Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Молия-саноат гуруҳларини ташкил этишнинг асосий принциплари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталадилар,
ишлаб чиқариш, инвестиция, тижорат ва молия-кредит фаолияти соҳасида ўзаро алоқаларнинг замонавий шаклларидан фойдаланишга муҳим аҳамият бериб,
иккала давлат манфаатлари йўлида иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш зарурлигидан келиб чиқиб,
саноат ишлаб чиқаришини барқарорлаштириш ва юксалтириш учун зарур шароитларни яратиш, инвестиция соҳасидаги фаолликни ошириш ҳамда илмий-техника тараққиёти ютуқларидан самаралироқ фойдаланиш мақсадида,
иккала давлат корхоналари ва ташкилотлари ўртасидаги хўжалик, илмий-техник ҳамда ишлаб чиқариш-технологик алоқаларни сақлаш ва уларни янги асосларда амалга ошириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Грузия хўжалик субъектлари базасида молия-саноат гуруҳларини ташкил этишда ёрдам берадилар.
Томонлар молия-саноат гуруҳи деганда ишлаб чиқариш фаолиятини биргаликда юритиш, илмий-технологик ва кооперация алоқаларини қарор топтириш ва ривожлантириш, фойда олиш, ижтимоий ва иқтисодий дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида иштирокчиларнинг сармояларини бирлаштириш асосида ташкил этилган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, кредит-молия муассасалари ва инвестиция муассасалари гуруҳини тушунадилар.
2-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳлари хўжалик субъектлари томонидан муассисларнинг ўзаро келишуви бўйича ихтиёрийлик тартибида иккала давлатдаги монополияга қарши қонунчилик талабларига мувофиқ, шунингдек ҳукуматлараро битимлар асосида ташкил этилишига розилик билдирдилар.
3-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳларини ихтиёрий тартибда шакллантириш қуйидаги йўллар билан амалга оширилишини белгилайдилар:
гуруҳлар қатнашчилари томонидан акционерлик жамиятининг таъсис этилиши;
гуруҳлар қатнашчилари томонидан гуруҳ таркибига кирувчи корхоналар ва молия-кредит муассасаларининг ўзларига тегишли бўлган акциялар пакетларини гуруҳ қатнашчиларидан бири бўлган бош корхонага бошқариш учун берилиши;
гуруҳ қатнашчиларидан бири томонидан бошқа корхоналар, шунингдек гуруҳ қатнашчиси бўлаётган муассаса ва ташкилотлар акциялар пакетларининг сотиб олиниши.
4-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳларини ихтиёрий тартибда ташкил этишда амалдаги миллий қонунчиликда белгиланган чеклашларга риоя қиладилар.
5-модда
Томонлар ҳукуматлараро битимлар асосида молия-саноат гуруҳларини ташкил этишда ҳудудида гуруҳлар рўйхатга олинадиган давлатнинг ваколатли ташкилотлари шу гуруҳни ташкил этиш лойиҳасини экспертизадан ўтказишни миллий қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширишидан келиб чиқадилар.
6-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳини ташкил этиш лойиҳасини тайёрлаш ва уни экспертизадан ўтказиш мақсадида гуруҳ қатнашчилари — хўжалик субъектлари тўғрисидаги зарур ахборотни олишда кўмаклашадилар.
7-модда
Молия-саноат гуруҳини ҳукуматлараро битим асосида ташкил этишда ўзбекистонлик ва грузиялик қатнашчилар таркиби, қатнашиш шакллари, сармояларни бирлаштириш механизмларини Томонлардан ҳар бири ўз миллий қонунчилигига мувофиқ белгилайди.
8-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларига мувофиқ ҳудудида гуруҳнинг бош корхонаси жойлашадиган давлат ваколатли органлари томонидан шу давлат қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилишига келишиб олдилар.
9-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳларини ташкил этиш ва улар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида миллий қонунчиликка мувофиқ давлат кафолатлари ва имтиёзлар беришлари мумкин.
10-модда
Томонлар молия-саноат гуруҳларини ташкил этишнинг устувор йўналишлари пахтани қайта ишлаш ва кимё саноати, машина ва самолётсозлик, энергетика, транспорт ва алоқа, табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишда деб ҳисоблайдилар.
11-модда
Томонлар тегишли органларга томонлардан ҳар бирининг давлати ҳудудида молия-саноат гуруҳларини ташкил этиш масалаларига оид қабул қилинаётган норматив ҳужжатлар тўғрисида мунтазам ахборот алмашишни амалга оширишни топширадилар.
12-модда
Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра мазкур Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
13-модда
Мазкур Битим Томонлар у кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини бажарганликлари тўғрисида бир-бирларини хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги нияти ҳақида бошқа Томонга ёзма шаклда маълум қилган кундан бошлаб олти ой ўтгунга қадар амалда бўлади.
Мазкур Битим шартларига мувофиқ имзоланган контрактлар, шартномалар ва бошқа битимлар бўйича мажбуриятлар унинг амал қилиши тўхтагандан кейин ҳам улар тўлиқ бажарилгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.
1996 йил 28 майда, Тбилиси шаҳрида, ўзбек, грузин ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)