LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
1997 йил ҳосили учун баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, «Ўзмевасабзавотузумсаноат» ва «Ўзгўштсутсаноат» уюшмалари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари техникани экиш мавсумига 25 мартдан кечиктирмай тайёрлаб қўйиш, шу йил 20 апрелгача асосий майдонларда чигит экишни тугаллаш, 5 майгача эса кўчатни тўлиқ ундириб олиш учун ерларни тайёрлаш юзасидан барча ишларни бажариш бўйича зарур ташкилий-иқтисодий чора-тадбирларни амалга оширсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган чигит экиш жадвали 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳар беш кунда жадвалнинг қандай бажарилаётганлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.
2. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси қишлоқ хўжалик корхоналарига зарур эҳтиёт қисмлар, узеллар ва қишлоқ хўжалик техникасига агрегатлар жамланиши ва ўз вақтида етказиб берилишини ташкил этсин, уларни импорт бўйича олиб келишга алоҳида эътибор берсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сўв хўжалиги вазирлиги, «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси қишлоқ хўжалик корхоналарини юқори сифатли уруғлик ва экиш материали билан таъминласинлар, туксизлантирилган чигит ва пахтани плёнка остига экиш учун далаларни тайёрлашни алоҳида назорат остига олсинлар. Кузги бошоқли дон экинларини ўз вақтида озиқлантириш, суғориш ва уларга ишлов бериш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар.