Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимининг
ҚарорИ
Туманда маиший чиқинди чиқариш учун тўлов нархини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги 362-II-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 72-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 25 апрелдаги «Бозор иқтисодиёти шароитларида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 211-сонли ва 2013 йил 3 декабрдаги «Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 315-сонли қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 49-сон, 632-модда) ижросини таъминлаш ва туманда аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида қарор қиламан:
1. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассаса ҳамда аҳоли учун чиқинди чиқариш тўлови туман Ободонлаштириш бошқармасининг чиқинди чиқариш калькуляциясига асосан қуйидаги янги нархда тасдиқлансин.
а) 1 (бир) тонна қаттиқ маиший чиқинди (ҚМЧ) — 27436 сўм;
б) аҳолидан ҳар 1 (бир) киши учун — бир ойда 683,3 сўм.
2. Туман Ободонлаштириш бошқармаси (Ж. Ғозиев)га:
туманда аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш ва санитария ҳолатини яхшилашни таъминлаш учун тўпланиб қолган чиқиндиларни мунтазам равишда чиқарилишини ташкил этиш вазифаси юклатилсин.
3. Тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Ё. Усмонов) билан биргаликда аҳоли ўртасида чиқинди чиқариш учун янги тўлов калькуляцияси жорий этилганлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилсин.
4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Э. Жўрақулов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким П. МАХАТОВ
Янгиқишлоқ ш.,
2014 йил 11 март,
115-сон