Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
икки давлат аҳолиси соғлиғини яхшилаш ва мустаҳкамлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ҳар иккала давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ ва уларнинг халқаро мажбуриятларини инобатга олган ҳолда, тенглик ва ўзаро манфаат тамойилларига амал қилиб, соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантирадилар:
1) соғлиқни сақлаш хизматларини ташкил этиш (дастлабки тиббий-санитария ёрдамини мустаҳкамлаш, ихтисослаштирилган тиббий марказларни мақбуллаштириш, госпитал тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, тиббий хизматлар бозорини ривожлантириш, жамоат соғлиғини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш);
2) соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида ҳар икки давлат учун устувор ҳисобланган йўналишлар ва масалалар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш;
3) соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва жамоат соғлиғини сақлаш соҳасидаги кадрларни, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимидаги педагогик, илмий ва бошқарув ходимларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш;
4) фармация ва тиббиёт асбоб-ускуналари;
5) аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш мақсадида профилактик, клиник ҳамда экспериментал соҳаларда илмий-фундаментал ва амалий изланишларни ривожлантириш;
6) соғлиқни сақлаш соҳасидаги иқтисодиёт, жумладан молиявий менежмент ва тиббий суғурталашни амалга ошириш;
7) соғлиқни сақлаш тизимида ахборот-технологиялар менежменти;
8) юқумли касалликлар (айниқса сил ва ОИВ/ОИТС) ҳамда юқумли бўлмаган касалликлар бўйича (юрак-қон томири, онкологик касалликлар, диабет ва бошқалар) профилактика, эпидемиологик кузатув ва улар устидан назорат ўрнатиш;
9) она ва бола соғлиғини ҳимоя қилиш;
10) соғлиқни сақлаш тизимида сифатни бошқариш, шу жумладан, соғлиқни сақлаш муассасаларини лицензиялаш тизимининг амал қилиши;
11) Томонларнинг ўзаро розилиги ҳамда уларнинг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда техникавий ёрдам кўрсатиш;
12) ҳар икки давлатда тиббий туризмни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш.
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббий фанларнинг ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишлари мумкин.
3-модда
Томонлар мазкур Битимнинг 2-моддаси қоидаларини амалга ошириш мақсадида ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш, кадрлар ва маълумотлар алмашиш, симпозиум ва конференциялар ташкил қилиш, монография ва мақолаларни нашр этиш орқали ҳамда ўзаро келишув асосида бошқа шаклларда ҳамкорликни амалга оширадилар.
4-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун Томонлар қуйидаги ваколатли органларни тайинлайдилар:
Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Латвия томонидан: Латвия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Томонларнинг ваколатли органлари муайян даврга мўлжалланган батафсил ҳамкорлик Дастурини тузишлари мумкин.
5-модда
Томонлар тиббиёт ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, тиббиёт муассасалари ҳамда иккала давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги бошқа муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Томонлар ўз давлатлари ҳудудларида бошқа Томон давлатининг фуқароларига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва кўрсатилган тиббий ёрдам учун ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Мазкур моддага мувофиқ шошилинч ёрдам олиш ҳуқуқи Томонлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида тегишли битим имзоланганидан сўнг ҳақиқийдир.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Латвия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ваколатли органлар ҳисобланадилар.
7-модда
Томонлар конгресслар, конференциялар, кўргазмалар ва ўз давлатларининг соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасидаги бошқа тадбирларида маълумотлар алмашинувига кўмаклашадилар.
8-модда
Мазкур Битим қоидалари Томонлар иштирокчиси бўлган бошқа амалдаги халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
9-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви асосида мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Мазкур Битимни қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ ҳар қандай низоли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар тарафидан унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини хабардор қилиш учун дипломатик каналлар орқали юборилган ёзма шаклдаги сўнгги хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йиллик муддатга тузилади ва башарти Томонлардан ҳеч бири бошқа Томонга Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой олдин унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома юбормаса, мазкур Битим ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
2013 йил 17 октябрда Рига шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2013 й., 3-4-сон,)