳар иккала томоннинг узоқ муддат асосидаги ўзаро манфаатлари учун янада мустаҳкам иқтисодий ҳамкорликка хизмат қилишга интилган ҳолда,
суверен тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари учун қулай шароит яратишни кўзлаган ҳолда, ва
бу инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисидаги Битим ҳар иккала мамлакатда инвестицион фаолиятни тақдирлашга олиб келишини эътироф этган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестициялар» атамаси биринчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ инвестициялаган барча кўринишдаги мулкларини, шу жумладан қуйидагиларни, аммо нафақат уларни англатади:
a. мол-мулк ва кўчмас мулк, шунингдек ипотека, имтиёзлар, кафолатлар каби бошқа ҳуқуқлар ҳамда шу сингари ўзга ҳуқуқлар;
b. акциялар, облигациялардан ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги компаниялар ёки қўшма корхоналардаги иштирокли улушнинг ҳар қандай бошқа шаклларидан келиб чиқувчи ҳуқуқлар;
c. пул талабномалари ёки молиявий қийматга эга бўлган ҳар қандай ҳаракат-тадбирлар;
d. интеллектуал мулк ҳуқуқлари, техник жараёнлар, гудвил ва «ноу-хау».
e. инвестицияларга алоқадор бўлган, қонун бўйича ёки контрактга биноан бериладиган ишчан концессиялар, шу жумладан фойдали қазилмаларни тадқиқот қилиш ёки улардан фойдаланиш учун концессиялар.
2. «Фуқаролар» атамаси исталган Аҳдлашувчи Томонларга нисбатан қуйидагиларни англатади:
i) ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролигига эга бўлган жисмоний шахслар;
ii) ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган юридик шахслар.
3. «Инвестор» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестициялар киритган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг жисмоний шахсини англатади.
4. «Кечиктиришсиз» атамаси одатда халқаро молия амалиётида зарур бўлган шундай давр мобайнида пул ўтказишни билдиради.
5. «Ҳудуд» атамаси қуйидагиларни англатади:
a. Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланганидек унинг ҳудудини.
b. Индонезия Республикасига нисбатан:
Индонезия Республикаси қонунчилигида белгиланганидек унинг ҳудудини.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари учун ўз ҳудудида қулай шароитлар яратади ҳамда ўзининг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ бундай сармояларга рухсат беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида исталган вақтда адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, шунингдек тегишли ҳимоя ва хавфсизлик яратилади.
3-модда
Энг қулай режим
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторининг инвестицияларини адолатли ва тенг ҳуқуқли режим билан таъминлайди ва ана шу инвесторлар томонидан инвестицияларни амалга ошириш, бошқариш, фойдаланиш ва тасарруф этиш борасида асоссиз ёки дискриминацион чоралар билан зиён етказмайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бундай инвестициялар учун зарурий жисмоний муҳофаза ва хавфсизлик яратади.
2. Хусусан, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бундай инвестицияларга ҳар қандай учинчи давлат инвесторининг инвестициялари учун яратилганидан кам бўлмаган қулай режим яратади.
3. Агар Аҳдлашувчи Томон божхона, иқтисодий ва валюта уюшмалари ва шу сингари бошқа институтларни ташкил этувчи битимларга асосланган ҳолда ёки шундай уюшмаларни ташкил этишга олиб борувчи оралиқ битимлар асосида исталган учинчи давлат инвесторларига алоҳида имтиёзлар берган бўлса, ана шу Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларига бундай имтиёзларни бериши шарт эмас.
4-модда
Экспроприация
Ҳеч қайси Аҳдлашувчи Томон, қуйидаги шароитларда қабул қилинган чоралардан ташқари, бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларига нисбатан экспроприация ва национализация қилиш бўйича ёки моҳияти экспроприация ва национализация қилишга ўхшаш йўл билан мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича бирор-бир чора қўлламайди:
а) қонуний ёки жамоат мақсадларида қонуний тартибда қабул қилинган чоралар;
d) дискриминацион бўлмаган чоралар;
с) чоралар тезда, айнан бир хил ва фойдали компенсация тўловлари билан биргаликда амалга оширилади. Бундай компенсация адолатли бозор қийматига тенг бўлиши ва бу чоралар жамиятга маълум бўлгунга қадар кечиктирилмасдан тўланиши лозим. Бу бозор қиймати халқаро эътироф этилган амалиёт ва услубларга мувофиқ белгиланиши ёки бундай бозор қиймати белгиланмаган ҳолда, у Аҳдлашувчи Томонлар бу хусусда келишган мақбул суммани ташкил этиши, Аҳдлашувчи Томон давлатидан эркин муомаладаги валютада эркин тарзда ўтказилиши лозим. Компенсация, экспроприация санасидан мақбул тижорат курси бўйича тўловлар санасигача бўлган фоизларни ўз ичига олган бўлиши лозим.
