Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғини замонавийлаштириш ва ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
1999 — 2003 йилларда Маълумотлар узатиш миллий тармоғини замонавийлаштириш ва ривожлантириш дастурини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғини замонавийлаштириш ва ривожлантириш лойиҳасини ўтказилган тендер натижаларига мувофиқ «Belam, Inc.» (АҚШ) корпорацияси билан контракт бўйича амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Қуйидагилар:
«UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонаси лойиҳа бўйича буюртмачи ва кредит бўйича қарз олувчи этиб белгиланганлиги;
буюртмачи манфаатларини кўзлаб «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти томонидан «Belam, Inc.» корпорацияси билан асбоб-ускуналарни етказиб бериш, монтаж қилиш ва техник ходимларни ўқитиш юзасидан умумий миқдори 5184,8 минг АҚШ доллари бўлган контракт тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, кўрсатиб ўтилган лойиҳани маблағ билан таъминлаш:
контракт қийматининг Эксимбанк (АҚШ)нинг суғурта мукофоти миқдорига кўпайтирилган 4407,09 минг АҚШ доллари миқдоридаги 85 фоизи Эксимбанк (АҚШ)нинг суғурта қопламаси остида хорижий банк маблағларини қайта молиялаштириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредити ҳисобига;
контракт қийматининг 777,72 минг АҚШ доллари миқдоридаги 15 фоизи хорижий банк маблағларини қайта молиялаштириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредити ҳисобига амалга оширилади.
Асосий қарзни, фоизларни, воситачилик ҳақини ва жалб этилаётган кредитларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни тўлаш «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасининг ўз маблағлари ҳисобига 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ амалга оширилади.
*1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кўрсатиб ўтилган контрактни маблағ билан таъминлаш юзасидан хорижий банк билан кредит битимларини белгиланган тартибда тузсин ва маблағларни «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасига қайта молиялаштирсин.
4. Молия вазирлиги мазкур лойиҳа учун жалб этилаётган кредитлар бўйича: хорижий банкка — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий-банки мажбуриятлари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига — «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонаси мажбуриятлари бўйича кафолатларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолатлари юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғини замонавийлаштириш ва ривожлантириш лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги ва кейинги йиллардаги инвестиция дастурининг аниқ рўйхатига киритсин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 февралдаги 112-сонли қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 4-сон, 42-модда)
7. Қуйидагилар:
«Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти ушбу контракт доирасида республикага импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналар ва хизматлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилинсин, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно;
хорижий банк, экспорт-кредит агентлиги ва суғурта компаниялари ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлардан ундириладиган даромад солиқлари тўлашдан озод қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти буюртманомаларига биноан, ушбу лойиҳани амалга оширишнинг хорижий қатнашчиларига тегишли равишда кўп марталик келиш визаларининг берилиши, муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 5 декабрь,
466-сон