Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Архитекторлар уюшмасининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида
Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси ва «Konstant Investments» масъулияти чекланган жамиятнинг:
«Konstant Investments» масъулияти чекланган жамият балансидаги Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 24-мавзе манзилида жойлашган ва мукаммал таъмирланган бинони тегишли ҳудуди билан Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси балансига давлат мулки сифатида тасарруф этиш ҳуқуқисиз ўтказиш;
Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси балансидаги Тошкент шаҳар, M-l, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган бино қисмини мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган бино эвазига «Konstant Investments» масъулияти чекланган жамият балансига мулк ҳуқуқи билан топшириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси томонидан Тошкент шаҳар, M-l, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган бино қисмининг ва «Konstant Investments» масъулияти чекланган жамият томонидан Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 24-мавзедаги бинонинг тегишли ҳудуди билан бозор баҳоси қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади;
«Konstant Investments» масъулияти чекланган жамият мулкининг баҳоси унга берилаётган бино қисми баҳосидан юқори бўлган тақдирда улар ўртасидаги тафовут ушбу жамиятнинг таклифига кўра қопланмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси ва «Konstant Investments» масъулияти чекланган жамият уч томонлама шартномага асосан мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган биноларни тегишли ҳудуди билан бирга топшириш ва қабул қилиш ҳамда бинолар бўйича ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларининг белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Архитекторлар уюшмасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1998 йил 16 июндаги 254-сон қарори 3-бандининг тўртинчи хатбоши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Хўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 20 ноябрь,
254-сон