5-модда
Зарарлар учун компенсация
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудидаги уруш, ёки бошқа қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолат, қўзғолон ёки исён оқибатида инвестициялари зарар кўрган бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари учун, биринчи Аҳдлашувчи Томон, етказилган зарарлар эвазига реституция, товон тўлови, компенсация ёки бошқа товон тўловларини назарда тутувчи режим яратади.
2. Манфаатдор инвестор учун қайси бири янада қулайроқ эканлигига боғлиқ равишда, режим, биринчи Аҳдлашувчи Томон ўз инвесторлари ёки исталган учинчи давлат инвесторларига яратган қулай режимдан кам бўлмаслиги лозим.
6-модда
Пул ўтказиш
1. Исталган Аҳдлашувчи Томон ўз қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларига нисбатан қуйидаги пул ўтказишларнинг кечиктирмасдан амалга оширилишини таъминлайди:
a. даромадлар, фоизлар, дивидендлар ва бошқа жорий даромадлар;
b. зарурий фондлар;
(i) хом ашё ёки ёрдамчи материаллар, ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотларни сотиб олиш учун, ёхуд
(ii) инвестициялашнинг узлуксизлигини кафолатлаш мақсадида мулкни алмаштириш учун;
c. инвестицияларни ривожлантириш учун зарур бўлган қўшимча фондлар;
d. заёмларни тўлаш учун фондлар;
e. роялти ва бошқа тўловлар;
f. жисмоний шахсларнинг иш ҳақлари;
g. инвестицияларни сотиш ёки тўхтатишдан келган даромадлар;
h. зарар учун компенсация;
i. экспроприация учун компенсация.
2. Бундай пул ўтказиш улар амалга оширилаётган кунда мавжуд бўлган, ўтказилаётган валютадаги жорий битишувга нисбатан устун алмаштириш курси бўйича амалга оширилади.
7-модда
Суброгация
Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвесторлари инвестициялари қонунда белгиланган тизимга мувофиқ нотижорат таваккалчилигидан суғурталанган бўлса, бундай суғурта шартларига мувофиқ, суғуртачи ёки иккинчи суғуртачи инвестор амалга оширишга ҳақли бўлганлардан ташқари бошқа ҳар қандай ҳуқуқларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслиги шарти билан, бошқа Аҳдлашувчи Томон, суғуртачи ёки иккинчи суғуртачининг бирор-бир суброгацияси ана шу инвесторларнинг ҳуқуқларига ўтишини тан олади.
8-модда
Инвесторлар ва аҳдлашувчи томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги биринчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвестицияларига оид ҳар қандай низо консултациялар ва музокаралар воситасида тинчлик йўли билан ҳал этилади.
2. Агар бундай низо, исталган томоннинг низони тинчлик йўли билан ҳал этиш тўғрисидаги илтимоси ёзма равишда маълум қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида ҳал этилмаса, манфаатдор инвесторнинг илтимосига биноан, у, кўриб чиқиш учун манфаатдор Аҳдлашувчи Томон таъминлайдиган судга, ёхуд халқаро арбитраж ёки яраштириш тартиботларига кўриб чиқиш учун топширилиши лозим.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, ушбу билан ана шу Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасида ана шу инвесторнинг биринчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги инвестициялари борасида юзага келадиган ҳар қандай низо 1965 йил 18 мартда Вашингтонда очилган Давлатлар ва бошқа давлатлар фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни тартибга солувчи Конвенцияга мувофиқ яраштириш йўли билан ҳал этиш ёки судда кўриб чиқиш учун Инвестицион низоларни ҳал этувчи Халқаро марказга топширишга розилик беради.
9-модда
Аҳдлашувчи томонлар ўртасидаги битимни талқин қилиш ва қўллашга доир низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашга тааллуқли бўлган низолар имкон қадар дипломатик воситалар орқали ҳал этилиши лозим.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар низо тўғрисида ёзма тарзда хабарнома юборилган кундан бошлаб олти ой мобайнида муросага келаолмасалар, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра, низо, уч аъзодан таркиб топувчи арбитраж судига топширилиши лозим. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири биттадан суд аъзосини тайинлайди, тайинланган суд аъзолари эса учинчи давлат фуқароси бўлган, ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон билан ҳам дипломатик муносабатда бўлувчи Раис сайлайдилар.
3. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўзининг суд аъзосини тайинламаса ва Аҳдлашувчи Томоннинг икки ой муддат мобайнида иккинчи суд аъзоси тайинлаш тўғрисидаги таклифига рози бўлмаса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинловни амалга ошириш хусусида Халқаро суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
4. Башарти, тайинланган ҳар иккала суд аъзоси Раис сайлаш хусусида муросага келолмаса, исталган Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинловни амалга ошириш учун Халқаро суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
5. Агар мазкур модданинг 3 ва 4-бандларида кўзда тутилган ҳолатларда Халқаро суд Президенти қайд этилган вазифани бажаролмаса ёки башарти, у Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, зарурий тайинлов унинг муовини томонидан амалга оширилади. Борди-ю, у ҳам тегишли вазифани бажаролмаса, у ҳолда тайинлов Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган, Халқаро суднинг лавозими юқорироқ бўлган аъзоси томонидан амалга оширилади.
6. Суд қонунга ҳурмат асосида қарор қабул қилади. Суд қарор қабул қилишнинг исталган босқичида дўстона тарзда келишишни таклиф этиши мумкин. Бундан аввалги қоидалар низони бундай йўл билан ҳал этишга тўсқинлик қилмаслиги лозим.
7. Суд Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги бошқа битимларни бузмаган ҳолда ўз тартиб-қоидаларини белгилайди. Суд қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
8. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг Арбитраж тартиботлардаги иштирокига мувофиқ ўзининг суд аъзоси билан боғлиқ харажатларини тўлайди. Раис билан боғлиқ харажатларни ва ўзга чиқимларни эса Аҳдлашувчи Томонлар тенг тарзда тўлайдилар. Суд Аҳдлашувчи Томонлардан бири учун кўпроқ харажат белгилаши мумкин ва унинг қарори ҳар бир Аҳдлашувчи Томон учун мажбурий ҳисобланади.
9. Суднинг қарорлари Аҳдлашувчи Томонлар учун тугал ва мажбурий ҳисобланади.
10-модда
Ушбу битимни қўллаш
Мазкур Битим чет эл инвестицияларига доир 1967 йилдаги 1-сонли Қонунга ва уни тўлдирувчи ёки унинг ўрнини босувчи ҳар қандай қонунга мувофиқ аввал рухсатнома берилган Ўзбекистон Республикаси инвесторларининг Индонезия Республикаси ҳудудидаги инвестицияларига ҳамда инвестициялар амалга оширилган санада амалда бўлган инвестициялар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Индонезия Республикаси инвесторларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестицияларига нисбатан қўлланилади.
11-модда
Бошқа қоидаларни қўллаш
Агар исталган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигидаги қоидалар ёхуд бугунги кунда мавжуд бўлган ёки Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида кейинчалик мазкур Битимга қўшимча равишда юзага келган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари учун ушбу Битимга кўра яратилгандан кўра қулайроқ режим яратиш тўғрисидаги умумий ёки махсус характердаги қоидаларни ўз ичига оладиган бўлса, бу қоидалар, улар қандай ҳажмда қулайроқ бўлса, ўша ҳажмида мазкур Битимга нисбатан устун ҳисобланади.
12-модда
Консультация ва қўшимчалар
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай масала бўйича консультациялар ўтказиш хусусидаги илтимос билан мурожаат қилиши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай таклифга лозим даражада эътибор билан қарайди ва шундай консультациялар ўтказиш учун имконият яратади.
2. Зарурат туғилган ҳолларда ўзаро келишувга биноан исталган вақтда мазкур Битимга қўшимчалар киритилиши мумкин.
13-модда
Битимнинг кучга кириши, амалда бўлиши ва ҳаракатдан тўхтатилиши
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг мазкур Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий талаблар бажарилганлиги тўғрисидаги охирги хабарномаси санасидан сўнг уч ой муддат ўтгач қонуний кучга киради.
2. Мазкур Битимнинг 1 — 12-моддаларидаги қоидалар унинг жорий муддати тўхтатилган санага қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан ушбу Битим ҳаракатдан тўхтатилган санадан бошлаб кейинги ўн йиллик давр мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, ўз Ҳукуматлари томонидан лозим тарзда ваколатли этиб тайинланган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладик.
Мазкур Битим Жакарта шаҳрида 1996 йил 27 августда, ўзбек, индонезия ва инглиз тилларида тузилган.
Барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда тафовутлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн асос ҳисобланади.
(имзолар)